Меню
Қашқадарё
2017 ЙИЛ ВИЛОЯТИМИЗ ҲАЁТИДА НИМАСИ БИЛАН ЭСДА ҚОЛДИ?
ПРЕЗИДЕНТ ТАШРИФИ
Жорий йил аввалида, яъни 24-25 февраль кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида вилоятимизга ташриф буюрди.
Ташриф давомида Юртбошимиз вилоятнинг келгуси тараққиётига хизмат қиладиган саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, коммуникация, тиббиёт, спорт, маданият соҳаларига оид кўплаб йирик лойиҳалар билан танишиб, уларни амалга ошириш бўйича ўз кўрсатмаларини, маслаҳатларини берди. Давлат раҳбарининг одамлар билан самимий мулоқотлари воҳа аҳлига катта хурсандчилик бағишлади.
ИСЛОМ КАРИМОВ ҲАЙКАЛИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан вилоятимиз марказида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ёдгорлик мажмуаси барпо этилди.
Мажмуа атрофида ранго-ранг гуллар ва фавворалардан иборат гўзал сайлгоҳ бунёд бўлди. Сайлгоҳ марказида Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилади. Мажмуа яқин кунлар ичида очилиши мўлжалланган.
АБДУЛЛА ОРИПОВ МАКТАБИ ИШ БОШЛАДИ
Бу йил вилоятимизда амалга оширилган аксарият лойиҳаларни Президентимизнинг ташрифи билан боғламасдан илож йўқ. Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш ташаббусини ҳам Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида берган эди. Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида жойлашган Баркамол авлод болалар маркази ёнида қад ростлаган мактабда жорий ўқув йилида 5-, 6-, 7-, 8-синфларга 30 нафардан ўқувчилар қабул қилиниб, дарс жараёнлари бошлаб юборилди.
Шунингдек, мактаб ёнида севимли шоиримиз ҳайкали қад ростлайди. У яқин кунлар ичида очилиши кутилмоқда.
АҚИДА МАКТАБИ ФАОЛИЯТ КЎРСАТМОҚДА
Президентимиз ташаббуси билан Қарши тумани Қовчин қишлоғида калом илмининг буюк дарғаларидан бири Абул Мўъийн ан-Насафий обидаси тубдан таъмирланди. Бироз аввал эса Абул Мўъийн ан-Насафий номидаги ақида мактаби иш бошлади.
НАМУНАВИЙ УЙ-ЖОЙЛАР СОНИ 9301 ТАГА ЕТДИ
2017 йил давомида вилоятимизда намунавий лойиҳалар асосида 1523 та уй-жой барпо этилди. Уларнинг 248 тасини кўп қаватли 2 ва 3 хонали, 410 тасини 1 қаватли 2 ва 3 хонали (0,02 га), 448 тасини 2 қаватли 4 хонали (0,04 га) янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги арзонлаштирилган уй ташкил этди.
“Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ Қашқадарё филиали томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, вилоятимиз аҳолисининг янги уй-жойларга бўлган талабидан келиб чиқиб, йил бошида белгиланган дастурга қўшимча равишда яна 200 та ана шундай уй-жойлар барпо этилмоқда.
Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, бу билан вилоятимиз ҳудудида бундай типдаги барча уй-жойлар сони 9301 тага етади.
ЙЎЛ ҚУРИЛИШИ
Жорий йилда вилоятимизда йўлсозлик борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилди. Жумладан, 370,41 километр ички хўжалик йўлларида, 110 километрдан ортиқ умумий фойдаланувдаги, маҳаллий ва давлат аҳамиятидаги йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
ВИЛОЯТДА ИЛК ХУСУСИЙ БОҒ
Қарши шаҳри марказида янги истироҳат боғи фойдаланишга топширилди. У вилоятимиздаги биринчи хусусий боғ эканлиги билан эътиборга молик.
“Асинза-БЗ” масъулияти чекланган жамияти томонидан барпо этилган боғда 30 дан ошиқ замонавий аттракционлар билан биргаликда бир нечта спорт майдончалари, дунёга машҳур архитектура биноларининг кичик макетлари, ҳайкаллар, фавворалар қурилган, манзарали гул ва дарахтлар экилган.
ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРИГА – ЯНГИ УЙ ВА ХИЗМАТ МАШИНАСИ
Президентимиз ташаббуси билан профилактика инспекторларининг осойишталикни таъминлаш ва фуқароларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоялашдаги масъулиятини ошириш, бунинг учун уларга барча шарт-шароитларни яратиб бериш борасида кенг қамровли ишларга қўл урилди.
Хусусан, йил давомида вилоятимиздаги барча (616 нафар) профилактика инспекторалари имтиёзли кредит асосида сотиб олинган енгил автомашиналарга эга бўлишди. Шунингдек, уларга ўзлари хизмат қилаётган ҳудуддан хизмат уйлари берилди.
ДЕҲҚОНЛАРИМИЗНИНГ ЮКСАК МАРРАСИ
Қишлоқ хўжалигида улкан салоҳиятга эга бўлган вилоятимизда бу йил ҳам пахта, ғалла ва мева-сабзавотчилик фаолияти эвазига улкан ҳосил яратилди.
Хусусан, 144,2 минг гектар майдонда ғалла парваришлаган воҳамиз деҳқонлари 1 миллион тоннадан зиёд ғалла хирмонини бунёд этишган бўлса, 153 минг 500 гектар ерда парваришланган ғўзадан давлатга республикамиз бўйича энг кўп – 420 минг тонна сифатли пахта хомашёси сотилди.
ЯНГИ КОРХОНА, ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ
Жорий йилда кўплаб янги саноат корхоналари ишга туширилгани ҳам эътиборга моликдир. Улар энг сўнгги технологиялар билан жиҳозлангани, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир экани билан ажралиб туради. Хусусан, Яккабоғ туманида енгил саноат йўналишидаги “Воҳа текстил”, мева-сабзавотни қайта ишлаш йўналишидаги “Делта муҳандис”, Қарши шаҳрида терини қайта ишлашга мўлжалланган “Қарши лезер” каби йирик корхоналарнинг иш бошлаши вилоятимиз саноатининг янада юксалишини таъминлаб берди.
ЖАҲОНГИР тўплади.