Меню
Қашқадарё
14 МИЛЛИОН ДОЛЛАРЛИК ЛОЙИҲА РЎЁБГА ЧИҚАРИЛАДИ
- Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга қилган ташрифи чоғида ушбу лойиҳамиз билан яқиндан танишгач, унинг ижтимоий-иқтисодий аҳамиятига юқори баҳо берган, самарадорликни янада ошириш борасида ўз тавсиялари билан ўртоқлашган эди, - дейди “Биг агро экспорт” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зафар Қурбонов. – Лойиҳа доирасида ишларни аллақачон бошлаб юбордик. Жорий йил аввалида 50 гектарга салат барглари, 17 гектарга гулкарам, 3 гектарга брокколи эккандик. Юқори калория ва ниҳоятда фойдали хусусиятларга эга ушбу маҳсулотларга дунёда талаб юқори. Асосийси, ўсимликлар бизнинг иқлим шароитимизга тез мослашади, совуққа чидамли, агротехникаси унчалик мураккаб эмас. Апрель ойиданоқ ҳосил йиғишга киришдик. Шу вақтгача катта миқдорда “Айсберг” салат баргларини экспортга етказиб бердик. Босқичма-босқич гулкарам ва брокколини жўнатамиз. Бундан ташқари, 10 гектар майдонда “Жиян” навли қовун ҳамда 4 гектар жойда тарвуз парваришлаяпмиз. Ушбу полиз маҳсулотлари ҳам ташқи бозорга йўналтирилади.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, истиқболли лойиҳа жорий йил охирига қадар тўлиқ рўёбга чиқарилади. Натижада корхона томонидан йилига 6,8 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилиш, 90 доимий, 500 мавсумий иш ўрни яратиш имконияти юзага келади. Бу каби лойиҳалар эса вилоятимиз экспорт салоҳиятини янада юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам муҳимдир.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ