Меню
Қашқадарё
2 ЙИЛГА ТЎХТАТИЛГАН ТЕКШИРУВЛАР
Маълумотларга қараганда, вилоятимизда жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатида 2 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар жами 406 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Албатта, бу юртимизда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланишига, хўжалик юритувчи субъектларнинг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланишига кўмак бўлаяпти.
Бундан ташқари, тарихий Мурожаатномада назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши фаолияти давр талабига жавоб бермаётгани, барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш 2 йилга тўхтатилиши қайд этилди. Бу эса текширишлар вақтида тадбиркорларнинг бир ойлаб текширувчи билан овора бўлишининг олдини олади. Текшириш материалларини кўриб чиқиш учун солиқ идораларига, айрим ҳолларда маъмурий жавобгарлик қўлланилиши юзасидан иқтисодий судларга қатнашига чек қўйилади. Тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий, унинг раҳбарига нисбатан қўлланиладиган маъмурий жавобгарлик тўхтатилади. Шу каби кайфиятга салбий таъсир кўрсатиш ҳолатларига барҳам берилиб, тадбиркорлик субъектининг самарали фаолият юритиши учун янада кенгроқ имконият яратилади.
Айтиш керакки, 2018 йилда вилоятда жами 305 та хўжалик юритувчи субъект молиявий хўжалик фаолиятини текшириш режалаштирилган эди. Текширишларнинг тўхтатилиши эндиликда солиқ идоралари ходимларини текшириш учун сарф бўладиган вақтларини бюджетга маблағларни ўз вақтида сафарбар этишга, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
Умуман олганда, юртбошимизнинг Мурожаатномаси фаолиятимизни сифат жиҳатдан яхшилаш ва натижадорлигини юксалтириш учун янгича ёндашувни жорий этишга ундади.
Сирожиддин ЭШМАТОВ,
вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари