Меню

Қашқадарё

24.02.2022 1454

1 МАРТДАН АМАЛДА

Мана, ҳадемай қиш фасли ниҳоялаб, баҳорнинг биринчи ойи ҳам бошланади. Табиат ўз қоидаларига кўра янгиланаяпти, катта ва кенг қамровли ислоҳотлар оғушидаги давлат ва жамият эса ҳаётий эҳтиёждан келиб чиқиб, аниқ мақсадларни ўзида мужассам этган турли меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши, мавжудларига ўзгартишлар киритилиши билан тараққий этиб боради. Мамлакатимизда жорий йилнинг 1 мартидан амал қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ўзгариш ва янгиликлар  замирида шу мақсад ётгани билан ҳар биримиз учун аҳамиятли.

Дарахтлар муҳофазаси учун маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан дарахт ва буталарнинг зараркунандалари ҳамда касалликларига қарши курашиш тадбирларига маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 2 фоизигача миқдордаги маблағлар ажратилади.

Ушбу ҳужжат билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

ўсимликлар дунёси объектлари давлат кадастри таркибида республиканинг барча ҳудудларидаги ва ҳар қандай турдаги дарахтларнинг ҳисобини юритиш ҳамда уларни бириктириш учун "Дарахтлар реестри" тизими жорий этилади;

юридик шахслар - аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдорлари ёки улардан фойдаланувчилар, шу жумладан, ижарага олувчилар ўзига бириктирилган дарахтларни сақлаш ва парвариш қилиш учун масъул ҳисобланади;

ҳар бир юридик шахс - аҳоли пунктидаги бинолар ва иншоотларнинг мулкдори ёки улардан фойдаланувчига экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи томонидан туташ ҳудудлардан келиб чиққан ҳолда унга бириктириладиган барча дарахтлар бўйича "Дарахтлар реестри"дан ягона кўчирма берилади;

туташ ҳудудлардаги бириктирилган дарахтлар бўйича "Дарахтлар реестри"дан кўчирма мазкур дарахтлар ва улар жойлашган ер участкаларига нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқни келтириб чиқармайди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича кредитлаш тўлиқ рақамлаштирилади

Давлат раҳбарининг "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори талабларидан келиб чиқиб, "Агробанк" АТБ, АТ Халқ банки ва "Микрокредитбанк" АТБ оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича кредитларни тўлиқ рақамлашган ҳолда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали ажратилишини таъминлайди. Бунда:

кредит олиш учун аризалар барча босқичларда онлайн тарзда кўриб чиқилади ва ҳар бир босқичда қабул қилинган қарор тўғрисида Ягона электрон платформа (SMS-хабарнома, электрон почта ёки шахсий кабинет) орқали маълумот бериб борилади;

кредит маблағларини ажратиш бўйича ҳужжатлар электрон кўринишда шакллантирилади ва масофадан имзоланади;

кредит олиш учун аризалар масофадан қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки тегишли маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан тақдим этилади;

Ягона электрон платформа орқали аҳолига ўзини ўзи банд қилиш учун кредитлар белгиланган мезонлар асосида скоринг баҳолаш натижаларига кўра, автоматлаштирилган ҳолда ажратилади;

ажратилган кредитлар ҳисобига товар ва хизматларни бозор тамойиллари асосида эркин сотиб олиш ёки сотиш Ягона электрон платформада яратилган "маркетплейс" тизими ёрдамида амалга оширилади;

кредитлар қарз олувчига у томонидан мустақил танланган таъминотчи билан тузилган шартнома асосида келишилган нархда маҳсулот етказиб берилганидан (иш бажарилганидан) ва қарз олувчи томонидан қабул қилиб олингандан сўнг ҳамда ҳоким ёрдамчиси томонидан ўтказилган мониторинг натижасига кўра, қарз олувчини идентификациялаш орқали таъминотчига ўтказиб берилади.

ID-картага эга ҳайдовчидан қатор ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади

Ҳукуматнинг "Ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилаётган тартибга кўра: Ўзбекистон Республикасига чет давлат фуқаросини таклиф қилиш; чет давлат ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномалар олиш; судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотлар олиш; автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш; жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларда сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш юзасидан хизматлар Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон шаклда кўрсатилади.

Шунингдек, ҳайдовчининг йўл-патрул хизмати инспекторига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлари ёнида бўлмаган тақдирда мазкур ҳужжатлар махсус планшет қурилмаси ёрдамида идентификация ID-картаси орқали текширилади.

Бунда, идентификация ID-картага эга фуқароларга тегишли транспорт воситаси ҳайдовчисидан янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, транспорт воситасига эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисини талаб қилиш амалиёти бекор қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармон ва қарорларига асосан 2022 йил 1 мартдан:

мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) ва фермер хўжаликларига - экспорт шартномаси мавжуд бўлиб, мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш хизматидан фойдаланганда тўланган суғурта мукофотининг 50 фоизи, бироқ суғурта пулининг 1 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади. Бунда, суғурта пули хавф-хатардан суғурта қилинаётган ҳосил қийматининг 70 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас;

мева-сабзавотчилик кластерларига (кооперацияларга) - хориждан малакали агроном, энтомолог, лаборатория мутахассисларини жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ бир ойга 1 нафар мутахассис учун 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари орқали компенсация қилинади.

* * *

Давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари қуйидаги шарт ва мажбуриятлар билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади: ер участкаларини обод ҳолда сақлаш; дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш; йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш; болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш; аҳоли учун пиёда йўлакларини барпо этиш, таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш.

* * *

Жисмоний ва юридик шахсларга ваколатли давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тузилган расмий ҳужжатларга электрон тарзда "Apostille" махсус штампини қўйиш бўйича давлат хизматини давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш тартиби жорий этилади.

* * *

Ички ишлар вазирлиги тизимидаги "Топилмалар столи" фаолияти тугатилиши муносабати билан туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан йўқолган ва топиб олинган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш бўйича давлат хизмати кўрсатилиши;

йўқолган ашёларни қидириш бўйича мурожаатларнинг Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам қабул қилиниши йўлга қўйилади.

* * *

Республикада йўловчи ташиш йўналишларини очиқ тендерлар орқали ташувчиларга бириктириш бўйича электрон ахборот тизими тўлиқ ишга туширилади;

шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро йўловчилар ташиш йўналишларини бириктириш юзасидан очиқ тендерлар фақат электрон ахборот тизими орқали ўтказилади.

* * *

Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик қилиш жараёнида республика ҳудудида ўтказилаётган спорт мусобақалари, ўқув-машғулотлар йиғинларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича терма жамоа аъзоларининг иштирокини таъминлаш учун вилоятлараро йўналишлар бўйича (темир йўл ва авиачипта) транспорт харажатларига 2022 йил 1 мартдан 2024 йил 1 сентябрга қадар чегирмалар жорий этилади.

* * *

От спортига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари негизида ташкил қилинган Чавандозлар мактаблари ўз фаолиятини бошлайди, шунингдек, давлат буюртмасига асосан улар томонидан разрядли ва унвонли спортчилар тайёрлаш тизими жорий этилади;

Чавандозлар мактаблари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинг тизими жорий қилинади ҳамда унинг натижаларига қараб раҳбарият, йўриқчи-услубчилар, тренерлар ва бошқа ходимлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

* * *

Суд экспертлари ва экспертиза тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш, аҳолига ва ваколатли органларга суд-экспертлик фаолиятига доир маълумотларни етказиш, экспертиза ҳаракатларини амалга оширишга алоқадор ташкилотлар билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган "E-ekspertiza" ягона электрон ахборот тизими ишга туширилади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари  навларини синаш маркази ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда нав синаш станциялари ва участкаларида синалаётган қишлоқ хўжалиги экинларининг навлари ва дурагайларини электрон кодлаштириш тизимини жорий этади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда чет тили фани ўқитувчиларининг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини ривожлантиришга ҳамда сертификатга эга бўлишларига йўналтирилган ўқув курсларини ташкил этади.

* * *

Электрон рецепт бериш тизими мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида қўлланилиши мажбурий ҳисобланади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!