Меню
Қашқадарё
17 августдан “Дамас”да йўловчи ташиса бўладими?
Ёхуд йўналишли таксилар жамоат транспорти эмасми?
Хабарингиз бор, Республика махсус комиссиясининг қарори билан жамоат транспорти, шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобуслар қатновига рухсат берилмоқда. Йўлкира нархини осмонга кўтариб юборган сариқ таксилар ва ноқонуний ҳайдовчилар талончилигидан азият чекиб келаётган кўплаб кишилар энди “Дамас”лар ҳам қатнай бошласа, йўлкира анча тартибга кириб қолар, деган умид билан юрибди. Хўш, келадиган душанбадан бошлаб “Дамас”да йўловчи ташиса бўладими-йўқми?
Вилоят транспорт бошқармасидан маълум қилишларича, ушбу масалада уларга ҳам “Дамас” ҳайдовчилари ва ташувчи корхоналар вакилларидан кўплаб мурожаатлар бўлган.
Бошқармадагилар фикрича, комиссиянинг навбатдаги ахборотида йўловчи ташишда “Дамас”лар, микроавтобуслар қатновига рухсат бериш масаласи умуман тилга олинмаган. Бу эса ушбу турдаги транспорт воситаларининг ишлашига қўйилган тақиқ ҳали расман олиб ташланмаганини англатади. Фақат жамоат транспорти – автобусларга рухсат этилган. Қўшимча қилинишича, ташувчилар ва йўналишли такси ҳайдовчиларидан мазкур чекловга қатъий амал қилиш, вазиятни тўғри баҳолаш сўралади. Акс ҳолда бундай хатти-ҳаракат карантин қоидасини бузиш деб топилади ва жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу ўринда бир савол туғилади: йўналишли таксилар жамоат транспорти эмасми? Нега 30-40 киши чиқадиган автобусга рухсат этилганда, 6-7 кишилик “Дамас”га тақиқ қўйилаяпти? Бундан кўринаяптики, йўналишли таксилар йўлга чиқарилмайдиган бўлса, “сариқ”лар камида 5-6 минг сўмдан қатнашда давом этаверади. Шундай экан, кейинги “юмшатиш”ларнинг одамларга қандай нафи тегаяпти?
Келгусида вилоят комиссияси томонидан бу масалага янада аниқлик киритилиши мумкин.
Н.ХЎЖАЕВ