Меню
Қашқадарё
2020 ЙИЛДА КУТИЛАЁТГАН МУҲИМ 20 ВОҚЕЛИК
Инсон манфаатлари - олий қадрият
Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси ҳамда 2019 йилнинг охирги иш кунида парламент палаталари раҳбарлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари билан учрашувида 2020 йилда кутилаётган муҳим вазифалар ҳақида ҳам айтиб ўтдики, уларнинг барида одамларни ҳаётдан рози қилиш ва фаровонликни янада юксалтириш мақсади кўзлангани аҳамиятлидир. Қуйида уларнинг айримлари хусусида тўхталамиз.
1. 2019 йилда халқимиз фаровонлигини кўзлаб 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармони ва қарорлари қабул қилинган, бироқ ушбу ҳужжатлар ижроси амалда тўла таъминланаяпти, деб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, жорий йилда қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизим шакллантирилади.
2. Ҳозирги вақтда айрим тармоқларда давлат-хусусий шериклик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бошланган бўлса-да, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, йўл қурилиши, коммунал хўжалиги каби йўналишларда, аксарият ҳудудларда ҳали бу борада ташаббус умуман сезилаётгани йўқ. Эндиликда бу борада ҳам янгиликлар бўлади.
3. Ҳудудлардаги экин майдонларида рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш, бино-иншоотларни бетартиб бузиш каби нохуш ҳолатлар инобатга олиниб Парламент, Ҳукумат ва Олий суд қабул қилинаётган қонунлар ижросини таъминлашнинг самарали механизмларини қўллайди.
4. Судлар ва тергов идоралари бирон-бир иш юзасидан чиқарилган қарор бўйича фуқароларнинг жамоавий мурожаатларига тушунтириш ва ҳуқуқий изоҳлар бериши зарур, деб белгиланди.
Шунга мувофиқ, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси 2020 йилда ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан тизимини яратишга бош-қош бўлади.
5. Жамоатчилик назорати, биринчи навбатда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ва транспорт соҳаларида жорий этилади. Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш сифати каби масалалар ҳам жамоатчилик назоратидан четда қолмайди.
6. Оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам "жамият кўзгуси"га айланиши чоралари кўрилади ва ҳар бир давлат органи ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга бўлиши, амалга ошираётган ишлари ҳақида, керак бўлса, ҳар куни батафсил маълумот бериб бориши мажбурий бўлади.
7. Маълумки, қабул қилинаётган қонунлар ислоҳотлар билан уйғун бўлган тақдирдагина ишлайди. Лекин айрим қонунларимиз замон талабларига мос эмаслиги ҳам бор гап. Шунинг учун 2020 йилдан бошлаб Адлия вазирлиги қонунчиликни янгилаш ва тизимлаштириш бўйича мутлақо янги иш услубига ўтади.
8. Ҳар бир соҳа ва йўналиш, таълимнинг барча босқичлари учун ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосланган дастури тайёрланади. Умумтаълим мактаблари учун "Конституция алифбоси", "Конституция сабоқлари", "Конституция асослари" каби дарсликлар яратилади. Адлия, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари бу ишларга масъул бўлади.
9. Сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди. Навбатдаги фармонга биноан эса жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкум афв этилиб, улар эркин ҳаётга қайтарилиши белгиланди. Бу борадаги ишлар 2020 йилда ҳам изчил давом эттирилади.
10. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқилади. Унда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид конституциявий тамойилларни рўёбга чиқариш механизмлари аниқ-равшан белгиланади.
Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари, кадрларни қайта тайёрлаш марказларида "Инсон ҳуқуқлари", "Бола ҳуқуқлари", "Аёллар ҳуқуқлари" номли махсус ўқув курслари жорий этилади.
11. Ўтган йилларда тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видео тасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланган эди.
Бироқ аҳоли билан мулоқотлар ҳуқуқ бузилиши хавфи бўлган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам шундай чораларни қўллаш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолат ҳам мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартиби ўрнатилади.
12. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши керак. Бу суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйилади.
Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтилади. Бу жараёнда инсон омили иштироки иложи борича камайтирилади.
13. 2020 йилдан бошлаб прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилади. Шу орқали суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида мувозанатни, яъни ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш имкони яратилади. Бундай муҳим ўзгариш тажрибамизда биринчи марта жорий этилмоқда.
Прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш бўйича ривожланган демократик мамлакатларда амал қиладиган бундай тажрибани жорий этиш ҳаётимизда адолат мезонини мустаҳкамлашда улкан қадам бўлажак.
14. Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш - устувор вазифа, айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт экан, суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарлик янада кучайтирилади.
15. 33 миллиондан ортиқ Ўзбекистон аҳолисига фақатгина 4 мингта адвокат хизмат кўрсатмоқда. Қолаверса, адвокатларнинг 60 фоизи 50 ёшдан ошган шахслар, улар орасида 30 ёшга тўлмаган ёшлар 70 нафарга ҳам етмайди. Шунга кўра, Адвокатура институтини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади. Ҳеч бир идора адвокатларнинг фаолиятига тўсқинлик қила олмаслиги кафолатланади.
16. Маҳаллий ва хорижий нуфузли экспертлар иштирокида иш олиб борилаётган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳрири қабул қилинади ва у фуқароларимизнинг виждон ва эътиқод эркинлиги борасидаги конституциявий ҳуқуқларини тўла таъминлашга хизмат қилади.
17. Чет элга ишлаш учун фуқароларни жўнатиш билан шуғулланаётган баъзи бир хусусий фирмалар одамларни алдаётгани каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича Ҳукумат таркибидаги Хорижда вақтинчалик меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти назоратни кучайтиради.
Хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан кўрсатилаётган консуллик хизматлари электрон шаклга ўтказилади.
18. 1 январдан бошлаб ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилди. Бу ўзгариш ҳам мулк дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги жиддий қадамлардан биридир.
Компенсация миқдори тўғрисида тарафларда келишмовчилик вужудга келса, энди бундай ҳолатлар фақат суд йўли билан ҳал этилади.
Маълумки, шу пайтга қадар ҳокимлар ердан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган қарорларни ўзлари қабул қилар, вақти келганда эса, уларни ўзлари бекор қилиши ҳам мумкин эди. Бундай масалалар энди фақат судда кўрилади.
Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини ноқонуний чеклаш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда, унга тадбиркор манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.
Соҳада очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун ҳокимларнинг фуқароларга ер бериш ҳақидаги қарорлари тегишли сайтларда эълон қилиб борилади.
19. Дунёдаги энг нуфузли нашрлардан бири бўлган Буюк Британиянинг "Экономист" журнали Ўзбекистонни 2019 йилда энг жадал ислоҳотларни амалга оширган давлат - "Йил мамлакати" деб эътироф этди. Шунингдек, Жаҳон банкининг 2019 йилдаги "Бизнес юритиш" рейтингида ҳам Ўзбекистон энг илғор ислоҳотчи мамлакатлар қаторидан ўрин олди.
Бундай муваффақиятлар 2020 йилда ҳам давомли бўлиши, янада яхшиланиши диққат марказида бўлади.
20. 2020 йилда туристлар оқимини 7,5 миллионга етказиш ва хизматлар экспортини 1,5 миллиард доллардан ошириш чоралари кўрилади.
Умуман, бу борадаги рақамларни истаганча давом эттириш мумкин. Энг асосийси, уларнинг амалга кўчиши, ҳаётда рўёбини топишидир.
Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.