Меню

Қашқадарё

08.12.2018 1726

157 та фотиҳа тўйи нега тўхтатилди?

Одамзод дунёга келибдики, саодат излаб яшайди. Шу йўлда ҳаётини, отамерос қадриятлару тутумларни тафтиш этади, гоҳида тузади, гоҳида бузади. Ҳолбуки, инсон топгану бой берган барча нарса, аввало, оиласи, улғайган муҳити ва олган тарбияси ҳосиласидир.

Конституциямизнинг алоҳида боби оилага бағишланиб, унинг ижтимоий мақоми аниқ-равшан белгилаб қўйилгани дунё давлатлари бош қонунларида камёб учрайдиган воқеликдир. Шу билан бирга, оиланинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Оила, Фуқаролик, Уй-жой, Меҳнат кодексларида, "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги, "Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида"ги қатор қонунларда ўз аксини топган.

Шу маънода, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги   фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борадаги ҳужжатларнинг мантиқий давоми бўлди. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ва ҳудудий бошқармалари, туман, шаҳар бўлимлари ташкил этилиб,  оилалардаги  барқарорликни муҳофаза қилишда ушбу марказ ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

- Бугунги кунда вилоятимизда 750 минг 350 дан ортиқ оила бор, -  дейди "Оила" илмий-амалий  тадқиқот маркази вилоят бошқармаси директори Рамиз Зоҳиров. - Аввал оила ҳуқуқи бузилганда, биринчи навбатда маҳаллага, хотин-қизлар қўмитасига ёки фуқаролик судига мурожаат қилинарди. Бугун эса яна бир ташкилот - марказимизга мурожаат қилиш имконияти яратилди. Шу кунга қадар 2 та шаҳар ва 13 та туман бўлимларимиз томонидан 2 мингга яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаати қабул қилиниб, кўплаб муаммоларга ижобий ечим топилди. Жумладан, оилавий муаммолар, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, ҳуқуқий маслаҳат ва тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан қилинган мурожаатлар бўйича тегишли кўмак берилди. Президентимиз таклифи асосида "Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби" ташкил этилиб, мактабда оила қуриш арафасида турган ёшларга оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий-ижтимоий, психологик, маънавий-ахлоқий асослари, оилада эркак ва аёлнинг вазифалари, оила бюджетини юритиш, репродуктив саломатлик борасида замонавий инновацион технологиялар асосида билим ва кўникмалар берилмоқда. Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан "Аҳил оила сари қадам" туманлараро акцияси ташкил этилиб,  тадбир давомида 271 та оилани яраштиришга эришилди.

Тарғибот тадбирлари натижасида 157 нафар коллеж ўқувчи қизларининг фотиҳа тўйи тўхтатилиб, эрта никоҳнинг олди олинди. Шунингдек, шаҳар ва туманларда "Биз оилавий ажримларга қаршимиз" мавзусида "Энг яхши қайнона-келин" ва "Ибратли қайнота" кўрик танловлари ўтказилди.

Маълумотларга кўра, бошқарма томонидан вилоятда оилавий ажрим ёқасига келиб қолган 4015 та оила рўйхати шакллантирилиб, ажримга йўл қўймаслик чоралари кўрилмоқда. Шу кунгача, 3378 та оила  муросага келган, бунинг натижасида 6756 нафар бола ярим етим бўлиб қолиши олди олинди.

Шуниси аниқки, оиласида ўзини таниган инсон жамиятда ҳам мустаҳкам ўрин топади. Марказ фаолияти айни мақсад рўёбига қаратилгани эса аҳамиятлидир.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!