Меню
Қашқадарё
1100 гектар майдонда аччиқ қалампир парваришланади
Аҳамиятлиси, айни жабҳада юртимизда қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги мавжуд ресурсларни фаол ишга солиш, жараёнга энг сўнгги технологияларни жорий этиш масаласи устуворлик касб этаяпти. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 27 январдаги “Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам шу мақсад рўёбига қаратилган. Мазкур ҳужжат ижроси мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинлари таркибини диверсификациялаш, фермер ва деҳқон хўжаликлари даромадини ошириш, рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар етиштириш кўламини кенгайтиришни кўзда тутади.
Айтиш жоизки, ушбу қарорга мувофиқ, юртимизнинг бир қанча ҳудудларида жорий йилдан эътиборан илк бор илғор хорижий тажрибалардан оқилона фойдаланган ҳолда аччиқ қалампир етиштиришни йўлга қўйиш, бунда ресурстежамкор технологияларни қўллаш белгиланди. Ушбу маҳсулот асосан фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида парваришланади. Уни етиштириш бўйича 2018 йил ҳосили учун прогноз кўрсаткичлари ҳам тасдиқланди.
Эътиборли жиҳати шундаки, аччиқ қалампир экиш учун юртимизнинг 6 та ҳудуди – Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бухоро, Фарғона, Наманган, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари танланган. Ушбу маҳсулотни етиштириш учун жами 17 минг гектардан зиёд экин майдони ажратилмоқда. Бу борада асосий улуш Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келади – тегишли миқдор 15 минг гектарни ташкил этмоқда. Мазкур кўрсаткич бўйича кейинги ўринда вилоятимиз жойлашган. Бу йил воҳамиздаги 1100 гектар ерда аччиқ қалампир етиштирилади.
Қарор иловасида қайд этилишича, вилоятимизнинг Деҳқонобод, Муборак ва Ғузор туманларидан ташқари қолган барча ҳудудларидан аччиқ қалампир экиш учун ер ажратилади. Ҳудудлар кесимида таҳлил қилганда, энг кўп экин майдони Миришкор туманига (500 гектар), энг ками Нишон туманига (10 гектар) тегишли эканини кўриш мумкин. Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Китоб туманларининг ҳар бирида 130 гектар ерда аччиқ қалампир парваришланади. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 130 центнердан ташкил этиши режа қилинган. Мавсум якунида 14 минг 300 тонна экспортбоп маҳсулот йиғиштириб олиниши мўлжалланмоқда. Мўл ҳосил кўтаришга деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари ҳам муносиб ҳисса қўшишади. Улар ўз тасарруфидаги 500 гектар майдонда хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришга киришади.
Қарорда 2018 йилнинг март-апрель ойларида фермер хўжаликлари буюртмасига асосан уларнинг ерларига хориждан келтириладиган юқори ҳосилли аччиқ қалампир навларининг тўлиқ экилишини таъминлаш кўрсатиб ўтилган. Ушбу майдонларда соҳа мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар асосида зарур агротехника тадбирлари амалга оширилади.
Аҳамиятлиси, бу борадаги ишлар сифатли бажарилишига кўмаклашиш учун қарор билан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компаниясининг ҳудудий “Қалампир” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилмоқда. Мазкур тузилма фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида аччиқ қалампир экиш учун талаб этиладиган уруғлик ва кўчатларни етказиб беради ҳамда шу мақсадда замонавий кўчатхоналар барпо этади. Шунингдек, ишлаб чиқарувчиларни аччиқ қалампир етиштириш учун шартнома асосида бўнак маблағлари ва заруриятга кўра моддий-техника ресурслари билан таъминлайди. Бундан ташқари, мазкур ташкилот етиштирилган маҳсулотни олдиндан тузилган шартномага асосан харид қилиб, уни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунё бўйича 4,4 миллион гектар майдонда аччиқ қалампир экилиб, 68,3 миллион тонна ҳосил олинади. Индонезия, Хитой ва Мексика бу борада йирик ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади. Бир гектар майдонда ҳосилдорлик 15-20 тоннагача етади. 5 килограмм ҳосилдан 1 килограмм қуритилган аччиқ қалампир олиш мумкин. Мисол учун, 1 гектар майдондан 16 тонна ҳосил етиштирилса, 3,2 тонна қуритилган аччиқ қалампир олинади. Унинг 1 тоннаси нархи дунё бозорида 8 минг 640 доллар атрофида баҳоланади.
М.ШУҲРАТОВ