Меню
Қашқадарё
103 нафар фуқаро кўчки хавфи мавжуд жойлардан хавфсиз ҳудудларга кўчирилди
Матбуот анжумани
Сел ва сув тошқинлари хавфи мавжуд участкаларда, яъни Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Китоб ва Чироқчи туманларидаги 93 та хўжаликни муҳофаза қилиш мақсадида 2022 йилда манзилли дастурга асосан 10 объектда давлат бюджетидан ажратилган 11 миллиард 700 миллион сўм эвазига дарё ўзанларини ростлаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилиб, одамларнинг хавфсизлиги таъминланди.
Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш вилоят бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган матбуот анжуманида шу ва бошқа бир қатор рақамлар ошкор этилди.
Таъкидландики, хавфли ҳудудларда истиқомат қилувчи Деҳқонобод туманидаги 15 та хўжалик (95 нафар), Яккабоғдаги 1 та хўжалик (6 нафар) ва Шаҳрисабздаги 1 та хўжалик (3 нафар), жами 17 та хўжаликдаги 103 нафар фуқаронинг уй-жойлари бузиб олиниб, доимий хавфсиз ҳудудларга кўчириш ишлари ташкил этилди.
- Шаҳрисабз туманидаги 1 та хўжаликдан 3 нафар ва Деҳқонобод туманидаги 6 та хўжаликдан 38 нафар фуқарога вилоят ҳокимлиги ҳисобидан жами 95 миллион сўм миқдорида пул маблағлари ва қурилиш материаллари ажратилди, - дейди Фавқулодда вазиятлар бошқармаси фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўйича ўринбосари Мирзоҳид Остонов. - Чироқчи туманида 3 та, Деҳқонобод, Қамаши Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб, Ғузор туманларида 2 тадан жами 15 та махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилди. Машғулотлар давомида 5960 м3 тупроқ ишлари, 3953 м3 ўзан тозалаш ишлари, 4195 м3 қум- шағал ишлари, 690 м3 харсанг тош ётқизиш ишлари, 244 м3 бетон ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, матбуот анжуманида ўта хавфли юқумли касалликларни олдини олиш бўйича вилоят миқёсида олиб борилаётган тадбирлар хусусида маълумотлар берилди. Таъкидландики, 2022 йилда вилоятимизда олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан, баъзи юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашди. Жумладан, овқатдан заҳарланиш (ботулизм) билан боғлиқ касалликлар билан 2 та ҳолатда 7 нафар фуқаро (Қарши шаҳридаги 1 та ҳолатда 3 нафар, Қамаши туманида 1 та ҳолатда 5 нафар), куйдирги билан 17 нафар фуқаро (Қарши шаҳридаги 1 нафар, Қарши туманидаги 8 нафар, Косон туманида 2 нафар, Касби, Қамаши, Деҳқонобод, Яккабоғ ва Миришкор туманларида 1 нафардан), Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги билан 11 нафар фуқаро (Деҳқонобод туманида 5 нафар, Ғузор туманида 3 нафар, Косон, Қамаши ва Шаҳрисабз туманларида 1 нафардан), қутуриш касаллиги билан 5 нафар фуқаро (Китоб, Косон, Деҳқонобод, Чироқчи ва Кўкдала туманларида 1 нафардан) касалланган ва жойлардаги тиббиёт бирлашмаларига ётқизилган.
Матбуот анжуманида, шунингдек, куйдирги касаллиги ўчоқларини назорат қилиб бориш, бозорларда қўлбола усулда тайёрланган, яроқлилик муддати ўтган, сифат сертификатига эга бўлмаган маҳсулотларни мутахассислар кўригидан ўтказиш ва яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни сотувдан чиқариш чораларини кўриш, қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ишларини кучайтириш ва аҳолининг тиббий-санитар билимини ошириш орқали тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жорий йилда касалланиш ҳолатларини олдини олиш ва камайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилиб, таклифлар бўйича фикр алмашилди.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.