Меню
Қашқадарё
1000 ТУП ГИЛОС ДАРАХТИНИНГ ҲОСИЛИ
Шаҳрисабз туманининг сўлим ҳавоси ва унумдор ери бугун аҳоли дастурхонига мазаси тилёрар мева-сабзавотлар туҳфа этаяпти. Ҳудуд боғларида оби-тобида пишган сархил ноз-неъматлар бозорларимизга файз бағишлаяпти.
Туманда қарийб 20 йилдан буён фаолият олиб бораётган “Ашуров Мироншоҳ” фермер хўжалиги боғбонларининг юртимизда тўкинликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси салмоқли. Полмон қишлоғидаги хўжаликка қарашли 2 гектар боғнинг айни кунлардаги таровати эса кўрган кўзни қамаштирмай қолмайди. Ғарқ пишган меваларни йиғиб-териб олиш ишлари ҳозир айни авжида.
- Ихтисослигимиз - асосан гилос етиштириш, - дейди хўжалик раҳбари Шермуҳаммад Ашуров. – Боғимизни 2010 йилда барпо қилганмиз. Гилоснинг бир эмас, 10 га яқин тури бор. Баъзи навларни хориждан олиб келганмиз. Боғда 1000 туп дарахт парвариш қилиняпти. Кўз тегмасин, бу йил ҳосил сероб.
Боғ айланиб, кўриб гувоҳи бўлдикки, бу ерда гилоснинг ҳар туридан учратиш мумкин. Меваси ўрта ва йирик навлиси ҳам, оқ туслиси ҳам бор. Боғбон ҳар туп дарахтдан ўртача 10 килограммгача гилос олишни мўлжал қилган. Ҳозир хўжаликда айни иш қизғин пайт. Ҳосил териб олиниб, сараланяпти. Қутиларга жойланган гилос бозорга пешма-пеш чиқарилмоқда. Сара, нави анвойи гилослар эса қимматроқ нархда хориж мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
М.ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.