Меню
Қашқадарё
19 та муассаса учун қарийб 700 та асбоб-ускуна
Соғлиқни сақлаш тизими
Юртимизда Корея экспорт-импорт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа доирасида вилоятимиздаги 19 та соғлиқни сақлаш муассасаси учун 35 турдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар харид қилинади.
Мамлакат Президентининг жорий йил 31 июлдаги қарорида қайд этилганидек, Корея Республикаси ҳукумати томонидан "Ҳудудий тиббиёт муассасаларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш" лойиҳасини амалга ошириш учун Корея экспорт-импорт банкининг Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармасидан Ўзбекистон Республикасига 10 йил имтиёзли давр билан 40 йил муддатга жами 74 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги Корея вонида имтиёзли қарз ажратилиши маъқулланган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 88,78 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, унинг бир қисми юқорида қайд этилган қарз маблағларидан иборат, қолган қисми эса 14,78 миллион доллар солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш шаклидаги Ўзбекистон Республикасининг улуши ҳисобланади.
Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси қарзининг катта қисми (70,5 миллион доллар) тиббиёт муассасалари учун тиббий жиҳозлар харид қилишга йўналтирилади. Хусусан, воҳамиздаги барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари, шунингдек, вилоят кўп тармоқли ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига умумий ҳисобда 683 та тиббий асбоб-ускуна сотиб олинади. Масалан, Кўкдала тумани тиббиёт бирлашмаси учун роппа-роса 30 турдаги 45 дона жиҳоз, шу жумладан, C-ARM рентген ва мобиль рентген ҳамда рақамли стационар рентгенография ускуналари, электрокардиограф, видеобронхоскоп (видеогастроскоп), видеоколоноскоп, офтальмоскоп, аудиометр, лапароскоп тўплами, ЛОР комбайн, кардиомонитор, мониторли дефибрилятор ва яна бир қатор замонавий асбоб-ускуналар харид қилинади. Айни пайтда вилоят кўп тармоқли ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳамда РШТЁИМ Қашқадарё филиалига қулоқ, бурун ва томоқни ювиш, уларга босим остида дори воситаларини пуркаш ва термик таъсир қилиш учун мўлжалланган замонавий ЛОР комбайн (микроскоп ва видео тизими билан) ҳамда ЛОР асбоб-ускуналар тўплами келтирилади. Вилоят кўп тармоқли ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари эса қўшимча равишда ЛОР учун эндоскопик видеоқурилма, ЛОР микроскоп, ЛОР жарроҳлик тиббий ускуналари билан ҳам таъминланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш, уни мувофиқлаштириш, шунингдек, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармасининг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Мазкур вазирлик томонидан тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжлари ҳамда хатлов натижалари асосида тиббий асбоб-ускуналарнинг рўйхати, миқдори ва техник тавсифларига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.
Умуман олганда, 24 ой давомида амалга ошириладиган лойиҳа доирасида республика миқёсида 320 та тиббиёт муассасасига қарийб 8,5 мингта тиббиёт асбоб-ускунаси харид қилинади.