Меню

Қашқадарё

22.12.2020 1352

15 йиллик стажни тасдиқловчи ҳужжатлар топилмади

Турли идора, ташкилотларда узоқ йиллар меҳнат қилиб, пенсияга чиқишга келганда, югур-югур, қоғозбозлик, сарсонгарчиликка дуч келмаган одамни топиш қийин. Бирда қандайдир ҳужжат топила қолмайди, ҳужжат бўлмаса, табиийки, ўша давр учун стаж белгилашмайди, яна қайсидир ташкилот қачонлардир тугатилгану, ҳужжатлари архивга топширилмаган. Хуллас, бош оғриқнинг ўзгинаси...

Косон туманидаги Машъал маҳалласида яшовчи А.Н. туман адлия бўлимига қилган мурожаатида кўп йиллик иш стажлари бўйича маълумотлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли пенсияга чиқишда инобатга олинмаётганидан эътироз билдирган.

Мурожаат юзасидан ўрганиш ўтказилиб, фуқаро А.Н.да имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш имкони мавжудлиги, лекин унинг 1981-1983, 1984-1995 йиллар оралиғида ишлаган даврлардаги иш ҳақлари архив сақловида мавжуд эмаслиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман адлия бўлимининг қонуний аралашуви натижасида жорий йилнинг 2 июлидан 21 йил 9 ой иш стажи билан 469 минг 66 сўм миқдорида пенсия тайинланиб, 1 сентябрдан пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинди ва фуқаро 515 минг 974 сўм пенсия оладиган бўлди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, айни пайтда мамлакатимизда ёшга доир энг кам пенсия 513 минг 350 сўмни ташкил этмоқда.

Бундай ҳолатлардан кўриниб турибдики, пенсия тайинлаш борасида ҳали бизда камчиликлар етарли, ҳатто керагидан кўпроқ. Аввало, шунча йил ишлаб, бошқа идораларни аралаштирмасдан пенсия чиқолмаслик бўлса, кейингиси қарийб 22 йил ишлаган одам оладиган пенсия миқдори 500 минг сўмнинг нари-берисида экани, яъни ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан атиги 2 минг сўм кўпроқ эканидир...

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!