Меню
Қашқадарё
2016 йил шиори: “ДИАБЕТНИ ЕНГАМИЗ”
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозир сайёрамизда 320 миллиондан кўпроқ инсон қандли диабет хасталигидан азият чекмоқда. Агар ўз вақтида самарали чоралар амалга оширилмаса, бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб, жамият тараққиётига жиддий рахна солиши мумкин.
- Қандли диабет (лотинча diabetes mellitus) – эндокрин касалликлар турига мансуб бўлиб, инсулин гормонининг тўлиқ ёки қисман етишмовчилигидан келиб чиқади, - дейди вилоят эндокринология диспансери диабетология бўлими шифокори Адолат Мўминова. - Натижада қонда гипергликемия – глюкоза миқдорининг давомли ортиб бориши кузатилади. Касаллик сурункали давом этиши ва организмдаги моддалар алмашинув жараёнлари (углевод, ёғ, оқсил, минерал ва сув-туз алмашинуви)нинг бузилиши билан тавсифланади. Қадимда қандли диабет касаллиги танада суюқлик ушлаб қолиш хусусиятининг йўқолиши билан кечадиган патологик ҳолат сифатида кўрилган.
Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида қуйидагиларни баён этади: Диабет ёмон касаллик бўлиб, танадан кўп миқдорда суюқлик чиқиб кетади ва ичилган суюқликдан керакли бўлган намликнинг танага сингишига қаршилик кўрсатади. Беморда эса беҳоллик ва аъзои баданининг қуруқ бўлиб қолиши кузатилади. Бунинг сабаби буйраклар ҳолатига боғлиқ.
- Инсулин гормони организмда қанчалик етишмаса, қондаги қанд миқдори ошиб боради ва натижада углеводларнинг тўқималарга етиб бориши қийинлашади, - дейди Адолат Мўминова. - Инсулин етишмаслиги батамом ёки нисбатан бўлади. Инсулин батамом етишмаслиги, яъни қандли диабетнинг I тури кўпроқ болалар ва ўсмирларда кузатилса, катталарда касалликнинг II тури кузатилади. Бу турнинг келиб чиқиш сабаблари нотўғри овқатланиш, яъни тўйиб овқат еб ётиш, сурункали алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш, кам ҳаракатлилик, ортиқча вазн (семизлик натижасида ошқозон ости бези орқали инсулин гормонини ишлаб чиқариш камаяди ва қонда қанд миқдори ошиб кетади) билан боғлиқ. Шунингдек, бу касаллик наслдан наслга (ота-онадан, яқин қариндошлардан) ўтиши ҳам кузатилади.
Маълумотларга кўра, диабет билан беморлар антик даврда ҳам, ўрта асрларда ҳам касалланган. Аҳамиятлиси ўша давр табиблари касаллик ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлган. Улар бундай беморларни оч қолдириш, жисмоний тарбия ва шифобахш ўсимликлардан тайёрланган доривор воситалар ёрдамида даволашган.
- Замонавий тиббиётда эса даво воситаларини танлашда касалликнинг оғир-енгил кечиши, асоратлари бор-йўқлиги ҳисобга олинади, - дейди Адолат Мўминова. - Чунончи, беморда ирсият сабабли ёшлик пайтида инсулин етишмаганида унинг ўрнини босиш мақсадида инсулин юборилади. Кексалар ва кўпроқ тўла кишиларга кўпинча парҳез буюрилади. Ёғли овқатлар миқдори камайтирилади. Касаллик зўрайиб кетганда беморга сариёғ ва бошқа ёғ маҳсулотлари берилмайди. Овқат калориясининг деярли 20 фоизи оқсиллардан иборат бўлиши керак.
Олимлар олиб борган сўнгги тадқиқотларга қараганда, гўдаклигида сунъий озиқлантирилган инсонлар қандли диабетга кўпроқ мойил экан. Қандли диабет баъзи бир сурункали касалликлар (грипп, қизилча, қизамиқ, аллергия) таъсирида ҳам ривожланиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса болаларни гўдаклигидан жисмоний чиниқтириш, юқумли касалликларга қарши вақтида эмлатиш зарур.
Мутахассислар фикрича, қандли диабет касаллигини узоқ давом этадиган руҳий зўриқиш, доимо бирон нарсадан безовталаниш, сабабсиз қўрқув, ваҳима каби ҳислар ҳам келтириб чиқариши мумкин. Касалликлардан йироқ бўлишни истасангиз, соғлом турмуш тарзига амал қилинг, тўғри овқатланиш ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни кундалик одатга айлантиринг.
Шоҳиста БОЗОРОВА.