Меню
Қашқадарё
1 ОКТЯБРДАН АМАЛДА
Маълумки, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган бир қатор тартиб-тамойиллар билан таништириб боришни анъанага айлантирганмиз. Бу гал сизни жорий йилнинг 1 октябридан амалга киритиладиган муҳим янгиликлардан хабардор этамиз. Бинобарин, улар, энг аввало, тараққиётни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, мушкулини осон қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятли.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш қўллаб-қувватланади
Президентнинг "Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан:
жисмоний шахсларга Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республикада ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилади;
қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг қийматини тўлиқ тўлаган ҳолда уларни харид қилган ва ўрнатган истеъмолчиларга харид харажатларининг бир қисми компенсация қилинади;
истеъмолчилар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари тўғридан-тўғри маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар, етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматларини кўрсатувчи корхоналар, маҳаллий чакана савдо объектларидан, шу жумладан, электрон тижорат воситалари орқали сотиб олинганда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.
Шунингдек, ҳужжатда қуввати 5 МВтгача бўлган гидроэлектрстанцияларда ишлаб чиқарилган электр энергияси "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва давлат томонидан электр энергиясини харид қилувчи функцияси (ваколати) берилган орган томонидан кафолатланган тарзда сотиб олиниши белгилаб қўйилган.
НТТда ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун таълим кредитлар ажратилади
Нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиши учун таълим кредити ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Давлат раҳбарининг "Замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида шу ҳақда айтилган.
Унда белгиланганидек:
а) тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозитлар ҳисобидан ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратади;
б) нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун ёшларга таълим кредити:
базавий ҳисоблаш миқдорининг 65 бараваригача миқдорда 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган ёшларга ажратилади;
расмийлаштирилиши ва унинг қайтарилишида кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахслар биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;
в) "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га кирган оилалар фарзандлари бўлган ёшларга ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олишга ажратиладиган таълим кредити учун гаров ва кафиллик талаб этилмайди;
г) ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун ёшларга таълим кредити Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк) резиденти бўлган ташкилотларнинг ўқув курсларида таълим олиш учун ажратилади. Бунда, ахборот технологиялари соҳасида таълим берувчи резидент ташкилотлар реестри IT-парк томонидан электрон ахборот тизими шаклида юритилади ҳамда зарур ҳолларда тижорат банклари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан интеграция қилинади.
Ҳокимликлар тузилмасига рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўйича лойиҳалар менежери лавозими киритилади
Президентнинг "2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилганидек:
ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар ажратиш тартиби жорий қилинади.
Бундан ташқари, туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасига ходимларнинг умумий чекланган сони доирасида рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўйича лойиҳалар менежери лавозими киритилади.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига рақамли иқтисодиётни жорий этиш бўйича лойиҳалар менежерига Жамғарма ҳисобидан иш ҳақига 100 фоизгача қўшимча устама ҳақ тўлаш ҳуқуқи берилган.
Касаначи учун ажратиладиган субсидия миқдори оширилади
Касаначига зарур асбоб-ускуна харид қилиш учун тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган субсидия миқдори БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача) оширилади.
Бу ўзгариш Президентнинг "Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан амалга киритилмоқда.
Яна, ҳужжатга кўра:
олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда камида 20 нафар эҳтиёжманд хотин-қизни касаначилик асосида иш билан таъминлаган тадбиркорлар ўртасида ҳар йили бир марта ҳар бирининг қиймати 50 миллион сўм бўлган лойиҳалар танлови ўтказилади;
"Аёллар дафтари"даги камида 5 нафар ишсиз хотин-қизни касаначилик асосида ишга қабул қилган тадбиркорлар томонидан давлат мулкидаги бино ва иншоотларни ижарага олишда ижара ҳақи 50 фоиз миқдорда ундирилади;
ходимлари умумий сонининг камида 70 фоизи "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар бўлган касаначиликни ташкил этган ва имтиёз берилган даврда уларнинг бандлигини сақлаб қолган тадбиркорлар давлат мулкидаги бино ва иншоотлар учун ижара ҳақи тўловидан 2027 йил 1 октябргача озод этилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб:
Президентнинг "Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ:
республика ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларни йиллар кесимида зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади ва хатлов натижасига кўра эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича таклифлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиб борилади.
* * *
Соҳа ва тармоқларда ислоҳотларни амалга ошириш, уларни мувофиқлаштириш ҳамда натижадорлигини баҳолаш тартиби жорий этилади.
Бу ҳақда давлат раҳбарининг "Стратегик ислоҳотларни жадаллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўрсатиб ўтилган.
* * *
Ҳукуматнинг "Бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига асосан:
"Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб (хатлаб) қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.