Меню
Қашқадарё
140 НАФАР КОЛЛЕЖ БИТИРУВЧИСИНИНГ БИЗНЕС ҒОЯСИ РЎЁБГА ЧИҚАДИ
Аҳамиятлиси, Достонбек Қувватов ўзининг тадбиркорлик ташаббусини вилоят Ёшлар марказида 3 кун давомида бўлиб ўтган “Менинг бизнес ғоям” танловининг вилоят босқичида илгари сурди ва бу борада унга молиявий кўмак кўрсатиладиган бўлди.
Айтиш жоизки, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини касбга йўналтириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу танлов бу сафар 4 босқичда ташкил этилмоқда. Марказий банк вилоят бош бошқармаси, вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва вилоятимиздаги бир қатор тижорат банклари тадбирнинг асосий ҳамкорлари ҳисобланади.
Дастлаб битирувчилар ёзган иншолар туман (шаҳар) босқичи учун сараланди. Бунда ўқувчиларга ижодий ишларида тадбиркорлик мақсад ва режаларини баён қилиш топширилганди. 1500 нафардан зиёд ўғил-қиз қатнашган кейинги босқичда юқори иқтисодий самарадорликка эга бизнес режаларни тақдим этган энг яхши 140 нафар иштирокчи ғолибликни қўлга киритган ва танловнинг вилоят босқичига йўлланма олганди.
- Мазкур танлов бизнес бошлаш истагида бўлган ёшларга мустақил ҳаётда ўз ўрнини топишга кенг имкон бермоқда, - дейди “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши қошидаги “Ёш тадбиркор” консултатив маркази раҳбари Адҳам Тоҳиров. – Муҳими, битирувчилар бу тадбирда иштирок этиш орқали тадбиркорлик ҳақида батафсил маълумот ва билимларни эгаллайди. Бунда танлов доирасида ўтказиладиган семинар-тренинглар қўл келмоқда. Бу сафар ҳам малакали мутахассислар томонидан қатнашчиларга бизнесга илк қадамни қўйиш, тадбиркорликни юритиш, кўпроқ даромад олишда эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлар, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланишнинг афзалликлари тушунтирилди. Улар ўқув жараёнида тижорат банкларининг кредит сиёсати, мавжуд қулайликлар, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, солиқ қонунчилиги, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш, ер олиш, коммунал тармоқларга уланиш тартиб-таомиллари билан таништирилди. Чет элдан замонавий ишлаб чиқариш ускуналари, энергиятежамкор минитехнологиялар олиб келиш, конвертацияни амалга ошириш борасидаги енгилликлардан бохабар қилинди.
Маълумки, пухта бизнес режа тадбиркорликда муваффақиятни таъминловчи асосий омил саналади. Уни тузишда бозор талабини ўрганиш, потенциал харидорларни излаб топиш, харажат ва даромадни аниқ ҳисоблаб чиқиш, маҳсулот ёки хизматни реклама қилиш каби вазифаларга устувор аҳамият қаратилади. Танлов иштирокчилари мутахассислар кўмагида ўз бизнес ишланмаларини янада такомиллаштириш, мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш имкониятидан самарали фойдаланишди.
- Аввал анча мужмал ва тартибсиз бўлган бизнес режам пишиқ ҳолга келди, мен унда ташкил этмоқчи бўлган фаолиятим билан боғлиқ барча жиҳатларни тўла акс эттирдим, - дейди Китоб саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Ҳусан Анваров. – Туманимизнинг сайёҳлар кўп келадиган ҳудудида яшайман. Бу ерда фотостудия ва сартарошлик хизматига талаб бор, бироқ уни кўрсатувчи шохобча йўқ. Бу дегани, ишни тўғри йўлга қўйсам, саъй-ҳаракатларим ўзини оқлайди. Жами 20 миллион сўмга фотоаппарат, рангли принтер каби жиҳозларни харид қиламан, мавжуд бинони таъмирлайман. Натижада бир қанча тенгдошларимни ишли қиламан.
Эътиборли жиҳати, қатнашчилар томонидан таклиф этилган тадбиркорлик лойиҳалари хилма-хиллиги, қамровининг кенглиги билан ажралиб турди. Мисол учун, қамашилик Қувончбек Боймуродов ҳудудда пицца тайёрлашни йўлга қўйишни режалаштираётган бўлса, деҳқонободлик Наврўза Абдураҳмонова манзарали гуллар етиштиришни, Қарши шаҳрилик Суҳроб Худойқулов карвинг ва байрам дастурхонини безаш хизматини, косонлик Беҳрўз Рўзмонов зираворларни қадоқлашни ташкил этишни таклиф этмоқда. Шунингдек, танловда илгари сурилган боғ, иссиқхона барпо этиш, чорвачилик, паррандачилик билан шуғулланиш, харидоргир озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, миллий ҳунармандчилик буюмлари тайёрлашни кўзда тутувчи лойиҳаларни ҳам учратиш мумкин.
Шундан сўнг иштирокчилар ўзлари тайёрлаган бизнес режани комиссия аъзолари ҳузурида ҳимоя қилишди. Пухта ишланган, молиявий жиҳатдан тўла асосланган, кафолати таъминланган лойиҳалар юксак эътирофга муносиб кўрилди.
Танловнинг вилоят босқичи якунларига кўра, барча қатнашчининг бизнес лойиҳаси юқори баҳоланиб, уларга тижорат банклари томонидан энг кам иш ҳақининг 50 баробаридан 300 баробаригача миқдорда имтиёзли асосда кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
Шунингдек, илғорлиги, интилувчанлиги ва қобилиятини тўла намойиш эта олган 15 нафар битирувчи танловнинг вилоят босқичи ғолиби, деб топилди ва улар республика босқичида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиш учун тегишли йўлланмаларга эга бўлишди. Ғолиблар орасида Китоб туманилик Барно Жумабоева ҳам бор.
- Туманимиздаги коммунал касб-ҳунар коллежининг тикувчилик йўналиши 3-босқичида таҳсил олаяпман, – дейди у. – Эгаллаган билимларимни ишлаб чиқаришда қўлламоқчиман. Оилавий корхона ташкил этиб, тикувчилик цехи очмоқчиман. Қиймати 24 миллион сўмга баҳоланган лойиҳамга кўра, тикув дастгоҳлари, хомашё сотиб оламан. Келгусида попурчилик, каштачилик маҳсулотлари тикиш, турли сувенирлар ясашни ташкил этаман. Уларга асосан туристлар харидор бўлади. Танловда бизнес режам ҳар томонлама иқтисодий самарадор ва юқори даромад келтиришини кўрсатиб бердим, якунда эса ғолиблар қаторидан жой олдим. Бундан жуда хурсандман.
Тадбир доирасида қатнашчилар тайёрлаб келган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ тайёрлади.
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.