Меню
Қашқадарё
10 ОЙДА ГИЁҲВАНДЛИК БИЛАН БОҒЛИҚ 21 ЖИНОЯТ АНИҚЛАНГАН
Назорат ва натижа
Бугунги кунда мамлакатимизда наркотрафик ва наркотик моддалар ғайриқонуний айланишига қарши курашни кучайтириш, транзит йўллар билан вилоятимиз ҳудудига, шу жумладан, Қарши шаҳрига кириб келаётган катта миқдордаги наркотик моддаларни аниқлаш мақсадида ички ишлар идоралари томонидан бир қатор тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари ва жойлардаги ИИБ ходимлари қўшни туманлар ҳудудларидан Қарши шаҳрига ўтувчи наркотик моддалар контрабандаси каналлари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиб, таҳлиллар натижаси бўйича наркотик моддаларни ўтказишда фаол фойдаланилаётган тоғли сўқмоқ йўллари, уларни яширин сақлаш жойлари, жиноий гуруҳ фаол аъзоларини аниқлаш ва унга қарши кураш чораларини кўраётир.
Шаҳар ҳудудидаги бозорлар, наркотик ва психотроп дори воситалари билан қонуний муомалани амалга оширувчи соғлиқни сақлаш, дори-дармон тизимларига кирувчи давлат ва хусусий муассаса, корхоналар ҳамда ноқонуний савдоси ташкил этилган бозорлар, жойларда фаолият кўрсатаётган кафелар, диско барларда синтетик наркотик ва бошқа турдаги гиёҳвандлик моддаларини аниқлашга қаратилган тезкор профилактик ишлар натижасида 2019 йилнинг 10 ойи давомида гиёҳвандлик билан боғлиқ 21 та жиноят аниқланган (2018 йилнинг шу даврида ҳам 21 та жиноий ҳолат содир этилган). Уларнинг 17 тасини наркотик моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказиш, 3 тасини таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган ўсимликларни қонунга хилоф равишда экиб етиштириш ва 1 тасини наркотик моддаларни қонунга хилоф тарзда сақлаш жиноятлари ташкил этади.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича ишлаётган ходимлар самарали фаолият олиб боришлари учун хорижий давлатларда наркотик билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишдаги тажрибаларни ўрганиб келишмоқда. Хусусан, мутахассисларимиз МДҲ давлатлари, Россия Федерацияси, Туркия ва Европанинг бошқа мамлакатларида бўлиб, амалий машғулот ва ўқув семинарларида малака оширишди.
Ушбу йўналишдаги жиноятларга қарши кураш самарадорлигини оширишда, албатта, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим соҳасидаги муассаса ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа манфаатдор идоралар билан ҳамкорликни жадаллаштириш талаб этилади.
Фаррух АХМУРОДОВ,
Қарши шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходими