Меню
Қашқадарё
110 ЁШЛИ ДИЛОРОМ МОМО ШУКРОНАСИ
1 октябрь - Халқаро қариялар куни
Кексалар панду насиҳатлари, эзгу дуолари ишларимизга барака эндириб, йўлларимизни нурафшон қилади. Айниқса, юз билан юзлашган кексалар суҳбатида бўлиш, дуосини олиш бизга ҳаёт фалсафасини англатиб туради.
Бугунги кунда вилоятимизда юз билан юзлашган 157 нафар (1 сентябрь ҳолатида) нуроний умргузаронлик қилмоқда. Улардан бири Касби туманининг Талишбе маҳалласилик Дилором момо Юлдашева мустақиллик байрамининг 29 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига мувофиқ "Шуҳрат" медали билан мукофотланди.
Жорий йилда 110 ёшни қаршилаган бўлсада, кўринишидан анча тетик, катта ҳаётий тажрибага эга хонадон соҳибасининг суҳбати самимий ва ёқимли. Аслида ҳам турмуш аччиқ-чучугини кўп кўрган инсонларнинг феъли шундай кенг ва мулойим бўлади.
- Қувончли хабарнинг қаноти бўлади, дейишгани рост экан, - дейди момонинг набираси Тошпўлат Йўлдошев. - У кишининг тақдирлангани бир зумда бутун Қодиробод қишлоғига ёйилди. Қўни-қўшнилар у кишини табриклагани чиқишди. Маҳалла раиси бошчилигида бир гуруҳ меҳмонлар келишди. Бир зумда ҳовлимиз тўйхонага айланди.
Ҳазилакам эмас бир асрдан кўп умр кўриш. Ўнқир-чўнқир йиллар машаққати, айрилиқлар унинг юзларига ажин туширган. Бу нуроний чеҳрада шу муштипар аёлнинг тинимсиз меҳнати ва ниҳоят кексайганда роҳат-фароғат топганидан шукрона ифодаси мужассам.
- Шу хонадонга келин бўлиб тушганимга етти йил бўлди, - дейди набира келин Диляйра Қувватова. - Бирор марта ётиб қолганларини эслолмайман. Ўзлари бемалол ҳовлига кириб чиқадилар. Эшигимиз ҳар доим очиқ. Қўни-қўшнилар момонинг суҳбатларини олайлик, деб келишади. Эрта тонгда ҳовли-жойларни супуриб, сув сепиб қўяман. У кишининг ҳаётликлари биз учун давлат.
Дилором момо хаёлга толади. Эҳтимол кўз олдида узоқ ўтмиш, навниҳол келин бўлган даврлари, турмуш ўртоғининг 1937 йилда армияга кетиб, шу билан қайтиб келмагани, 12 йилдан кўп вақт давомида ёлғиз ўзи унинг йўлларига кўз тикиб ўтирганлари жонланаётгандир.
- Қистов билан 1949 йилда қайта турмушга чиқдим, - дейди Дилором момо Юлдашева. - Турмуш ўртоғимнинг биринчи оиласи вафот этган, ундан 6 нафар ёш бола қолган эди. Уларнинг бошини силадим, оналик қилдим. Улар ҳам менга ўгай кўз билан қарашмади. Ўзим ҳам уч нафар фарзанд кўрдим. Турмуш ўртоғим билан бирга ёнма-ён далада меҳнат қилдик. Шу меҳнат ортидан фарзандларимизнинг кўпчилиги олий маълумотли бўлди. Айни пайтда кенжа ўғлим Бекбўта Юлдашев Тошкентда шифокор бўлиб ишлайди. Уникига борсам қишлоққа қайтгим келаверади. "Дом"да туради-да, юрагим сиқилади. Қишлоғим, қўшниларим, ҳовли-жойимни соғиниб қоламан. Ҳовлида, тоза ҳаводан нафас олиб ўтиришнинг гашти бўлакча.
- Урушда бўлмадим, қонга тўлган жанггоҳларни кўрмадим, - дейди момо. - Аммо фронт ортидаги инсонларнинг дардини, кўзидаги мунгни кўрдим. Ўзим ҳам шуни ҳис қилиб яшадим. Тўлғоқ азобини унутмасдан, чақалоғини дала бошига қўйилган беланчакка боғлаб ишлаган аёлларни кўрдим. Очарчиликни ҳам бошдан кечирдик, аммо барчасига чидадик. Меҳнат қилиб, қийинчиликларни енгдик. Шундай дориломон кунлар келишини орзиқиб кутдик. Яратганга минг бора шукур, шундай кунларга етказди...
Шоҳиста БОЗОРОВА