Меню
Қашқадарё
2017 ЙИЛНИНГ ИККИНЧИ ЯРМИДА ТАЛАБ ЮҚОРИ БЎЛАДИГАН МАҲСУЛОТЛАР РЎЙХАТИ ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ
Қайд этилишича, ушбу рўйхат Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига мувофиқ, Иқтисодиёт вазирлиги томонидан бошқа вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда йирик саноат корхоналари таклифлари асосида ишлаб чиқилган. Мазкур рўйхатдан тегишли даврда ўзлаштириш ва етказиб бериш тавсия этилган 40 мингдан зиёд маҳсулотлар жой олган.
Бу янгилик мамлакатимизда фаолият юритаётган, ишлаб чиқаришга сармоя йўналтиришга тайёр, ўз маҳсулоти учун истеъмолчи қидираётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун кенг қулайлик туғдириши билан аҳамиятли экани айтилади. Зеро, эълон қилинган рўйхатга киритилган маҳсулотлар республика иқтисодиётининг етакчи тармоқлари корхоналарида доимий юқори талабга эгадир. Рўйхат билан танишиш давомида нефть-газ, кимё, тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, машинасозлик каби соҳалар учун зарур тайёр маҳсулотлар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, материалларга устувор ўрин ажратилганини кўриш мумкин.
Таклиф этилажак маҳсулотларнинг нарх-навоси ва техник параметрлари маъқул келган тақдирда, уларни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан 2017 йил иккинчи ярим йиллигида харид бўйича шартномалар тузилиши айтиб ўтилган. Маҳсулотни ўзлаштириш ва етказиб бериш бўйича буюртманомаларни қўлга киритиш учун Иқтисодиёт вазирлигининг махсус электрон почта манзилига (zakaz[at]mineconomy.uz) тегишли тартибда тўлдирилган талабнома юбориш кераклиги билдирилган. Келиб тушган барча талабномалар тегишли истеъмолчи-ташкилотлар томонидан кўриб чиқилади.
Таъкидлаш жоиз, ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, зарур материаллар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилишини янада ривожлантириш, шу мақсадда йирик саноат корхоналари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада тегишли дастурлар доирасида кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилаяпти.
Мисол учун, Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 11 февралдаги "2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида"ги қарорига кўра, ўтган йили вилоятимизда 10 лойиҳа асосида 114,7 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Хусусан, бу даврда лойиҳа ташаббускорлари томонидан крахмал, тепловозлар учун радиаторлар ва радиатор элементлари, спорт тренажёрлари, кир ювиш воситалари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Амалга оширилган ишлар натижасида эса 33,5 миллион АҚШ доллари миқдорида эркин айирбошланадиган валюта иқтисод қилинишига эришилган.
М.ШУҲРАТОВ