Меню

Қашқадарё

22.11.2018 2177

“- 10 МИНГ СЎМ, + 40 МИНГ СЎМ” ФОРМУЛАСИ ҚАНДАЙ ИШЛАЙДИ?

“Ўн олтинчидан газ нархи ошаркан”, деганди ҳар доим маҳаллам-ишхонам орасида қатновчи йўналишли такси - “Дамас” “шопир”ларидан бири. Билсам, тайёр туринглар, яқинда йўлкира ҳам кўтарилади, деган огоҳлантириш экан бу. Худди шундай ҳам бўлди. Ҳеч қаерда – на телевизорда, на радио ва газетада бу ҳақда эълон қилинмади. Аммо таксичилар, гўё ҳаммаси бир овоздан келишиб олгандай, йўлкирани оширди-қўйди (таҳририятимизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ўтказилган сўров натижалари нарх ўсиши вилоятимизнинг  деярли барча ҳудудида кузатилганини кўрсатди). Табиийки, ушбу ҳолат бугун кўпчиликда ҳақли эътироз уйғотмоқда. Чунки кира қилувчи ҳайдовчидан  сабабини сўрасангиз, ўша-ўша эски баҳонасини такрорлайди: ёнилғи қимматлашди.

Қонуний асос борми?

Аввал ҳам кўп бора таъкидлаганмиз, йўлкирани ҳайдовчи ҳам, ташув хизмати кўрсатувчи уюшма ҳам, соҳага масъул Автомобиль транспорти агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси ҳам белгиламайди. Мавжуд қонунчиликка кўра, автомобилда йўловчи ташиш тарифлари маҳаллий давлат ҳокимияти томонидан тасдиқланади. Янги тарифларни ишлаб чиқишда барчаси ҳисобга олинади, албатта. Даставвал харажатлар қўшилиб, калкуляция қилинади. Қандай йўл тутилмасин, сих ҳам, кабоб ҳам куймаслиги: ташувчи фойда кўриши, йўловчига ҳам бу оғир ботмаслиги керак. Хуллас, шу тариқа мақбул нархлар тасдиқланади.

Мана бир мисол. Шу йилнинг 21 майида “Қарши шаҳрида йўловчи ташиш транспортида йўловчилар ташиш тарифларини белгилаш тўғрисида” вилоят ҳокимининг қарори қабул қилинганди. Унга кўра, воҳамиз марказида йўлкиранинг чекланган миқдори йўналишли такси учун 1500 сўм, автобуслар учун 1000 сўм қилиб ўзгартирилди. ОАВ орқали аҳоли бу янгиликдан хабардор қилинди. Ҳар жиҳатдан қонуний иш кўрилди. Шундай экан, ҳеч бир эътирозга ўрин йўқ.

Янги нархларга барча кўникиб улгурган бир пайтда Қарши шаҳридаги аксарият йўналиш “маршрутка”чилари ўзбошимчалик билан йўл ҳақини 2000 сўмга кўтариб олгани ошиб тушди. Гапимиз қуруқ бўлмасин. Ижтимоий тармоқда ўтказилган сўровномада қатнашганларнинг билдиришича, вилоят марказидаги 3-, 6-, 12-,13-, 16-, 18-, 33- ва 37-йўналишлар “Дамас” ҳайдовчилари шу нархда йўловчи ташимоқда. Бундан  ташқари, шаҳар атрофида қатновни амалга ошириши мўлжалланган Бешкент-Қарши, Шаҳрисабз-Яккабоғ, Чўлиота-Қарши, Шаҳрисабз-Мираки йўналишларида ҳам йўлкира ўзбошимчалик билан оширилган. Хўш, киракашларнинг бу хатти-ҳаракати ҳуқуқий асосга эгами? Ё тарифларни ошириш бўйича бирор қарор қабул қилиндию, биз бехабар қолдикми? Шу саволлар билан мутасадди ташкилот раҳбарига мурожаат қилдик.

- Ташув хизмати нархларига бу яқин орада ўзгартириш киритилгани йўқ, - дейди Автомобиль транспорти агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзод Норбобоев. – Тарифлар аввалги ҳолича қолган. Масалан, шаҳар атрофида йўловчи ташиш учун нарх 1 километрга 80 сўмлигича турибди. Тўғри, бу тариф бугунги талабга мос эмас. (Шунинг учун кўчани киракаш босиб кетган эканда?! -М.Ж.). Ахир асосий ёнилғи воситалари – бензин ва газ қимматлашди. Аммо янгиси ҳали белгиланмади. Шундай экан, йўлкирани ўзбошимчалик билан оширишни ҳуқуқбузарлик сифатида баҳолаш мумкин.

Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, айни ҳолат бўйича масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда доимий ўрганиш ўтказиб борилаяпти. Бунинг учун махсус ишчи гуруҳ ташкил қилинган. Транспортда юриш тарифларига риоя этмаган ҳайдовчи ва уюшмаларга чора кўрилмоқда. Шундай ҳол аниқланса,  дастлабки жазо сифатида тартиббузарнинг йўловчи ташишга рухсат берувчи ҳужжати – лицензияси амал қилиши   маълум муддатга тўхтатиб қўйиларкан. Хўш, натижа қандай бўлди? Бунга кейинроқ батафсил тўхталамиз.

“2500 сЎмдан Қатнанглар, деб тайинлаганман”

Қоидага асосан, муайян йўналишга эгалик ҳуқуқини тендерда ютиб олган уюшма, яъни автокорхона шартномада кўрсатилган тариф бўйича, агар у белгиланган тартибда ўзгартирилмаган бўлса, йўловчи ташишга мажбур. Субъект шуни бошданоқ ўз зиммасига олган. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 14 июлдаги 138-сон қарори билан тасдиқланган “Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида”ги низомда ҳам бу муҳим талаб ва шартлардан бири сифатида қайд этилган. Афсуски, ҳамма ташувчи юридик шахс ҳам бунга тўла амал қилмаяпти. Аксинча бўлганда, улар юзага келган вазиятни биринчи бўлиб тартибга солиши, ўзига қарашли йўналишда қатновчи ҳайдовчиларни инсофга чақириши керак эди.

-  Қарши тумани Лаганди қишлоғидан вилоят марказига қатновни амалга ошириш чекимизга тушган, - дейди “Ўғилой” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эргаш Алиев. – Километрига қараб юз сўмдан ҳақ оляпмиз. Ўзи 80 сўм бўлиши керак. Бу тариф қабул қилинганига ҳам кўп бўлди. “Запчаст”, ёнилғи нархи ҳам ошди. Ноқонуний бўлса-да, шунга мажбурмиз. Схема бўйича йўналиш узунлиги 24 километр. Шунга 2500 сўмдан қатнанглар, деб тайинлаганман. Маҳалладан эшитдим, шофёрларимиз 3000 сўмдан олаяпти деб. Машина “номер”ини айтсин, ўша “Дамас”чига чора кўраман. Ҳайфсан берамиз, иш ҳақидан кесамиз. Балки қиммат юраётганлар ноқонуний юрганлар бўлиши мумкин. Йўналишда лицензиясизлар ҳам бор-да. Уларни йўқотиш борасида тегишли идораларга хат берганмиз. Натижа эса бўлмаяпти.

Тадбиркор қонунга хилоф иш тутаётганини ўзи ҳам тан олиб турибди. Майли, унингча ҳам борайлик. Йўловчи километрига 100 сўмдан ҳақ тўласин. Йўналишни банд этганлар, уюшма раҳбари айтганидек, қатнов давомида тўлиқ 24 километр йўл босмайди. Негаки, тегишли схемада йўналиш боши сифатида собиқ Қарши автовокзали кўрсатилган. Бироқ манзилга “Дамас”лар бу ердан эмас, “эски шаҳар”дан қатнашини ҳар бир лагандилик билади. Шунинг ҳисобига оралиқ масофа 17-18 километр атрофида. Бу дегани, йўлкира ҳам 1700-1800 сўм (амалдаги тариф бўйича эса 1400-1500 сўм) нари-берисида ўрнатилиши керак, ҳар ҳолда 2500-3000 сўм эмас.

Қолаверса, уюшма бунга иложсизликдан қўл урадими ё йўқ, барибир ҳамма жойда қонун-қоида устун бўлиши, ижроси, унинг устидан назорат  таъминланиши шарт. Хўш, бунинг учун масъулиятли саналган Автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси ўз вазифасини қандай уддалаб келмоқда?

“Ж” банд бЎйича 2 та Ҳолат аниҚланган

Маълум бўлишича, ҳудудий бошқармада автокорхона ва такси ҳайдовчиларининг лицензия талаб ва шартларига амал қилишини назорат қилувчи алоҳида бўлим мавжуд. Айни вақтга қадар ҳам ушбу бўлим мутахассислари томонидан қоидабузарликлар аниқлаб келинган. Тегишлича чоралар қўлланилган.

- Тўғри, белгиланган тарифга амал қилмай йўловчи ташиш ҳолатлари бор, - дейди шу бўлим бошлиғи  Акром Дўсанов. – Бу вазиятда биз дарҳол далолатнома расмийлаштириб, айбдор автокорхонани жавобгарликка тортамиз. Йўлкирани қиммат қилиб юрган автотранспорт воситаси ҳайдовчиси лицензияси 10 иш кунига тўхтатилади. Яна такрорланса, муддат 6 ойга чўзилади. Бунда биз режали иш қиламиз. Бир ҳудудга чиқиб, рейд ўтказамиз. Бошқа масалалар қаторида тарифга риоя қилиниши ҳам ўрганилади. Бундай ҳолатлар кўп. Шу боис ҳаммасини тўлиқ бартараф этолмаймиз. Бирини кўрсак, бирини кўролмай қолишимиз мумкин. Баъзан тушунтириш ўтказиш билан чекланамиз.

Масъул сўзларига ишонсак, бу йўналишда катта кўламли иш қилинаётгандек кўринади. Тақдим этилган маълумотлар эса аксини айтиб турибди. Жумладан, 2018 йил 2 февралдаги баённома асосида 31 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъектга чора қўлланилган. Сабаблар эса қуйидагича. “А” бандга кўра, лицензиат автотранспорт воситаларидан фойдаланишда, уларни шайлашда қонун ҳужжатларига, ташиш қоидаларига риоя қилмаган, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чора-тадбирларини кўрмаган. “З” банд (ташиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш, автотранспорт воситасини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш, уни асраш, техник кўрикдан ўтказиш, техника хавфсизлигини таъминлаш, автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш)га мувофиқ  иш тутмаганлар ҳам кўп. Лекин шу ўтган 10 ойдан ортиқ вақт мобайнида “ж” банд, яъни  ваколатли органлар билан тузилган  шартнома асосида транспортда юриш тарифларига риоя этмаслик бўйича атиги 2 та ҳолат аниқланган, холос.

Нима, назоратчилар шу  вақтгача йўлкирани асоссиз ошириш бўйича   бошқа ҳолатга дуч келмаганми? Наҳотки, “маршрутка”чи ўзи истагандек нарх белгилаб юргани юзасидан фақат шу икки ҳолатгина кўзга ташланган бўлса. Узоққа бормайлик. Вилоят ҳокимининг 21 майдаги қарори қабул қилинмаси туриб, Қарши шаҳрида элбурутдан, беш-олти ойлаб йўловчилардан асоссиз равишда ортиқча 500 сўмдан ҳақ олинганда ҳам мутасаддилар индамай жим қараб турганди. Кўринадики, ёнидаги муаммога томошабин сифатида қараш мазкур бошқарма ходимларининг эски “касали”.

Ишингиз фаҚат лицензиялашми?

 Тўғри-да, поймол этилаётган йўловчи ҳуқуқини таъминлай олмаса, белгиланган тарифларни писанд қилмаётган йўналишлар эгалари фаолияти ва “Дамас”чиларни тартибга сололмаса, бундай мутасадди ташкилотнинг қандай ўрни бор?! Уларнинг иши фақат уюшма ва ҳайдовчиларни лицензиялашдан иборат бўлиб қолмаяптими? Бу муаммога жиддий эътибор қаратишдан нима уларни тўсаяпти? Кимнингдир олдида тили қисиқ жойи борми ё?

Йўлкира ошса, ошибди-да, газ нархи ҳам кўтарилди-ку, шундан ҳам фожиа ясаш керакми, дейдиганлар топилади. Хулоса қилишга шошилманг. Газ қимматлашган бўлса, 300 ё 400 сўмга ошди (кўпчилик “Дамас”чилар пропан эмас, арзон метан “заправка” қилиб юришини ҳам эсдан чиқарманг). Киракашнинг оғзидан эшитганим шуки, илгари газга 40 минг сўм сарфлаган бўлса, эндиликда шунга ортиқча 10 минг сўм ишлатаяпти. Агар бир “Дамас” ҳайдовчиси бир кунда 100 йўловчи ташиса, улардан жами 50 минг сўм қўшимча ҳақ олаяпти. Атиги 10 минг сўм қўшимча харажат қилиш эвазига 40 минг сўм асоссиз фойда кўраётгани ғалати туюлмайдими? Бу ўзига хос формула қандай ишлаши энди тушунарлидир. Биргина Қарши шаҳрида 1580 та “Дамас” йўналишларда қатнайди. Энди ўзингиз ўйланг, йўл ҳақини асоссиз кўтариб олиши эвазига қанчадан-қанча пул давлат бюджетига ҳам эмас, “маршрутка”чи чўнтагига кираяпти, ноқонуний айланаяпти. Жабрини ким кўраяпти? Албатта, йўловчилар, биз, сиз...

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Собир  НАРЗИЕВ олган суратлар.

P.S. Мақола саҳифаланаётган пайтда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги расмий сайтида автомобилларга газ қуйиш (компрессор станциялари) шохобчалари томонидан сотилаётган табиий газ нархини оширишга ҳеч қандай асос йўқлиги хусусида хабар берилди. Молия вазирлигидагилар  фикрича, агарда нархлар 2018 йил 15 ноябрдаги даражага туширилмаса, АГҚШларга нисбатан   тегишли санкциялар қўлланилади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!