Меню

Қашқадарё

11.08.2020 1517

15 ЁШИДА ОТА БЎЛДИ, 20 ЁШИДА ХОТИНИНИНГ ҚОТИЛИГА АЙЛАНДИ

Қилмиш-қидирмиш

Бир-бирига узоқроқ қариндош бўлган икки оила катталари қуда-анда бўлиш орқали  бу қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамламоқчи бўлишди. Шу боис тўй қилиб, шоду хуррамлик ила фарзандлари - Қобил ва  Зулайҳони (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) никоҳлаб қўйишди.

Эътибор қилинг,  бу вақтда куёв бўлмиш эндигина 14, келин эса 15 ёшга қадам қўйган эди.  Шундай қилиб, оила 5 йил ичида уч фарзандли бўлди. Ўн тўққиз ёшида на маълумоти, на қўлида бирор ҳунари бўлган йигит зиммасига катта рўзғор ташвишлари тушди. Ҳали ўзи тарбияга муҳтож бўлган ота-она энди фарзандлар тарбияси учун ҳам масъул эди…

***

Қобил ва Зулайҳо бир муддат аввал ота-онасидан алоҳида рўзғор қилиб, қишлоқ чеккасидаги янги иморатга чиқишганди.  Оила тирикчилиги учун масъул бўлган Қобил қишлоқдаги фермер хўжаликларидан бирида оддий ишчи бўлиб ишлай бошлади. Кун бўйи, баъзан тунлари ҳам хўжалик ишлари билан елиб-югуриб юрар, қора қозонни қайнатиш учун  шундай қилмаса ҳам бўлмасди.

Зулайҳо эса кун бўйи уйда, оила юмушлари унинг зиммасида эди.  Эри далада юрган ана шундай паллаларда қўшниси Мардон унга гап отадиган одат чиқарди. Бир-икки марта уйига келиб, тегажоғлик ҳам қилмоқчи бўлди.  Зулайҳо бу вақтда бўлаётган гапларни ота-онасига ёки бирорта ёши каттароқ кишига айтиб, қўшнисининг таъзирини бердириб қўйиши мумкин эди. Аммо, ўзига бегона эркакнинг гап отаётганини ошкор қилса номи қора бўлиб қолишидан қўрққан аёл ҳамма гапни ичига ютишга мажбур бўлди. Ана шу ерда унинг ҳаётий тажрибаси камлиги, мустақил қарор қабул қила олмаслиги панд берди. Мардоннинг эса хурмача қилиқлари ортиб бораверди. Қаттиқ руҳий изтироб исканжасида қолган Зулайҳо ўйлай-ўйлай охири қайнукаси - Элбекка юзланди. Мардоннинг ўзига нисбатан қилаётган бор зуғумларини айтиб, у билан гаплашиб қўйишини, лекин зинҳор бу ҳақда катталарга, айниқса, акасига айтмаслигини сўради. Аммо Мардон билан гаплашиб қўйиш қайнуканинг қўлидан келмаслиги аён эди.

Аёлдаги ожизликни билган Мардон энди турли гаплар билан Зулайҳони қўрқитишга, қандай бўлмасин, ўзи билан бирга бўлишга мажбурлашга ўтди. Охир-оқибат мақсадига етди ҳам. 

Шундан сўнг Зулайҳо қайнотасиникига келди ва бўлган воқеа ҳақида айтиб берди. Бу ердагилар жазавага тушиб, унинг ўзини айблаб кетишди. Ҳақоратлар исканжасида қолиб кетган аёл болаларини шу ерга қолдириб, йиғлаган кўйи ота уйига қараб йўл олди.  

***

Қобил бор гапдан кечқурун,  ишдан уйга қайтгач хабар топди. Эндигина йигирма ёшдан ошган йигит қаттиқ руҳий зўриқишдан карахт бўлиб қолган, бундай вазиятда қандай йўл тутиш кераклигига сира ақли етмасди. Унинг миясига келган ягона режа - хотинини ўлдириб, бу исноддан қутулиш эди, холос. Эртасига худди шу мақсадда укаси билан бирга қайнотасиникага жўнади.

Зулайҳо зор йиғлаганча, ота-онасининг олдида бор гапни эрига айтди. 

- Қилар ишни қилиб, энди нега бу ерга келиб олдинг?  - ўдағайлади Қобил. - Сен билан уйда гаплашаман…

- Йўқ, уйга бормайман. Мардоннинг устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга арз қиламан, борсам ҳам уни қаматиб, кейин бораман, - йиғлади Зулайҳо.

Хотини шу гапда қатъий туриб олгач, Қобил ноилож уйига қайтди. Бир неча кун ичида у ўз ёғида ўзи қовурилиб юрди. Унга тўғри маслаҳат бериши, тўғри йўл кўрсатиши лозим бўлган яқинларининг "хотинингдан ҳам бўлган" ёки "ғунажин кўзини сузмаса…" қабилидаги гаплари қалбидаги қасос оловини янада аланга олдира бошлади. Охири бир қарорга келгач, эртасига тонгда хотинига телефон қилди.

-  Зулайҳо, уйга келмасанг бўлмайди. Болалар жуда қийналишаяпти.

Болаларининг аҳволини эшитган Зулайҳо уйга қайтишга рози бўлди. Шундан сўнг қайнотасиникига бориб, хотинини олиб келди.

Ўша куни Қобил тунги соат 24:00ларга қадар уйга кирмади. Молларга қараш баҳонасида ташқарида айланиб юрди. Тун ярмидан оғиб, ҳамма ширин уйқуда пайти уйга кирди. Зулайҳо ҳали ухламаган экан.

- Сен ҳамма ишни қилиб бўлиб, энди бундай ўтиришингга бало борми?

Қобилнинг кўзларида ғазаб чақнаб, устига бостириб келаётганини кўрган Зулайҳо қўрқиб кетиб, югуриб ўрнидан турди. Аммо шу лаҳзанинг ўзида юзига устма-уст келиб тушган муштлардан сўнг йиқилиб, ҳушини йўқотди.

Пайтдан фойдаланган Қобил югуриб чиқиб, ташқаридан ип олиб келди ва хотинининг оёқ- қўлларини маҳкам боғлади. Яна бир бўлак ипни бўйнидан айлантириб, бўға бошлади.

Жон талвасасида ҳушига келган Зулайҳонинг оғзидан биргина гап чиқди: "Қўйворинг, менинг айбим йўқ". Аммо Қобил бундай қилмади. У қўлидаги ипни бўшатганида хотинининг танаси аллақачон бўшашиб, қимирламай қолганди.

Судда Қобил Эргашев содир этган жиноят кўриб чиқилиб, унга нисбатан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Шунингдек, жиноят содир этилишига имкон яратган бошқа шарт-шароитлар ҳам аниқланиб, бунга айбдор деб топилган шахсларга нисбатан хусусий ажримлар чиқарилди.

Хўш, бу воқеада марҳума - Зулайҳо Ёрқиновани айблаш мумкинми? Тасаввур қилинг, 15 ёшида турмушга бериб юборилган бу қиз  ҳали оқ-қорани таниган, яхши-ёмонни ажратиб улгурганмиди? Ахир қиз боланинг турмушга тайёр бўлиши унинг фақат жисмоний етилишида эмас-ку. Ёки йигирмага кирмасдан уч фарзандли бўлган, бунинг устига катта рўзғор юкини ҳам орқасига ортмоқлаб олган қизнинг қайнона-қайнота уйида дунёқараши тўғри  шаклланганига, ҳаётий тажрибаси бойиб борганига ишонасизми?.. Агар шундай бўлганида эди, Зулайҳо Мардоннинг ўзига нисбатан муносабатларини кўриб, довдираб қолмаган, ўз вақтида бу ҳақда яқинларини огоҳлантирган бўларди. Хўш, 14 ёшида уйланиб, 15 ёшида оталик масъулиятини елкасига олган Қобил-чи? Хотинининг "хиёнати" ҳақида эшитгач, унинг миясига муаммони юқоридаги тахлитда ҳал этишдан бошқа режа келмади. Келадиган ёшда эмасди ҳам-да…

Жиноят иши материаллари асосида ЖАҲОНГИР тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!