Меню

Қашқадарё

13.05.2020 1633

150 ГЕКТАР ЕР ҚАЙ ТАРИҚА ФОЙДАЛАНИШГА ҚАЙТАРИЛДИ?

Имконият ва истиқбол

Президент раислигида жорий йил 10 апрель куни пахтачилик ва ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил қилиш, ҳосилдорликни ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Сув хўжалиги вазирлигига муҳим ҳаётий ресурснинг аниқ ҳисоб-китоблар асосида ажратилишини таъминлаш, бу йил 150 минг гектар майдонда сув тежовчи, жумладан, 44 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш вазифаси юклатилган эди.

Сув хўжалиги вазирлигининг хабар беришича, айни пайтда бу борадаги топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2020 йилда вилоятда 2 минг 600 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилган. Айни пайтда 1 минг 100 гектар пахта майдонида янги тизимни барпо этиш ишлари молиялаштирилган бўлиб, 46 та фермер хўжалиги ва кластер ташкилотларига 11 миллиард 710 миллион сўм миқдорида бошланғич кредит маблағлари ажратилди. Улар томонидан томчилатиб суғориш тизимларини  қуриш ва ўрнатиш ишлари олиб борилаяпти.

“Indorama agro” МЧЖ томонидан Нишон туманидаги экин майдонларида замонавий кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида тажриба тариқасида пахта навларини экиш мўлжалланган. Ерлар текисланиб, эгилувчан қувурлар тортиляпти. Ҳозирда майдонга нам суви берилаётир.

Нишон тумани ирригация бўлими бошлиғи Шерали Бобоқуловнинг айтишича, суғориш қийин бўлганлиги учун ушбу майдонлар фойдаланишдан чиқиб кетган эди. “Indorama agro” МЧЖ томонидан Австралиядан келтирилган эгилувчан қувурлар ўрнатилиши ҳисобига сув таъминоти яхшиланди ва 150 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди.

Н.ХЎЖАЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!