Меню
Қашқадарё
18 БОШ ЙИРИК, 35 БОШ МАЙДА ШОХЛИ МОЛ
У илк марта 1996 йилда ўғрилик жиноятини содир этиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Жазонинг ярмини ўтагач, амнистия актига асосан озодликка чиқади. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай яна эски одатини такрорлайди ва суд ҳукми билан 3 йилга қамалади. Бу сафар жазонинг 10 ойини ўтайди. Қолган 2 йилу 2 ой муддати суд ҳукми билан ахлоқ тузатиш ишига алмаштирилади. Қонунларимиздаги кечиримлилик, инсонпарварлик тамойилларини ўзича тушунган шоввоз 2010 йилда учинчи маротаба суднинг қора курсисига ўтирган. Қизиғи, бу сафар ҳам ўғриликка қўл урган эди. Унинг қилмишига жиноят ишлари бўйича Нишон тумани суди томонидан қонуний баҳо берилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади.
Бегали Элмуродов суд томонидан белгиланган жазони ўтаб қайтгач, кўпчилик унинг энди тўғри йўлга киришига умид қилишган бўлса, не ажаб. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яна эски "касби"ни бошлаб юборди.
Бу сафар Бегали маррани янада каттароқ олиб, таниши Абдужалил Зоҳидовни ҳам ҳамкорликка таклиф этади. Келишувга кўра, Бегали қишлоқ ва маҳаллаларни кезиб, аҳолининг чорва молларини ўғирлайди. Абдужалил молни ўзининг "Нексия"сида айтилган жойга олиб келади. Моллар пулланганидан сўнг даромад ўртада тақсимланади.
Икки шерик дастлаб тун ярмида Қарши тумани Кахлак қишлоғига боради. Режага кўра Бегали шу қишлоқдаги хонадонлардан бирининг молхонасига кириб, бир бош сигирини етаклаб чиқади. Сўнг уни машинада уйига олиб келиб, сўйиб сотиб юборади.
Орадан икки ҳафта ўтиб, ўғри шериклар энди Нишон тумани Самарқанд маҳалласи томон йўл олишади. Аввалига шу маҳаллада бир кишининг сигири, эртасига эса бошқа бир фуқаронинг 5 бош қўй ва 6 бош эчкисини ўғрилаб, пуллашади.
Иштаҳа овқат вақтида келади, деганларидек, дастлабки ишларнинг муваффақиятидан руҳланган икки ҳамтовоқ 2018 йилнинг декабрь ойидан 2019 йилнинг февралига қадар Касби туманининг Новқат, Қамаши, Шакаржўй, Қарши туманининг Кахлак, Кожар, Оқманғит, Нишон туманининг Янгиобод маҳаллаларида яшовчи 11 нафар фуқаронинг 16 бош йирик шохли ҳамда 24 бош майда шохли молларини гумдон қилишган.
Олиб борилган тезкор қидирув ишлари натижасида мазкур ўғрилик жиноятларини содир этган ҳамтовоқлар қилмиши фош этилди. Энди улар бунинг учун қонун олдида жавоб беришга мажбур.
Илҳом ШЕРАЛИЕВ,
Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ бошлиғи, капитан