Меню
Қашқадарё
100 гектар ерда ёнғоқ плантацияси ташкил этилмоқда
Қишлоқ хўжалиги кенг имкониятларга бой соҳа ҳисобланиб, бугунги кунда кўпгина эҳтиёжларимиз ушбу соҳага боғлиқ. Сўнгги йилларда Ғузор туманида мазкур соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, тумандаги Шерали МФЙ Манғит қишлоғида жойлашган “Азаматхон бобо” фермер хўжалиги томонидан 100 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиялари асосида ёнғоқ плантацияси ташкил этиш ишлари бошланди.
Ҳокимлик ахборот хизматининг ёзишича, “Идеал” навли ёнғоқ экиш жараёнларида туман ҳокимининг ўринбосари Олимжон Мовланов ҳам қатнашган.
2021 йилнинг тўртинчи чорагида лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 10 та доимий ва 50 та мавсумий иш ўринлари яратилади.
Маълумот учун, мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 6 миллиард сўм бўлиб, ташаббускорнинг 500 миллион сўм ва 5,5 миллиард сўм банк кредит маблағи ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Режага кўра, фермер хўжалиги ерида 5 минг дона кўчат экилади. 3 йилдан сўнг 40 тонна ҳосил олиш кутилмоқда. Бунда 5 тонна ёнғоқ ички бозорга сотилса, қолгани экспортга йўналтирилади. Экспортнинг ўзидан 1 миллион доллар фойда келиши мўлжал қилинган.