Меню

Қашқадарё

11.01.2019 2262

2019 ЙИЛДА КИМ, ҚАНЧА СОЛИҚ ТЎЛАЙДИ?

Хўш, 2019 йил 1 январдан эътиборан солиқ соҳасида қандай муҳим ўзгариш ва янгиликлар кучга кирди? Бу ўз навбатида солиқ тўловчиларга қандай енгиллик ва қулайлик тақдим этади? Қуйида шулар хусусида сўз юритамиз.

Товар айланмасига қараб таснифланади

Сир эмаски, хўжалик юритувчи субъектларни солиққа тортишнинг 2 хил режими мавжуд. Яъни улар ягона солиқ тўлови ва умумбелгиланган солиқ тўловини тўлайдиганларга бўлинади. Эндиликда бу субъектлар ялпи тушумига кўра таснифланади. Янги тартибга асосан, 2018 йил якуни бўйича йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошмаган юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловини тўлашда давом этади.

2019 йилдан бошлаб, ягона солиқ тўловининг базавий ставкаси 4 фоизни ташкил қилади. Шу билан бирга, солиқ солиш объектига эга бўлган барча ягона солиқ тўловчилар мол-мулк, ер ва сув солиғини тўлашга мажбурдирлар. Улар учун қўшилган қиймат солиғини ихтиёрий асосда тўлаш имконияти сақлаб қолинади.

Ўз-ўзидан равшанки, ўтган йилни 1 миллиард сўмдан зиёд ялпи тушум билан якунлаган юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорлар умумбелгиланган тартибда солиқ тўловини тўлашга ўтади.

Кимлар учун фойда солиғи камаяди?

Юридик шахснинг фойда солиғида асосий ўзгаришлар солиқ ставкаларига ҳамда чегириладиган ва чегирилмайдиган харажатлар таркибига тегишли бўлди. 2019 йилда фойда солиғи ставкаси кўпчилик юридик шахслар учун камайтирилди. Масалан,

- тижорат банклари учун  - аввалги 22 фоиздан 20 фоизга;

- бошқа юридик шахслар учун (айримларидан ташқари) - илгариги 14 фоиздан 12 фоизга. 

Шу билан бирга, цемент (клинкер) ва  полиэтилен грануласи ишлаб чиқарувчи юридик шахслар учун солиқ ставкаси  20 фоизга оширилди.  Илгари бу миқдор   14 фоиз эди.

2019 йилдан дивиденд ва фоиз кўринишдаги даромадларга солиқ ставкаси 10 дан 5 фоизга туширилди. Бунда юридик ва жисмоний шахслар учун тўлов манбаида солиқ солиш тартиби сақлаб қолинди. Норезидентлардан уларга тегишли дивиденд ва  фоизлар бўйича ундириладиган солиқ ставкаси эса ўзгармади - 10 фоиз.

Маҳсулот, ишлар ва хизматлар таннархини пасайтириш мақсадида 2019 йилдан бинолар ва иморатлар учун амортизация меъёрлари 5 фоиздан 3 фоизга камайтирилди. Амортизация нормалари пасайтирилиши хўжалик юритувчи субъект харажатлари қисқаришига ва фойдаси ўсишига олиб келади.

Юридик шахс ер солиғи ўзгарди

Жорий йилда юридик шахслар мол-мулки солиғи ставкаси ҳам 5 фоиздан 2 фоизга камайди. Ушбу солиқ тўловчиларнинг ер солиғи ставкаси эса 1,2 баравар оширилди.

2019 йилда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ўртача 1,2 баравар индексация қилинди.

Соддалаштирилган ҚҚС

1 январдан бошлаб ялпи тушуми уч миллиард сўмдан ошмайдиган корхоналар учун қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби амал қилади. Ушбу ўзгариш кичик бизнес субъектлари ҚҚС солиғини тўлаши ва мазкур солиқ бўйича ҳисоб-китобларни соддалашган тартибда олиб боришда кўникма ҳосил қилиши учун киритилмоқда.

Бундан ташқари, бу тартиб 2021 йилнинг 1 январига қадар жорий этилиб, ўтиш чораси ҳисобланади ва солиқ маъмуриятчилиги сифатини яхшилаш учун асос шакллантириш имконини беради. Солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ихтиёрий бўлиб, корхоналар қўшилган қиймат солиғи тўлашнинг умумбелгиланган тартибига ўтишлари мумкин бўлади.

Жисмоний шахслар даромади ортади

Меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг солиқ юкини кескин камайтириш мақсадида 2019 йилдан амал қилаётган 4 поғонали солиқ шкаласи ўрнига ягона 12 фоизли ставка қабул қилинди. Шунингдек, солиқ солишдан тўлиқ озод қилинган жисмоний шахслар рўйхати қисқартирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва маъмурий органлар ходимларининг даромадини солиққа тортиш белгилаб қўйилди.

2019 йилдан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ушлаб қолинадиган 8 фоизли суғурта бадаллари ҳам бекор қилинди. Бу ўзгариш ҳамда жисмоний шахслар даромад солиғи ягона ставкаси ўрнатилиши ишловчилар қўлида кўпроқ маблағ қолишига имкон яратади.

Ягона ижтимоий тўлов ставкалари белгиланди

Бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, шунингдек, устав фонд (капитал)идаги улушининг 50 фоизидан ортиғини давлат улуши ташкил этувчи юридик шахслар 25 фоиз миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўлайди. Бошқа солиқ тўловчилар учун эса ушбу ставка 12 фоиз этиб белгиланди.

Шунингдек, 2019 йил 1 январдан бошлаб давлат  мақсадли жамғармаларига 3,2 фоиз ставкадаги мажбурий ажратмалар бекор қилинди.

Солиқ қарзи пластик картадан ундирилмайди

Яна бир жиҳати, 2019 йилгача амалда бўлган бир қатор тартиблар бекор қилинди. Эндиликда чакана савдо корхоналарида ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори ЯТТдан кам бўлмаслиги қоидаси амал қилмайди. Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори ер солиғининг 3 каррасидан кам бўлмаслиги ҳақидаги тартиб ҳам ўз кучини йўқотди. Жорий йилдан бошлаб улгуржи савдо корхоналари 5 фоиз бўнак тўлови тўламайди. Илгари юридик шахсларнинг юк машиналари учун ЯТТдан кам бўлмаган миқдорда солиқ тўлаши тўғрисидаги нормага риоя қилинган бўлса, энди бу бекор бўлди. Бундан ташқари, солиқдан қарзи бўлганда жисмоний шахсларнинг пластик карточкаларидан ЭКОИҲнинг 2 баравари миқдоригача мажбурий ундириш тартиби мавжуд эди. Жорий йилдан бошлаб бунга йўл қўйилмайди.

Қарздорларга нисбатан чора кучаяди

Солиқ кодексининг 120-моддасига ўзгартириш киритилиб, солиқ қарздорлиги учун ҳисобланадиган пеня миқдори 0,033 фоиздан 0,045 фоизга оширилмоқда. Агар пеняни ҳисоблаш солиқ текшируви натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилса, 0,06 фоиз қилиб белгиланди.

Тегишли қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгаришга асосан, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ўрнига ҳамда мобиль алоқа хизматига  акциз солиғи жорий  этилмоқда. Республика йўл фондининг тугатилиши муносабати билан Солиқ кодексидаги Республика йўл жамғармасига йиғимлар номи автотранспорт йиғимлари деб ўзгартирилмоқда.

Солиқ текширувининг янги тури қўлланади

Солиқ кодексининг 68-моддасига киритилаётган ўзгаришларга асосан, давлат солиқ хизмати органларида мавжуд бўлган солиқ солиш объектлари ва у билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари заруратга қараб, лекин йилига кўпи билан бир марта солиқ тўловчида кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказишни амалга оширишга ҳақли. Тафовутлар аниқланган тақдирда кейинчалик солиқ солинадиган базага тузатишлар киритилади.

Солиқ кодексига текширувнинг янги тури - мавзули экспресс-ўрганиш жорий этишни назарда тутувчи янги 712-модда киритилди. Мавзули экспресс-ўрганиш камерал назорат натижалари бўйича жойига чиққан ҳолда солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун амалга оширилади.

Солиқ кодексининг 71-моддаси ("Нақд пул тушуми келиб тушишининг хронометражи")га ҳам ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда бу модда "Хронометраж кўздан кечириш" деб номланади. Яъни солиқ хизмати ходимлари томонидан нафақат нақд пул тушумлари ҳажмлари, балки ишлаб чиқариш ҳажмлари ва товар (иш, хизматлар) реализация қилиш ҳажмлари ҳам мониторинг қилинади (ўрганилади). Бунда хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати етти календарь кундан ортиқ бўлмаслиги керак.

Янги солиқ ислоҳоти солиқларни соддалаштириш, солиқ юкини тенг тақсимлаш, бизнесни хуфиёна иқтисодиётдан очиқ ишлашга чиқариш, инвестиция жозибадорлигини оширишда ёрдам беради.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда М.ШУҲРАТОВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!