Меню

Қашқадарё

18.10.2019 1638

100 МИНГ ДОЛЛАРГА “ЭГА” ЙИГИТНИНГ 3 ОЙЛИК ШОҲОНА ҲАЁТИ

Синглисининг ўғли, яъни жияни Жасур Исроилов ҳам тадбиркорга тегишли автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ишлар, тоғаси унга жуда ишонарди.

Жасурнинг эътиборини ўзи ота-онаси билан яшаб юрган тоғасига тегишли уйнинг бир хонаси тортарди. У доим қулфланган турар, фақат тоғасининг ўзигина Тошкентдан келган вақтлари кириб чиқар, калитини ҳам ҳеч кимга бермасди. Жиян тоғам пулларини шу ерда сақлайди, дея тахмин қилар ва унда пул ўмариш режаси пайдо бўлганди.

Бир куни тоғаси АЁҚШдаги офисида калитларини қолдириб кетганини кўргач, дарҳол хаёлидаги режани амалга ошириш фикри туғилди. Кўп ўйлаб ўтирмай калитларни чўнтакка урдию, уй томон шошилди.

Аввал хона эшигини, сўнг у ердаги темир қутини очиб қаради. Не кўз билан кўрсинки, тахлам-тахлам пуллар турарди. У пуллар орасидан 100 минг АҚШ долларини олиб, сомонхонага беркитди. Сўнг яна АЁҚШга келиб, калитларни жойига қўйди.

Тоғаси тумандаги ишларини битириб, яна Тошкентга қайтиб кетгач, унинг кўнгли хотиржам тортди. Энди асло "заправка"да 500 минг сўм маош учун ишлагиси келмасди. Хуллас, ишдан бўшаб, бизнес бошлаш иштиёқида пойтахтга йўл олди...

Пул бўлса чангалда шўрва, деганларидек, бозорга чиқиб, 10 минг АҚШ долларига ўзига ёққан "Нексия"ни сотиб олди. Сўнг яна 2,5 минг доллар сарфлаб, уни безатди. Энди машинада пойтахт кўчалари бўйлаб виқор билан юрмоқчи эди. Аммо йўлга чиқиши билан машинани бир "Матиз" ва яна бир "Нексия"га уриб олди. Ҳодиса ўз хатоси билан бўлгани боис дарҳол айбини тан олиб, "Матиз" эгасига 1500, "Нексия" ҳайдовчисига 2500 АҚШ доллари берди ва шу билан уларни рози қилди. Ўз машинасини таъмирлатиш учун эса яна 3 минг АҚШ доллари сарфлади.

Хуллас, ҳаммасини хамирдан қил суғургандек ҳал қилган бўлса-да, кайфияти бузилган "бойвачча" шу куни уч-тўрт улфатини чақириб, 1000 долларга яқин пулга базми жамшид уюштирди. Орадан бир неча кун ўтиб, Наврўз байрами муносабати билан қишлоққа қайтди. Унинг ишлари юришиб кетгани, бир ой ичида шунча нарсага эришганини кўриб, ҳамма лол эди. Бунинг устига қишлоқда икки кун жўралари билан байрам қилишга 1000 АҚШ доллари сарфлади, икки-уч танишига 2-3 минг доллардан қарз берди. Шундан сўнг яна Тошкентга қайтди.

Ҳар куни ўйин-кулги, базми жамшид давом этар, бунинг учун кунига 500-1000 АҚШ доллари сарфларди. Хуллас, орадан 3 ойга яқин вақт ўтиб, 100 минг АҚШ долларининг ҳам охири кўрина бошлади.

Бу вақтда эса тоғаси ҳам хонасидан пул ўғирланганини сезиб қолган, қариндошлар ими-жимида ўғрини излашга тушишганди. Ана шундай бир пайтда Жасурнинг янги машинада, дабдаба билан қишлоққа келиб қолиши унга бўлган шубҳаларни янада оширди.

Отаси ва икки тоғаси Жасурни ўртага олиб, сўроққа тута бошлашди. Аввалига пулларни мен олганим йўқ, деб оёқ тираб турган йигит      кейинроқ тоғасига муроса таклиф этди: "Пулларингизни билмайман, лекин чиндан ҳам мендан шубҳаланаётган бўлсангиз, майли ўзимнинг 10 минг долларим бор, шуни беришим мумкин", деди у. "Ўзи икки ой аввал Тошкентга борган бўлсанг, бунча пулни қаёқдан олдинг, қаерда ишладинг, пулни ким берди сенга ўзи?" арқонни янада маҳкамроқ ушлади тоға. Жиян эса ҳарчанд уринмасин, баҳоналари ўтмади.

Шундан сўнг Ф.Умидов бу ҳақда туман ИИБга ариза билан мурожаат этди. Тергов-суриштирув ишлари давомида эса Жасур Исроиловнинг барча қилмишлари фош этилди.

Хуллас, йигитчанинг 3 ойлик шоҳона ҳаёти энди жазони ижро этиш муассасасига кўчадиган бўлди.

Ф.САЛОҲОВ,

вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси катта терговчиси, майор

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!