Меню

Қашқадарё

31.12.2016 2519

2016 ЙИЛ ВИЛОЯТИМИЗ ҲАЁТИДА

 

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ ВА МУНОСИБ ИШТИРОК

4 декабрь куни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён - Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Сайловда вилоятимиздан рўйхатга олинган 1 миллион 951 минг 62 нафар сайловчидан 1 миллион 732 минг 847 нафари, яъни сайловчилар умумий сонининг 88,35 фоизи қатнашди. Бу юртдошларимизнинг ўз келажагига бўлган юксак ишончи ва мамлакатимиз сиёсий ҳаётига дахлдорлик ҳиссининг юқори эканини яна бир бора тасдиқлади.

Жорий йилги сайлов мустақил мамлакатимиздаги Президент сайловларининг бешинчисидир. Бундан олдин, 1991, 2000, 2007 ва 2015 йилларда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловлари бўлиб ўтган эди.

МАҲАЛЛА ОҚСОҚОЛЛАРИ САЙЛАНДИ

Май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг  сайлови бўлиб ўтди.

Мазкур сайловда вилоятимизда 660 нафар йиғин раислари ва уларнинг 6 минг нафардан зиёд маслаҳатчиси сайланди.

Айтиб ўтиш жоиз, 2004 йил 29 апрелда қабул қилинган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги Қонун асосида уч маротаба оқсоқоллар сайлови ўтказилди. 2013 йилда эса мазкур Қонун  янги таҳрирда қабул қилиниб, унга асосан сайловни ўтказишнинг аниқ механизмлари жорий этилди.

Янги тартиб асосидаги илк сайлов 2013 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтган эди. Жорий йилги фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови эса бу борадаги иккинчи сайловдир.

ПАРАЛИМПИЯЧИЛАРНИНГ ОЛАМШУМУЛ ЮТУҒИ

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегацияси 8 та олтин, 6 та кумуш ва 17 та бронза медалини қўлга киритиб, 200 га яқин мамлакат орасида умумий натижаларга кўра 16-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, мусобақа давомида паралимпиячиларимиз 6 та жаҳон, 7 та паралимпиада ва 12 та Осиё рекордини ўрнатишди.

Ушбу нуфузли мусобақада вилоятимиздан 5 нафар спортчи иштирок этган бўлса, улар жами 7 та, яъни 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза медалларига эга чиқишди.

ҚАРШИ КУРАНТИ ҚАД РОСТЛАДИ

Қарши шаҳрининг Мустақиллик ва Ўзбекистон кўчалари чорраҳасида муҳташам курант барпо этилди.

12 метр диаметрдаги айлана билан ўралган курантда соатни тўрт томондан ҳам кўриш имкони мавжуд. Курант устуни 3,7х3,7 метр ўлчамда бўлиб, баландлиги 29,5 метрни ташкил этади.

«ЛОЧИН» - ЭНГ НАМУНАЛИ БОЛАЛАР ОРОМГОҲИ

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан 2016 йилги мавсумдаги энг намунали оромгоҳлар, уларда фаолият юритган ходимлар, мавсумни ташкил этишда энг фаол иштирок этган ҳомий ташкилотлар аниқланди.

Танлов натижаларига кўра, "Шўртан газ-кимё  мажмуаси" МЧЖга қарашли "Лочин" болалар оромгоҳи энг намунали болалар оромгоҳлари қаторидан ўрин олди. Шунингдек, вилоятимиз вакиллари яна 9 та номинация бўйича алоҳида эътироф этилдилар.

Қайд этиб ўтиш жоиз, 2015 йилги мавсум якуни бўйича ўтказилган танловда ҳам "Лочин" оромгоҳи йилнинг энг яхши оромгоҳи деб топилган эди.

ПРОФЕССИОНАЛ БОКС КЕЧАСИ

Қарши шаҳрида илк маротаба профессионал бокс кечаси ташкил этилди.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб ташкил этилган кечада жами 9 та жанг ўтказилди, унда юртимиз чарм қўлқоп усталаридан ташқари, Қозоғистон, Грузия ва туркманистонлик спортчилар ҳам рингга кўтарилди.

ТУРИЗМ САЛОҲИЯТИ НАМОЙИШИ

Жорий йилнинг 5-7 октябрь кунлари Тошкент шаҳридаги "Ўзэкспомарказ"да бўлиб ўтган навбатдаги "Ипак йўлида туризм" номли XXII Тошкент халқаро туризм ярмаркасида вилоятимиздан 60 га яқин туристик ташкилот ва меҳмонхоналар вакиллари, ҳунармандлар ва фольклор этнографик гуруҳлардан иборат жамоа иштирок этиб, воҳанинг ўзига хос маданияти, туристик салоҳиятини намойиш этди.

Туристик ташкилотлар ва меҳмонхоналар томонидан келгусида ҳамкорлик қилиш мақсадида 500 дан ортиқ шартномалар имзоланди.

ЯНГИ МАДАНИЯТ ВА ДАМ ОЛИШ МАРКАЗЛАРИ

Нишон туманидаги Пахтазор қишлоғида Чўли Бегимқулов номли маданият ва аҳоли дам олиш маркази капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Худди шундай марказлар Чироқчи, Китоб ва Деҳқонобод туманларида ҳам ишга тушди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги "2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида вилоятимизда шу кунга қадар фойдаланишга топширилган маданият ва аҳоли дам олиш марказларининг сони 20 тани ташкил этмоқда.

МУҲАББАТ ШАРАПОВА - ЎЗБЕКИСТОН ҚАҲРАМОНИ

Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида яна бир вилоятимиз вакили давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлди.

Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси Муҳаббат Шарапова Биринчи Президентимизнинг фармонига кўра "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирланди. У истиқлол йилларида "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони, Ўзбекистон Республикаси "Фахрий ёрлиғи", "Меҳнат шуҳрати" ордени ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвони билан ҳам тақдирланган.

Бу фидойи муаллима қарийб ярим асрдан буён ўрта мактабда болаларга математика фанидан дарс беради. Кўплаб илмий қўлланмалар муаллифи. Ўндан зиёд ўқувчиси халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди. 17 нафари эса Республика фан олимпиадалари ва билимлар беллашувларида муваффақиятли иштирок этиб, билим ва салоҳиятини намойиш этди.

SOHIBQIRON.UZ САЙТИ ИШГА ТУШДИ

Буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 680 йиллиги муносабати билан sohibqiron.uz сайти яратилди.

Сайтда Амир Темурнинг таржимаи ҳоли, давлат бошқаруви хусусида тарихчи олимларнинг илмий манбалари, тарихий асарлардан олинган маълумотлар ва видеолавҳалар жой олган.

ЯНГИ ТАЪЛИМ МАСКАНЛАРИ

Йил давомида вилоятимизда 8 та янги мактаб биноси қурилди. Шунингдек, 10 та мактаб биноси мукаммал таъмирланди. 25 та мактаб биносида эса реконструкция қилиш ишлари олиб борилди. 18 та мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланиб, тўлиқ қайта жиҳозланди.

Мустақиллик йилларида  вилоятимизда 162 та мактаб янгидан қурилди. 614 та мактаб мукаммал, 832 таси капитал таъмирланди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, 2017 йилда яна битта мактаб қурилиши, 8 та мактаб ва 14 та мактабгача таълим муассасаси мукаммал, 30 та мактаб ва 8 та мактабгача таълим муассасаси эса капитал таъмирланиши режалаштирилган.

ТАРИХИЙ КЎПРИК ЗАМОНАВИЙ ҚИЁФА КАСБ ЭТДИ

2016 йилда вилоятимизда амалга оширилган муҳим бунёдкорлик ишларидан бири Қашқадарё дарёси устидаги Амир Темур кўпригининг замонавий талаблар асосида қайта таъмирланиб, унинг атрофи гўзал мажмуага айлантирилиши бўлди.

Дарёда учта тўғон қурилиб, унинг қирғоқларида гўзал хиёбон бунёд этилди. Соҳил бўйлаб кемалар тўхтайдиган тўртта пункт қурилиб, ёритиш устунлари ўрнатилди. 51 катамаран, 2 туристик катер ва 4 аттракцион келтирилди. Дарё қирғоғи бўйлаб 14 коттеж, 4 кафе-бар, болалар майдончалари, 4 сунъий қопламали спорт майдончаси барпо этилди, минглаб манзарали дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилди.

ЗАМОНАВИЙ ҚИШЛОҚЛАР СОНИ КЎПАЙДИ

Йилдан-йилга аҳоли турмуш фаровонлиги ортиб, ҳудудларда намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар қуриш суръати ва кўлами кенгайиб бормоқда. 2016 йилда вилоятимиздаги қишлоқ жойларда 1526 та намунавий лойиҳадаги уйлар барпо этилди.

Бу билан вилоятимиз ҳудудидаги намунавий уй-жойлар 7578 тага етди. Улар 98 та массивда қад ростлаган.

ЭНГ ЯХШИ ХОР ЖАМОАСИ

Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ўтказилган кўрик-танловда Қарши санъат коллежи қошида ташкил этилган хор жамоаси "Энг яхши хор жамоаси" деб топилди.

Шунингдек, кўрик-танловда жамоа яккахони Шеҳруза Омонова  "Энг яхши вокал ва хор ижрочиси" йўналишида тенгсиз деб топилган бўлса, жўровоз Дилфуза Такабоева "Энг яхши чолғу асарлари ижрочиси" номинацияси ғолиби бўлди.

***

Умуман, бу каби вилоятимиз, воҳа аҳли ҳаётига оид муҳим воқеалар ўтаётган йилда жуда кўп бўлди. Турли савдо, хизмат кўрсатиш нуқталари, ишлаб чиқариш субъектларининг ишга туширилиши, йўл ва кўприклар қурилиши, қишлоқ хўжалигига оид ютуқлар, маънавий-маърифий тадбирлар - уларни санаб адо қилиб бўлмайди. Истагимиз, 2017 йилда ҳам бизни ана шундай ютуқлар, юксалиш, фаоллик ва энг муҳими фидойилик тарк этмасин.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!