Меню

Қашқадарё

26.06.2020 1969

129 ТА ҲОЛАТДА 17 КИЛОГРАММ

26 июнь - Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш куни

- Касбим тақозосига кўра 30 йилдан буён гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилган кишилар билан деярли ҳар куни ҳамсуҳбат бўламан, - дейди вилоят наркология диспансери руҳшуноси Зебо Санаева. - Суҳбат асносида уларнинг кўпчилиги билиб-билмай шу йўлга кириб қолгани, иродасизлиги туфайли бу оғир дарддан қутула олмаётганини айтади. Улар орасида бу йўлдан қайтиб, ҳаётда ўз ўрнини топганлари ҳам кўп. Лекин айримлари иродасизликлари сабаб ўз умрларига зомин бўлаяпти, тинч-осуда ҳаётларига ўзлари болта ураётир.

Дарҳақиқат, инсоният асрлардан буён гиёҳвандликка қарши курашиб келаётган бўлса-да, бу иллатга узил-кесил барҳам берилгани йўқ. Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда дунёда 9 миллиондан ошиқ киши героин, 13 миллиондан ортиғи кокаин, 150 миллиондан зиёд киши эса марихуана ҳамда 200 миллиондан кўп киши сунъий гиёҳванд моддалар истеъмол қилар экан. Бу рақамлардан гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги, руҳияти, тафаккурига нечоғлик катта хавф туғдиришини тасаввур этиш қийин эмас.

Тиббиёт ходимларининг таъкидлашича, гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилиш натижасида инсон организмида унга руҳий ва жисмоний мойиллик пайдо бўлади. Хумор тутганда гиёҳванд модда топилмаса, танада оғриқ кучайиб, одам ҳеч нарсадан тап тортмайдиган аҳволга келади.

Кейинги йилларда аҳоли ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш, унинг жирканч оқибатлари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига қарамай "оқ ажал" шайдолари уни сақлаш ва мижозларига пуллаш учун ҳар дақиқада имкон қидираётгани ачинарли ҳолдир.

- Вилоятимиз ҳудудида жорий йилнинг 5 ойи давомида гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ 129 та ҳолат аниқланди, - дейди вилоят ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғи ўринбосари Алимардон Мирзаев. - 17 килограммга яқин гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди. Жиноятчилар орасида ёши улуғ инсонлар борлиги ачинарли. Масалан, Ғузор туманилик, 1942 йилда туғилган И.Н.нинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, таркибида гиёҳванд моддаси бор 14 туп ўсимлик парваришланаётгани маълум бўлди.

Қайд этилишича, 1 майдан бошлаб вилоят ҳудудида олиб борилган "Қорадори-2020" кенг қамровли тадбири давомида вилоят ИИБ ходимлари томонидан қаровсиз ётган ерлар, шубҳа остига  олинган хонадонлар, ташландиқ объектларнинг ер майдонлари текширилганда, 54 ҳолат аниқланиб, 2,5 килограмм  гиёҳванд моддалар ашёвий далил  сифатида олинган.

Шунингдек, вилоятимиз ҳудудига турли йўллар билан гиёҳвандлик моддалари кириб келиши мумкинлигини ҳисобга олиб, Деҳқонобод туманидаги "Чак-чак", Китоб туманидаги "Мингчинор", Чироқчи туманидаги "Умакай", Муборак туманидаги "Ширинбулоқ" постларига гиёҳванд моддаларини излаб топишга ўргатилган махсус хизмат итлари ҳамда қўшимча куч ва воситалар жалб қилинган.

Бугун гиёҳвандлик гирдобига мубтало бўлаётганларга қарата "Ҳаёт гўзал, яшаш яхши. Ҳар қандай муаммони ҳал қилиш мумкин. Шу сабабли ўзингизни чоҳга ташламанг. Ҳаёт учун курашинг", дея айтган бўлардик.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!