Меню

Қашқадарё

01.03.2018 1736

1 МАРТДАН ҚАНДАЙ ҚОИДАЛАР КУЧГА КИРДИ?

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.

Ҳужжатда, шунингдек, мутасадди вазирлик ва ташкилотларга автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари - ногиронлиги бўлган шахсларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш, маҳаллий ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш борасида тегишли вазифалар юклатилган.

Айни дамда юртимизда ногиронлиги бўлган шахслар учун мослаштирилган автомобилларни ишлаб чиқариш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, яқинда “GM Uzbekistan” АЖ томонидан ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган махсус мосламали “Spark” русумли автомобиль намойиш этилган эди.

Маълумот ўрнида келтириб ўтамиз, бугунги кунда дунёда тахминан бир миллиард, жумладан, Ўзбекистонда 600 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқда. Президентимизнинг юқоридаги фармони эса уларнинг кундалик турмушда, шу аснода мамлакат сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этиш имкониятларини оширишга қаратилган.

1-синф ўқувчилари энди ҳафтада 5 кун ўқийди

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб республикадаги барча умумтаълим мактабларининг 1-синф ўқувчилари ҳафтасига 5 кун ўқийди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг расмий ахбороти эълон қилинди. Янги ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич тарзда 2-4-синфлар ҳам ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизимига ўтказилади.

Таъкидланишича, ушбу ўзгариш ўқувчиларнинг ота-оналари билан ўтказадиган вақтларини кўпайтириш билан биргаликда, уларнинг оилада китоб мутолааси, музей, театр ва тарихий обидаларга боришлари ҳамда табиат масканларига саёҳат қилишлари учун қулай шароит яратиш мақсадида жорий этилмоқда.

Шунингдек, ҳафтанинг шанба кунлари таълим муассасаларида ўқувчиларнинг қизиқишлари ва ота-оналарнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда турли тўгараклар, спорт секциялари ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Пенсияни 100 фоиз олувчи ишловчи ходимлар сафи кенгаяди

Март ойи илк кунидан бошлаб Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия, Президент хавфсизлиги давлат хизмати, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат Божхона қўмитасининг нафақадаги ҳарбий хизматчилари ва ходимлари жумласидаги пенсионерлар белгиланган ташкилотлар ва лавозимларда ишлаганда пенсияни тўлиқ оладилар.

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги тегишли фармонида белгиланган. Шунингдек, ҳужжатда юқоридаги ходимларнинг айнан қайси ташкилот ва лавозимларда ишлаганда пенсияни тўлиқ олиши ҳам кўрсатилган.

Худди шу санадан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ишловчи пенсионер бошқарув ходимлари ҳам пенсияни тўлиқ олишни бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг бошидан қатор соҳа, тузилма ва ташкилотларда ишлаётган пенсионерлар учун ҳам шундай имтиёз йўлга қўйилганди. .

Бир қанча нотариал бож ставкалари камайтирилди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги тегишли қарорига биноан давлат божи миқдорларини ҳисоблаш тизими янада соддалаштирилиб, аҳоли учун енгилликлар яратилди.

Хусусан, 2018 йилнинг 1 мартидан бошлаб автотранспорт, уй-жой олди-сотдиси ва яна бир қатор амалиётлар билан боғлиқ нотариал бож ставкалари камайтирилди.

Мисол учун, автомашинани бошқариш ёки сотиш ҳуқуқи билан ишончномаларни яқин қариндошларга берганлик учун давлат божи энг кам ойлик иш ҳақининг 0,5 баравари, бегона шахсларга берганлик учун эса энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорига пасайтирилди. Бу ушбу ҳолатда давлат божи миқдори 1,7 бараварга арзонлашганини англатади.

Бундан ташқари, автомашиналар ва уй-жойларнинг олди-сотди, ҳадя ва айирбошлаш шартномаларини тасдиқлаганлик учун ҳам давлат божи белгиланган параметрларда камайтирилган.

Уйда ким рўйхатда турса, қарзни тўлашга мажбур

Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб, коммунал қарздорликларни бартараф этишда солидар жавобгарлик қўлланилади.

Бу хонадон эгасининг газ, электр энергияси ёки сув таъминотидан қарздорлиги ушбу хонадонда рўйхатда турган барча вояга етган шахслардан ундирилиши мумкин деганидир. Яъни, қарздорликни асосий қарздор (хонадон эгаси)дан ундириш имкони бўлмаганда, қарз ушбу хонадонда рўйхатда турган бошқа фуқаролардан ундирилади.

Ундирув Мажбурий ижро бюроси томонидан солидар қарздорларнинг пластик картаси банк ҳисобварақларидан энг кам иш ҳақининг 2 бараваригача бўлган миқдордаги маблағни сўзсиз ҳисобдан чиқариш тарзида амалга оширилади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!