Меню

Қашқадарё

08.09.2020 1440

100 МИНГ СЎМ УЧУН ҚАНЧА ТЕР ТЎКИШ КЕРАК?

Пахта-2020

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари бу йилги мавсумда қўлда терилган бир килограмм пахта учун теримчиларга биринчи теримда 1000 сўм, иккинчи терим учун эса 1400 сўм ҳақ тўланиши кўзда тутилаётганини маълум қилди.

Ана шунга асосланиб, ўзига хос ҳисоб-китобга қўл уришга ва теримда кунига 100 минг сўм ишлаб олиш учун киши қанча тер тўкиши талаб этилишини чамалаб кўришга жазм этдик. 

Маълумки, бизда парваришланадиган ғўза навларида ҳосил бўладиган битта тўқ кўсакдан ўртача 4-6 грамм хом ашё олинади. Демак, бир кило пахта териш учун теримчи 167 тадан 250 тагача чаноқни тозалаши керак. Бу дастлабки теримда бир ғўзада 5-7 тадан кўсак очилган бўлса, теримчи ўртача 35 туп пояга эгилади дегани.

Биринчи теримда кунига 100 минг сўм ҳақ олиши учун теримчи даладан 100 килограмм "оқ олтин" саранжомлаши керак. Энди ўз-ўзидан аён бўладики, бунга эришиш учун мавсумий ишчи кун мобайнида 16 минг 700 тадан 25 мингтагача чаноққа қўл узатиши ёки 3 минг 500 туп ғўзага эгилиши керак.

Агар, нав хусусиятига кўра, ягана даврида бир метр эгатга 7 тадан 9 тагача ниҳол қолдирилишини ҳисобга олсак, бир центнер пахта териши учун теримчи жуфт қаторни тозалаган ҳолда кунига 195-250 метр пахтазор оралаши керак бўлади. Бир нафар илғор ҳашарчи битта ғўзани ҳосилдан тозалаш учун 10 сония вақт сарфласа, унга 100 килограммлик марра учун 9,7 соат вақт зарур бўларкан.

Мана шу ҳисоб-китоблардан келиб чиқсак, қатор оралари 60 сантиметр қилиб экилган бир гектар майдонда 117-150 минг туп ғўза бўлади. Экин парваришида барча агротехнологик тадбирларга амал қилиниб, биринчи терим даврида юқорида қайд этилганидек, ҳар ғўзада 5-7 тадан бўлиқ кўсак очилган ва нав хусусиятига кўра таърифида келтирилган вазнга эга бўлса, дастлабки уринишданоқ гектарига 40 центнер ҳосилдорликка эришилади.

Ҳарқалай, пахта йиғим-терими мавсумида фаол қатнашиб, биринчи терим давридаёқ кунига 100 минг сўмдан ишлаб олиш мумкин экан. Буни  бизнинг ўзига хос ҳисоб-китобларимиз ҳам кўрсатиб турибди, аввалги мавсумларда амалда исботлаб қўйган илғор теримчилар ҳам талай. Улар муносиб меҳнати учун олган иш ҳақидан   ташқари, қимматбаҳо совғалар билан ҳам сийлаб турилганди. Бу йил ҳам манфаат ундан кам бўлмаслиги аниқ. Шундай экан, фойдаланиб қолиш керак!

Ўз мухбиримиз

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!