Меню
Қашқадарё
10 КУН ИЧИДА 2 ТА ЮК АВТОМОБИЛИ ЁНДИ. НЕГА?
Улар томонидан чорва учун қишки озуқа ғамловининг ўз вақтида амалга оширилиши яхши, албатта. Бироқ, сомон, қуруқ пичан каби тез алангаланувчи емишларни ташиш ва ғамлашда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш лозим. Бинобарин, сўнгги кунларда айнан шу турдаги юклар билан боғлиқ ёнғинлар сони кескин ортиб бормоқда. Кишиларнинг бу юмушга ўз билганича муносабатда бўлиб, хавфсизлик қоидаларига беписанд қараши оқибатида катта миқдордаги мол-мулк нобуд бўлиб, энг ачинарлиси, одамлар ҳаёти ва соғлигига таҳдид туғилаётир.
Мисол учун, жорий йилнинг 28 июль куни Чироқчи тумани Оқолтин қишлоғида яшовчи фуқаро Ф.Ёрбозоров ўз бошқарувидаги “ЗИЛ-130” русумли юк автомобили тиркамасига 300 та сомон боғламасини белгиланган меъёрдан анча баланд қилиб юклаб, йўлга тушган. Машина ҳаракатланиб кетаётганида ғарамнинг тепа қисми йўл устидан ўтган электр линиясига урилиб, ёнғин келиб чиқади. Натижада “ЗИЛ-130” машинаси ва унга юкланган сомон ёниб кулга айланди.
Чироқчи туманида худди шундай ҳолат деҳқонободлик Ш.Ҳайитов бошқарувидаги юк машинасида ҳам содир бўлган. У “МАN” русумли автомобилининг тиркамасига катта миқдордаги сомон боғламларини юклаб, туманнинг Боғишамол маҳалласи ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган вақтда ҳаддан ортиқ баланд юкланган сомон ғарами йўл тепасидан ўтган электр симига тегиб, ёнғин содир бўлган. Бу ҳолатда ҳам юк автомобилидаги сомон ва тиркама ёниб кетган. Ҳайдовчи ўз вақтида машинани тиркамадан узиб, ёнғиндан сақлаб қолган.
Қолаверса, сўнгги кунларда аҳолининг ҳовлиларида ғамланган сомон ва хашак ғарамларининг ёниб кетиши билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар содир бўлмоқда.
Жумладан, 29 июль куни Деҳқонобод тумани Гумбулоқ қишлоғида яшовчи фуқаро М.Хайитовнинг яшаш уйи ҳовлисидаги сомонхонасида ёнғин содир бўлган. Олов аввал сомонхонани, сўнгра унга ёндош қурилган гаражни қамраб олган. Натижада ушбу бинолардаги мол-мулк, хусусан, мазкур фуқарога тегишли “Дамас” автомобилининг бир қисми ёниб кетган. Энг ачинарлиси, дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, ёнғиннинг келиб чиқишига ёш боланинг гугурт ўйнаши сабаб бўлган. Яхшиямки, хонадонда яшовчи фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига зиён етмаган.
Албатта, бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ҳам бир қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда 27 маротаба рейд ўтказилиб, белгиланган юк ташиш меъёрларига амал қилмаган 62 нафар ҳайдовчига нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. 112 нафар юк ташувчи автотранспорт ҳайдовчиси иштирокида суҳбат ва йўриқномалар ўтказилди. Вилоятдаги қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот ишлари ташкил этилмоқда. Бироқ бу борада энг аввало фуқароларимизнинг ўзи эҳтиёткор бўлиши, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилиши лозим. Бу билан улар энг аввало ўз ҳаёти, мол-мулки дахлсизлигини таъминлаган бўлади.
Соҳибжон ВАЙИТОВ,
вилоят ИИБ ЁХБ катта
муҳандиси, катта лейтенант