Меню

Қашқадарё

07.07.2018 1668

188,7 МИЛЛИАРД СЎМ САРФЛАНИБ, 10 МАҲАЛЛА ҚИЁФАСИ, АҲОЛИСИ ТУРМУШ ШАРОИТЛАРИ ТУБДАН ЯХШИЛАНАДИ

Таъкидлаш жоиз, бевосита Президент ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасида бугун чекка ҳудудлардаги 368 та аҳоли яшаш пунктида бажарилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари аллақачон бу ерларда яшовчи аҳоли кайфиятига ижобий таъсир кўрсатиб улгурди. Улар ҳам ушбу эзгуликка бош қўшишмоқда.

Маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси, халқ иродаси билан шаҳар маҳаллаларида ҳам “Обод қишлоқ” дастурига муқобил “Обод маҳалла” лойиҳасини амалга оширишга киришилгани эса  эзгу ташаббус кенг қулоч ёйганидан дарак.

Қишлоқларда кечаётган ана шундай оламшумул ўзгаришлар Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги фармони ва уни амалга ошириш юзасидан қабул қилинган қарор асосида бошланиб кетган бўлса, энди шаҳар маҳаллаларида ҳам бу борада алоҳида иш олиб борилмоқда. Бунда Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги фармони ҳамда “Обод маҳалла” дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда. Унга кўра, жорий йилда мамлакат бўйлаб ҳар бир шаҳарда 2 тадан, кейинги йилларда эса 3 тадан маҳалла обод қилинади.

Ушбу хужжат асосида 2018–2019 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориладиган маҳаллалар рўйхатида Қарши шаҳридаги Отчопар, Шайхали, Кунчиқар, Буюк Турон, Қарлиқхона ҳамда Шаҳрисабз шаҳридаги Ғалаба, Ипак йўли,  Қушхона, Дўстлик, Тепарлик маҳаллалари бор.

Отчопар, Шайхали, Ғалаба ва Ипак йўли маҳаллаларида дастур доирасидаги ишлар дарҳол бошланса,қолганларида ободонлаштириш юмушларига 2019 йилда киришилиши кўзда тутилган.   

Дастурда уларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ижрочилари, молиялаштириш манбалари аниқ кўрсатилгани бошланган эзгу ишлар ярим йўлда қолиб кетмаслигини кафолатлайди. Хусусан, бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузурида “Обод маҳалла” жамғармалари ташкил этилиши белгиланган. Жамғарма давлат бюджетидан ажратиладиган трансфертлар, ҳудудларнинг маҳаллий бюджетлари, ташаббускор тадбиркорлар маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади.

Айтиш жоизки, аввало дастурга киритилган маҳаллаларда ишлар шунчаки ўзбилармонлик билан эмас, балки лойиҳачи ташкилот томонидан тузилган ва тасдиқланган бош режа асосида амалга оширилади. Бунинг учун ҳар бир маҳаллага лойиҳачи ташкилотлар бириктирилган. Лойиҳани ишлаб чиқишда қулай ва арзон дорихона, зарур маиший хизмат ва сервис шохобчалари, болалар майдончаси ҳамда кичик истироҳат боғини ўз ичига олган маҳалла марказлари барпо этилиши кўзда тутилади.

Умумий ҳисобда 2018 -2019 йиллар ичида Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги 10 та маҳаллада 13 та ҳаммом, 20 та савдо мажмуаси қурилади. Ҳудуддаги бўш турган давлат объектлари ёки ер майдонлари негизида 20 та микро саноат зоналари ташкил қилинади. Уларда тикувчилик цехи, пойабзал ишлаб чиқариш ва таъмирлаш, ҳунармандчилик устахоналари ва бошқа кичик тадбиркорлик лойиҳалари йўлга қўйилади. Бу лойиҳаларни амалга оширишда ҳар бир маҳалланинг тарихан шаклланган тадбиркорлик ва ҳунармандчилик салоҳиятини ҳамда маънавий-маданий анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган.

Дастурдаги асосий йўналишлардан яна бири муҳим коммуникация тармоқларини янгилаш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб чиқаришнинг зарур инфратузилмасини яратишга қаратилган. Бунинг учун   дастурга киритилган воҳамиз маҳаллаларидаги 61 километр ички автомобиль йўлларида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилади. 7 та автобус бекати барпо этилади. Шунингдек, 1,4 километр пиёдалар йўлакчаси янги қурилса, 9 километри реконструкция қилинади.

Айтиш жоизки, ушбу маҳаллаларда ичимлик суви, табиий газ ва канализация тармоқлари жуда таъмирталаб аҳволга келиб қолган. “Обод маҳалла” дастури доирасида улар тубдан янгиланади. Яъни, қарийб 40 километр ичимлик суви қувурлари янги ўрнатилса, 70 километрдан ошиқ сув тармоқлари, 6 та мавжуд сув иншооти таъмирланади. Худди шунингдек, канализация, таббий газ ва электр таъминоти тармоқларида ҳам белгиланган тартибда қурилиш, таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Бундан ташқари, томорқа ерларини суғориш учун 36 километр ирригация тизимлари янги қурилиши, 3,7 километри таъмирланиши, 17 та суғориш қудуқлари қазилиши белгиланган. Шу билан биргаликда, 139 та замонавий чиқинди тўплаш майдончалари янги қурилади. 14 та ана шундай майдонча эса таъмирланиши кўзда тутилган.

“Обод маҳалла” дастури доирасида ҳудудлардаги ижтимоий соҳа объектларини ҳам янгидан қуриш, таъмирлаш белгиланган.

Жумладан, дастурга киритилган       3 та маҳаллада янги мактабгача таълим муассасаси қурилса, 2 та ана шундай муассаса реконструкция қилинади, яна 8 таси эса тўлиқ таъмирланади. Бундан ташқари, 9 та мактаб ҳамда 2 та тиббиёт муассасасида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 13 та спорт иншооти, 8 та маҳалла гузари янгидан қурилади.

Кўп қаватли уйларнинг том қисмлари, ташқи фасадлари янгиланади, ҳовли уйлар рангланади.

Умумий ҳисобда, 2018-2019 йилларда вилоятимиздаги номлари қайд этилган 10 маҳаллада 188,7 миллиард сўмлик қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Пировардида, уларда истиқомат қилаётган 50 минг нафардан ошиқ аҳоли турмуш-тарзи, яшаш шароитлари тубдан яхшиланади.

Эслатиб ўтамиз, “Обод қишлоқ”   дастури бўйича ҳозирда вилоятимиздаги 26 та қишлоқда ишлар олиб борилаётган бўлса, яна икки қишлоқ ташаббус асосида ободонлаштирилмоқда.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!