Меню
Қашқадарё
1 НОЯБРДАН АМАЛДА
Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил 1 ноябрдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият
Президентнинг "Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида"ги фармонида белгиланганидек, "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури қуйидагиларни назарда тутувчи "Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият" тамойили асосида амалга оширилади:
барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш - тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда ҳар бир маҳаллага етакчи тадбиркорларни жалб қилиш, томорқадан самарали фойдаланиш, ҳар бир туман ва шаҳарда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга туртки берувчи камида 5 тадан "драйвер" лойиҳаларни амалга ошириш, қўшимча 50 минг гектар экин майдонларини камбағал оилаларга ижарага бериш, уларга кичик ишлаб чиқариш ускуналари, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситаларни бўлиб тўлаш шарти билан бериш;
таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш - 2024-2025 йилларда камбағал оилалар фарзандларининг мактабгача таълим билан қамров даражасини 80 фоизга етказиш, оиланинг камида битта фарзандини хорижий тилларга, касб-ҳунарга ёки мутахассисликка ўқитиш, битта фарзанди, хусусан, қиз фарзандининг олий маълумотга эга бўлиши учун шароит яратиш, болаларни компьютер саводхонлигига ўргатиш, ахборот технологиялари ва дастурлаш бўйича ўқув курсларида ўқиши учун шароит яратиш, шу жумладан, мактабларда тўгараклар ташкил этиш;
кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш - камбағал оилаларнинг ҳар бир аъзоси бир йилда бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтиши, уларнинг ўз соғлиғи учун масъулиятини ошириши (кундалик турмуш тарзи ва овқатланишда зарарли одатлардан воз кечиши), ҳар бир фарзанди спорт тўгаракларига қатнашиши учун имкониятлар яратиш, оиланинг тиббий хизматларга ўз ҳисобидан сарфлайдиган харажатларини икки баробар қисқартириш;
ижтимоий хизматлардан фойдаланиш - ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш орқали оилаларнинг меҳнат қилиш имкониятини чекловчи омилларни бартараф этиш, хусусан, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кундузги қатнов асосида қараб туриш, болаларни тарбиялаш ва кундузги парваришлаш хизматларини йўлга қўйиш;
яшаш шароитларини яхшилаш - ипотека тизимидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, маҳаллаларда экологик тоза материаллар ва технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий "яшил" турар жойларни қуриш ёки реконструкция қилиш, тоза ичимлик сувни етказиш, хонадонларда энергия тежовчи инновацион ёритиш, иситиш ва иссиқ сув таъминоти ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш тизимларини жорий этиш;
давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш - томорқаларни суғориш суви, маҳаллани электр энергияси ва интернет билан узлуксиз таъминлаш ҳамда унинг туман маркази билан транспорт жиҳатидан боғланганлигини яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, ҳудудларни жадал комплекс ривожлантириш дастурларини босқичма-босқич амалга ошириш;
давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш - барча бўғиндаги давлат ҳокимияти органлари камбағал оилалар билан мунтазам тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши, бирдамликда ҳаракат қилиши ҳамда раҳбарларни камбағал оилаларга бириктириш, уларнинг муаммоларини биргаликда ечишга кўмаклашиш.
Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестри жорий қилинади
Давлат раҳбарининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:
давлат дастурлари асосида кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга барча тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари жалб қилинади;
"Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш" комплекс дастури доирасида кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган 100 миллион сўмгача гаровсиз микрокредитларни қайта молиялаштириш ёки улар бўйича кафилликлар тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда тижорат банкларига ва микромолия ташкилотларига ўз ресурслари ҳисобига мазкур микрокредит миқдорини 300 миллион сўмгача оширишга рухсат этилади.
Шунингдек, фармонга асосан: барча учун очиқ ҳолатда юритиладиган Инсон ҳаёти ва соғлиғига юқори хавф солувчи омиллар реестри жорий қилинади.
Тайёр заргарлик буюмларига нисбатан импорт божхона божлари камайтирилади
Чет элда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмларини, башарти улар бўйича божхона тўловлари амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаса, сотувга қўйиш ва чакана савдода реализация қилиш ман этилади.
Бу ҳақдаги норма Президентнинг "Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини янада ривожлантириш ва уларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида келтирилган.
Ҳужжатда қайд этилганидек, юқоридаги тартиб бухгалтерия ҳисоби қонунчилигига мувофиқ 2024 йил 1 сентябрга қадар расмийлаштирилган (кирим қилинган) заргарлик буюмларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Шунингдек, қимматбаҳо металларнинг ҳамда қимматбаҳо металлар билан қопланган металларнинг чиқиндилари ва парчалари лицензия асосида экспорт қилинадиган махсус турдаги товарлар рўйхатига киритилади;
Асиллик инспекциясининг хулосаси бўлмаган ярим тайёр заргарлик буюмларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқиш ман этилади;
жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ҳамда 65 граммгача бўлган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан ясалган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, ушбу миқдорлардан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади;
2027 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган тайёр заргарлик буюмларига нисбатан импорт божхона божлари 20 фоиздан 10 фоизгача камайтирилади.
Кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг узлуксизлиги ва барқарорлиги таъминланади
Президентнинг "Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш" комплекс дастурини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан, банклар ва микромолия ташкилотлари томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган 100 миллион сўмгача гаровсиз микрокредитлар уларни олган кичик тадбиркорлик субъектлари рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган ҳудуд тоифасидан келиб чиққан ҳолда "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" акциядорлик жамияти томонидан микрокредит берувчиларга қуйидаги ставкаларда қайта молиялаштирилади:
5-тоифа учун - 12,5 фоиз;
4-тоифа учун - 13,5 фоиз;
3-тоифа учун - 14,5 фоиз;
2-тоифа учун - 17,0 фоиз;
1-тоифа учун - 18,0 фоиз.
Бундан ташқари, қарор билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:
микрокредитларни қайта молиялаштиришда улар бўйича юзага келадиган кредит таваккалчилигини туманлар (шаҳарлар) тоифасидан келиб чиқиб, компания ва микрокредит берувчилар ўртасида тақсимлаш тизими жорий қилинади. Бунда, компания микрокредит берувчиларга жойлаштирадиган ресурс маблағларининг тегишли қисми қуйидаги миқдорларда гаров депозити сифатида қабул қилинади:
5-тоифадаги туманда (шаҳарда) рўйхатдан ўтган ва шу ҳудудда фаолият юритадиган кичик тадбиркорлик субъектларига ажратилган микрокредитлар бўйича - 80 фоиз; 4-тоифа бўйича - 60 фоиз; 3-тоифа бўйича - 40 фоиз; 1-, 2-тоифалар бўйича - 20 фоиз;
микрокредит берувчилар томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига ажратилган ҳамда "Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси" ресурслари ҳисобидан қайта молиялаштирилмайдиган 100 миллион сўм доирасидаги гаровсиз микрокредитлар бўйича компаниянинг портфель кафиллиги тақдим қилинади;
"Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш" комплекс дастури доирасида молиявий қўллаб-қувватлаш инструментларидан фойдаланиш учун амалий ўқув курсларини тугатганлик тўғрисида сертификатга эга бўлиш талаб этилмайди.
Хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотлар очиқ эълон қилиб борилади
Давлат раҳбарининг "Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан:
хорижий иш берувчилар томонидан таклиф қилинаётган иш ўринлари ҳақидаги барча маълумотлар Миграция агентлигининг электрон платформаси, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда очиқ эълон қилиб борилади;
Агентликнинг электрон платформасида фуқароларга ўзининг резюмесини шакллантириш ва жойлаштириш ҳамда эълон қилинган иш ўринлари бўйича танловларда эркин иштирок этиш имконияти яратилади;
вақтинча меҳнат фаолиятига чиқиб кетаётган фуқароларга Миграция жамғармаси ҳисобидан 10 миллион сўмгача икки йил муддатга микрокредитлар ажратилади;
фуқароларнинг хорижда ишга жойлашиши ва "ишчи виза"га оид ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича бепул консалтинг хизматлари кўрсатилади.
Товар-хом ашё биржалари фаолиятини лицензиялаш талаблари янгиланади
Вазирлар Маҳкамасининг "Биржа савдоларига илғор ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳамда соҳада рақамлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек, қуйидаги талаблар бажарилган тақдирда, товар-хом ашё биржалари фаолиятини лицензиялашга йўл қўйилади:
мулк ҳуқуқи асосида лицензияланган электрон биржа савдолари тизимининг мавжудлиги;
умумий ҳисобда хотираси камида 100 ТВ бўлган сервер ускуналари ҳамда алоҳида маълумотларни қайта ишлаш марказига эга бўлиш;
электрон биржа савдолари тизимининг узлуксиз ҳамда ташқи аралашувлардан ҳимояланган ҳолда фаолият кўрсатиши;
республиканинг ҳар бир ҳудудида юқори тезликдаги ҳимояланган интернет тармоғи орқали биржа савдоларида иштирок этиш имкониятининг яратилгани;
тегишли хизмат кўрсатувчи тижорат банки ахборот тизими билан интеграциялашган савдо операциялари бўйича маблағлар кирим ва чиқим амалиётларини инсон омилисиз амалга оширувчи дастурий таъминотнинг мавжудлиги.
Бундан ташқари, қарор билан биржа савдоларида иштирок этадиган тадбиркорлик субъектларининг маблағларини молиявий хавф-хатарлардан кафолатли ҳимоялаш учун товар-хом ашё биржалари устав капиталининг энг кам миқдори 100 миллиард сўм этиб белгиланади.
Қарор билан ўрнатилаётган тартибга кўра: экспорт-импорт операциялари доирасида Республика биржаси орқали тузилаётган "форвард" битимлар бўйича маҳсулот нархлари етказиб бериш муддатидан келиб чиқиб, халқаро ахборот агентликларининг индекс ва республика товар-хом ашё биржалари котировкалари асосида шаклланади;
юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилари томонидан маҳсулотларни тўғридан-тўғри сотишда маҳсулот нархи мазкур товар бўйича амалдаги Республика биржаси ўртача нархидан (котировка) паст бўлмаслиги таъминланади.
Шунингдек, 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб:
Президентнинг "2024-2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони талабларидан келиб чиқиб, аэро ва космик суратлар ҳамда уларнинг ҳосилаларидан фойдаланиш ва тарқатиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
фазовий ўлчам аниқлиги 0,5-1 метр/пикселгача бўлган суратлар ва уларнинг ҳосилалари суратга олинган вақтдан бошлаб 5 кун ичида "Хизмат доирасида фойдаланиш учун" грифи асосида, 5 кун ўтгандан кейин эса очиқ;
фазовий ўлчам аниқлиги 1 метр/пиксель ва ундан ортиқ бўлган суратлар ва уларнинг ҳосилалари ўта муҳим, режимли ва ҳарбий объектларни акс эттиришидан қатъи назар назорат кўригидан ўтказилмайди ва очиқ фойдаланилади.
* * *
Давлат раҳбарининг "Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан:
автобусларни ногиронлиги бўлган шахслар эҳтиёжларига мослаштириш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача бўлган қисми Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
* * *
"Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори кўрсатмасига кўра:
Давлат меҳнат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувлар текширув бошланган пайтдан бошлаб Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилган ҳолда ўтказилади.
* * *
Ҳукуматнинг "Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан:
хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларга ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш харажатлари Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.