Меню

Қашқадарё

31.08.2023 7138

1 СЕНТЯБРДАН АМАЛДА

 

Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб-тамойиллар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил  1 сентябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш электрон платформа орқали амалга оширилади

Президентнинг "2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонига асосан:

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматлар босқичма-босқич "Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига субсидия ажратишнинг ягона электрон платформа"сига ўтказилади ҳамда субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини электрон платформа орқали онлайн текшириш тизими йўлга қўйилади.

Шунингдек, ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида фото ва видео маълумотлар юборган шахслар рағбатлантирилади

"Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва "рақамли энергоназорат" тизимини    жорий этиш тўғрисида"ги  Президент фармони билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

аҳоли томонидан Энергетика вазирлигининг Интернет тармоғидаги махсус ахборот тизимига юборилган электр, иссиқлик энергияси, газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади;

ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар пул мукофоти билан рағбатлантирилади;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосуратлар, видеоёзувлар ва хабарларни тақдим этган шахслар тўғрисидаги маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

Инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлар қоғоз шаклида тақдим этилмайди

Президентнинг "Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:

кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари хусусийлаштирилганлиги тўғрисидаги давлат намунасидаги ордер ва сертификат Давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали QR-код қўйилган ҳолда берилади;

онлайн аукцион савдоларида давлат мулки объектларини сотиб олган харидорлар билан шартномалар савдо натижаси бўйича баённома асосида "E-auksion" электрон савдо платформасида электрон шаклда (шу жумладан, электрон рақамли имзо орқали) расмийлаштирилади;

ҳар чоракда тегишли вазирлик ва идоралар ходимларининг жойига чиққан ҳолда    инвестиция мажбуриятларининг бажарилишини оралиқ мониторинг қилиш тартиби бекор қилинади;

инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни қоғоз шаклида тақдим этиш тартиби бекор қилиниб, тегишли давлат органлари ва ташкилотларнинг электрон базасини "Давлат мулки" ахборот тизимига интеграция қилиш ва тадбиркорлар электрон тизимга киритадиган маълумотлар орқали ҳисоботларни олиш йўлга қўйилади.

18 ёшгача бўлган болалар маданий мерос объектларига тўловсиз киради

Республика фуқароси ҳисобланган ва 18 ёшгача бўлган болаларнинг маданий мерос объектларига, жумладан, кўргазмалар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар, шунингдек, давлат музейларига тўловсиз кириш тартиби жорий этилади.

Бу ҳақда Президентнинг "Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида кўрсатиб ўтилган.

Бундан ташқари, ҳужжат асосида олий таълим ташкилотларининг юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабаларига адвокатлик тузилмаларида меҳнат қонунчилигига мувофиқ ўқишдан бўш вақтда адвокат ёрдамчиси сифатида иш фаолиятини олиб боришга рухсат этилмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг мактаблар фаолиятини текшириш ваколати бекор қилинади

Давлат раҳбарининг "Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига биноан:

умумий ўрта таълим муассасалари директорларига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади;

туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинади;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида энг тажрибали умумий ўрта таълим муассасалари директорларидан иборат бўлган Директорлар кенгашлари тузилади;

умумий ўрта таълим муассасалари директорларини лавозимига тайинлаш Директорлар кенгаши тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари томонидан очиқ танлов асосида амалга оширилади. 

Судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда онлайн шакллантирилади

"Аҳолига маъмурий жарималарни тўлашда қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда соҳада коррупцион омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши ҳақидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг "Тезкор маълумотлар" ягона ахборот тизимида автоматик равишда онлайн шакллантирилади;

судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланганлиги ҳақидаги маълумотнома судланганлик муддати тугаган ёки судланганлик олиб ташланган сананинг эртасидан кечиктирмасдан тегишли шахснинг Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинетига автоматик равишда бепул юборилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади

Давлат раҳбарининг "Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек:

олий таълим муассасаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, "яшил" иқтисодиёт ва гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.

Бунда, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларнинг бир йиллик тўлов-контракт суммаси қопланган ҳолда, ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараварида, давлат гранти асосида таълим олаётган талабларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 бараварида Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендиялар тайинланади.

Қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор рақамли технологиялар жорий қилинади

Президентнинг "Қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор рақамли технологияларни жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан жорий этилаётган тартибга мувофиқ:

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Рақамли қишлоқ хўжалиги" ягона интеграцион платформаси таркибида пахта, бошоқли дон, мева-сабзавотлар етиштириш учун имтиёзли кредит ажратиш жараёнларини рақамлаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга шаффофлик тамойили асосида хизмат кўрсатиш учун "Агроплатформа" ахборот тизими  ташкил қилинади.

 Бунда:

маҳсулот етиштирувчиларнинг ягона  реестри жорий этилади, ҳар бир ердан фойдаланувчининг электрон паспорти шакллантирилиб, уларга идентификацион рақам берилади, ҳар календарь йилнинг   15 мартига қадар маҳсулот етиштирувчиларнинг маълумотлари янгиланади;

маҳсулот етиштирувчиларнинг келгуси йил ҳосили учун экинларни оқилона жойлаштириш бўйича таклифлари электрон харитада акс эттирилади ва тасдиқланади;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар ва уларга хизмат кўрсатувчи субъектлар ўртасида ҳужжат айланиши электрон шаклга ўтказилади.

Тадбиркорлик субъектларига айрим махсус техникаларни техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади

Ҳукуматнинг "Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:

Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларига жисмоний шахсларнинг 100 от кучигача қувватга эга бўлган қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини техник кўрикдан ўтказиш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талон бериш амалиёти бекор қилинади;

эски намунадаги техник паспорт, техник гувоҳнома, давлат рақами белгиси ва тракторчи-машинист гувоҳномаси (уларни мажбурий тартибда алмаштиришнинг якуний муддати 2023 йил 31 август) ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб:

Қоғозсиз иш юритишга ўтиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида ижро этувчи ҳокимиятнинг марказий аппаратлари "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими негизида ишлаб чиқилган "edo.ijro.uz" модули орқали электрон ҳужжат айланиш тизимига тўлиқ ўтказилади.

* * *

Ҳар бир йирик саноат корхонаси (атроф-муҳитга таъсири бўйича I ва II тоифага кирувчи) томонидан ўз ва туташ ҳудудларида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган лойиҳа асосида уч йил давомида "яшил белбоғ"лар барпо этилади.

* * *

Маданият марказларида босқичма-босқич замонавий жиҳозланган кутубхоналар ва кинотеатрлар ташкил этилади; мусиқа чолғучилиги ва ашула ижрочилиги бўйича пуллик махсус курсларда ўқитиш тизими жорий қилинади.

* * *

Ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлашда ногиронлиги бўлган шахслардан тиббий хулоса талаб қилиш бекор қилинади.

* * *

Мигрантлар ҳуқуқлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари учун ўқув курслари ташкил қилинади.

* * *

 Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, йўл-патруль ва патруль-пост хизмати бўлинмалари ходимларини "Фуқаролар билан ишлаш модули" бўйича узлуксиз ўқитиш амалиётини йўлга қўйиш орқали уларнинг соҳада самарали хизмат олиб боришдаги шахсий масъулияти оширилади.

* * *

Тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдоси хабардор қилиш тартибида амалга оширилади, бундан алкоголь маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси бўйича лицензия ёки хабарномага эга бўлган субъектлар мустасно.

* * *

Давлат иштирокидаги корхоналарнинг бўш пул маблағларини депозитга жойлаштириш бўйича тижорат банклари ўртасида фоиз ошиб бориш тарзида банк капитали етарлилиги, банк капиталининг унинг мажбуриятларига нисбати, ликвидлилик коэффициенти каби шартларни назарда тутган ҳолда аукцион савдолари ўтказилади.

* * *

Республиканинг сейсмик фаол зонасида жойлашган сейсмик хавфсизлиги III-IV тоифага кирувчи кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларда (зинапоя йўлаклари, чердак ва умумий фойдаланишдаги ошхоналарда) ўзбошимчалик билан қурилган конструкциялар; кўп квартирали уйларнинг, шу жумладан, уларнинг  ертўла ва биринчи қаватидаги зилзилабардошликка таъсир қилувчи конструкцияларга ўзбошимчалик билан киритилган ўзгартиришлар аниқланади ва ноқонуний ҳолатлар бўйича қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилиши таъминланади.

* * *

Турагентларнинг электрон тўловлар, бронь қилиш хизматларини кўрсатадиган камида иккита хорижий тилдаги веб-сайтга эга бўлиши; туроператорларнинг электрон тўловлар хизматларини кўрсатадиган веб-сайтга эга бўлиши талаблари бекор қилинади.

* * *

Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик, илм-фан ютуқлари, инновацион технологияларни жорий қилиш, инсон ресурсларини ривожлантириш масалалари янги ташкил этиладиган агрокластерлар, кооперативлар ва соҳадаги бошқа йирик корхоналар фаолиятини ташкил этишда лицензия ва рухсат этиш тартиб-таомиллари шартларидан бири этиб белгиланади.

* * *

Тиббиёт ходимларини "психиатрия", "суд психиатрияси", "тиббий психология" ва "наркология" йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатлари Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

* * *

Юридик шахс мақомига эга бўлган Республика ихтисослаштирилган оториноларингология ва бош-бўйин касалликлари илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил қилинади.

* * *

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига ҳамда Солиқ қўмитасига тамаки маҳсулотининг улгуржи ва чакана савдоси, пиво маҳсулотининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларда тегишли лицензия ёки хабардор қилмасдан ишлаб чиқилган ва сотилган, идентификация воситалари билан маркировкаланмаган, қалбаки акциз маркали ёки акциз маркаси мавжуд бўлмаган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ҳақида далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, махсус ваколатли органни хабардор қилган ҳолда текширишларни амалга ошириш ваколати берилади.

* * *

 Режа асосида вилоят, туман ва шаҳарлар бош режаларининг маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга оид талабларга мувофиқлиги юзасидан аудит ўтказилади.

* * *

 Республиканинг барча 16 та "Нурли маскан" ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилади.

* * *

Давлат ёнғин назорати органларига ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган объектларда бир йилда кўпи билан бир мартадан батафсил (дастлабки) текширув ва назорат текширувини ўтказиш; жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида тезкор текширувлар ўтказиш; бир вақтнинг ўзида 50 нафардан кўп одам тўпланадиган объектларда (бозорлар, савдо-кўнгилочар мажмуалари, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқалар) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тасдиқлаган режа-график асосида ҳар чоракда камида бир маротаба мониторинг ва профилактика тадбирларини ўтказиш ваколати берилади.

* * *

Иш берувчилар томонидан ҳомиладорлиги ёки фарзанди борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш каби ҳолатлар бўйича мурожаатларни қабул қиладиган "Cаll-марказ" ишга туширилади.

* * *

Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ва шифохоналардаги беморларнинг кунлик истеъмол рационига асал маҳсулоти киритилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!