Меню
Қашқадарё
2 ЙИЛ АВВАЛ 50 ДАН ЗИЁД ЭДИ, ЭНДИ 150 ДАН КЎП
Юртимизда ҳам ҳозирда айни йўналишда қизғин ишлар кетаяпти. Ўзбекистон чет эллик инвесторларга ўз эшикларини кенг очган. Рекламаю тарғибот борми, ҳамма чораси кўрилаяпти. Асосийси, ажнабий тадбиркорда мустаҳкам ишонч уйғотувчи бизнес муҳити бир қадар шакллантирилди. Баъзан кутиб ўтирмай, ҳатто ўзлари бориб олиб келишаяпти ўша хорижлик ишбилармонни. Мақсад - халқ хўжалигининг оқсаётган соҳаларини кўтариш, жон киргизиш, мавжуд имкониятни оқилона ишга солиш.
Астойдил қилинган иш натижа бермай қолмайди, албатта. Жорий йилнинг дастлабки олти ойида мамлакатимизда 1715 та янги хорижий сармоя иштирокидаги корхона ташкил этилгани бунга ёрқин мисол. Биргина вилоятимизда эса ушбу кўрсаткич 61 тага тенг бўлгани, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бу субъектлар 89 тага кўпайгани ҳам кўп нарсага ишора. Узоққа бормайлик, бор-йўғи 2 йил аввал воҳамизда чет эл сармояси асосида ишлаётган корхоналар сони нари борса 50 тадан ошарди, холос. Энди улар 150 тадан ортиқ. Самарали ишлаш учун қулай шароит, мақбул ишчи кучи, муҳими, етарли хомашё базаси мавжудлиги каби омиллар ҳам инвесторларни шунчаки бефарқ бўлишга қўймаяпти.
Маълумотларга кўра, вилоятимизда инвестициявий фаолият юритиш борасида Хитой (мазкур мамлакат сармояси иштирокида 24 та корхона ишлаяпти), Россия (21), Афғонистон (14), Корея (13) ва Қозоғистон (11) сармоядорлари етакчилик қилаяпти. Сўнгги вақтда улар сафига Европанинг қатор мамлакатлари, узоқ юртлар ишбилармонлари ҳам қўшилаётгани аҳамиятлидир. Ҳозирда ҳудуддаги 115 та корхонада қўшма фаолият, яъни маҳаллий тадбиркорлар билан биргаликда ҳамкорлик олиб борилаётган бўлса, 36 та корхона иши тўлиқ хорижий сармояга асосланган.
Ҳудудлар кесимида олсак, чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми (43 таси) Қарши шаҳрида жойлашган. Салмоқдорлик бўйича кейинги ўринда Китоб (13 та) ва Нишон (12 та) туманлари бораяпти. Илгари Миришкор тумани бундай корхона умуман ташкил этилмаган ягона ҳудуд саналган бўлса, ҳозирда бу ерда ҳам давлат рўйхатидан ўтган 4 та тадбиркорлик субъектига хорижий сармоя жалб этилмоқда. Шунингдек, Қарши туманида бултур шу пайтда хорижий сармоя қатнашган 6 та корхона мавжуд эди. Эндиликда бу миқдор ижобий томонга жиддий яхшиланган.
- Бугунги кунда ҳудудимизда давлат рўйхатидан ўтган хорижий сармоя иштирокидаги 12 та корхона бор, - дейди Қарши тумани ҳокимининг ўринбосари Фаррух Шаропов. - Уларнинг бир қисми тўлақонли фаолият кўрсатаяпти, айримлари иш бошлаш арафасида. Ушбу корхоналарнинг ҳудуд иқтисодиётида беқиёс ўрин тутаётганини рад этиб бўлмайди. Айтайлик, туман бўйича амалга оширилаётган экспорт ҳажми, саноат ишлаб чиқариши катта улуши улар ҳиссасига тўғри келади. Бундай корхоналар кўпайгани ҳудудга жалб этилаётган хорижий инвестициялар суръати ўсишига ҳам туртки бераяпти. Айни вақтга қадар шу турдаги субъектлар томонидан жами 11,7 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилингани фикримиз тасдиғидир.
Мутасаддининг сўзларига қараганда, мазкур сармоянинг салмоқли қисми нафақат вилоят, балки республика енгил саноатида ўзини кўрсатишга улгурган "LT Textile International" корхонасига тегишли. Қиймати бир неча юз миллион АҚШ долларига баҳоланган истиқболли лойиҳанинг илк босқичида пахта толасини қайта ишлаб, ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилган корхонада кейинги жараёнларни фаоллаштиришга киришилган. Яъни 2020 йилда замонавий текстиль мажмуасида аралаш мато тайёрлаш қуввати ишга туширилиши лозим. Бунинг учун 120 миллион АҚШ доллари сарфлаш мўлжал қилинган. Қўшимча равишда 650 та янги иш ўрни яратилади. Маълум бўлишича, хорижлик сармоядорлар мато тўқиш фабрикаси қурилишини аллақачон бошлаб юборишган. Эътиборлиси, лойиҳанинг бу босқичи тўла бажарилса, хорижий корхонада йилига 12 миллион квадрат метр ярим тайёр маҳсулот - мато ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлади.
Бундан ташқари, Қарши туманида Жанубий Корея сармояси иштирок этган "Century-JV" қўшма корхонаси томонидан совутиш ва иситиш тизими (чиллер) ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, замонавий андаза асосида хизмат кўрсатувчи меҳмонхона, савдо ва ўқув марказини барпо этиш кўзда тутилган. Лойиҳага 2,5 миллион АҚШ доллари эквивалентида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинади. Қолаверса, Тожикистон сармояси негизида ташкил этилган "Elpay" қўшма корхонасида савдо терминаллари ишлаб чиқариш, Туркия капитали асосида иш бошлаган "Benefit gisht" қўшма корхонасида ғишт заводини фойдаланишга топшириш мақсад қилинган. Яна бир янги субъект - "Соф хизмат кўрсатиш комплекси" қўшма корхонаси ҳам Туркия сармоядорлари билан олиб борилган самарали ҳамкорлик маҳсулидир. Инвесторлар хизмат кўрсатишни асосий фаолият йўналиши этиб танлаган. Қарийб 7,5 миллиард сўм маблағ эвазига ҳудудда автокемпинг хизмати ташкил этилиши лозим. Чет эл ишбилармони бунга ўзидан 300 минг АҚШ доллари қўшаяпти. Замонавий қувват Қарши тумани Боғобод маҳалласи ҳудудида қад ростлайди.
Чет эл инвесторлари асосан вилоят иқтисодиётининг қайси соҳаларига сармоя киритишга қизиқиш билдираётгани ҳам қизиқ, албатта. Статистика кўрсатишича, воҳамизда иш олиб бораётган хорижий сармоя иштирокидаги корхоналарнинг қарийб 90 таси фаолияти саноат тармоғига ихтисослашган. 22 та субъект эса аграр секторни ўзи учун устувор йўналиш этиб белгилаган. 17 та корхона савдодан, 8 таси қурилишдан, 6 таси яшаш ва овқатланиш хизмати кўрсатиб даромад топаяпти. 3 та корхона эса ташиш ва сақлаш фаолияти билан машғул.
2019 йил майида давлат рўйхатидан ўтган "Global agro industrial invest" хорижий корхонаси истиқболдаги фаолияти қамрови фақат бир йўналиш билан чекланмаган. Германиянинг йирик компанияси сармояси асосида таъсис этилган ушбу тадбиркорлик субъекти томонидан илгари сурилган бир қатор лойиҳалар шундай дейишимизга асос бўлади.
- Аввало, хорижлик инвесторни олиб келиб, кейин уни бирор бизнес бошлашга кўндириш осон иш эмас, - дейди хорижий корхона бош директори Шерзод Қаҳҳоров. - Бунинг замирида ўзаро ишонч, тинимсиз саъй-ҳаракатлар ётибди. Боз устига, бугун юртимизда чет эл сармоядорига кенг имконият тақдим этилган. Инвесторларни йирик ташаббусни амалга оширишдек қатъий тўхтамга келишга ундаган нарсалар ҳам шулар. Айни пайтгача 6 та лойиҳа берганмиз. Умумий ҳисобда 150 миллион евро атрофида капитал йўналтирилади. Бизнес юритиш учун Қарши тумани мақбул деб топилган.
Ишбилармоннинг айтишича, 3 йил давомида босқичма-босқич сут ва гўштни қайта ишлаш ташкил этилади. 18 миллион АҚШ долларига яқин маблағ сарфлаб эса улкан совуткичли сиғим қуриш ҳам режада бор. Дастлабки 2 йирик қувват ишга тушса, хомашё муаммо бўлмайди. Чунки навбатдаги лойиҳада бунинг чораси кўрилган. Корхона тасарруфида 4 минг бош зотли қорамол боқишга мўлжалланган мажмуа барпо этилади. Бундан ташқари, қандолат маҳсулотлари тайёрлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилган. Бир сўз билан айтганда, кластер тизимида ишланади. Инвесторлар бу билан кифояланмай, бундан ҳам кўпроқ режаларни амалга оширишмоқчи.
Юқорида таъкидланганидек, охирги бир йилда вилоятимизда хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар салмоғи сезиларли ўсди. Бироқ республика миқёсида олсак, бу кўрсаткич ўртамиёнадан бироз яхши, холос. Умумий сон ҳамда сифат борасида Тошкент шаҳри, водий вилоятлари, Самарқанд ва Бухородан ҳамон ортда қолаяпмиз. Воҳамиз инвестициявий салоҳияти ва имконияти ушбу ҳудудлардан ҳечам кам эмаслиги, аксинча зарур хомашё ва табиий ресурсларга бой экани ҳисобга олинса, ҳали қилиниши лозим ишлар кўп экани ойдинлашади. Инфратузилмани янада яхшилаш, вилоят имижини жаҳонда кенгроқ тарғиб қилиш талаб этилади. Бу пировардида аҳоли манфаати, ҳудуд равнақи учун зарур.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ