Меню

Қашқадарё

27.04.2023 3332

1 МАЙДАН АМАЛДА

Одатдагидек ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб-тамойиллар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил  1 майдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар ҳақида тўхталамиз.

Банкларга ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади

Президентнинг "2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ:

банкларга расмий даромадга эга бўлмаган шахсларга ипотека кредитини ажратишда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашнинг муқобил усулларидан фойдаланишга, шу жумладан, қарз олувчиларнинг банк картаси айланмаси, ижара, коммунал ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатларини инобатга олувчи скоринг тизимини жорий қилишга рухсат этилади;

банкларга қарз олувчи томонидан тўланган дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, субсидиясиз ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади;

профессионал таълим ташкилотларининг муҳандислик, ишлов бериш ва қурилиш соҳаларидаги махсус фанлар бўйича дарс бераётган ёки ўқув амалиётини ўтказаётган ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълим усталарига имтиёзли шартларда субсидия хабарномаларини бериш тартиби жорий этилади;

уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун олинадиган ипотека кредитлари бўйича берилган субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 4 ой этиб белгиланади;

2023 йил учун ипотека кредитлари бўйича субсидиялар ажратишга доир аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2023 йил 1 майдан 2023 йил 1 декабрга қадар қабул қилинади;

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига "Халқпарвар" комиссияларининг ахборотига асосан хато ажратилган деб топилган субсидия хабарномаларини дастурий таъминотдан тўғридан-тўғри бекор қилиш ва тўловларни тўхтатиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, ҳужжатда белгиланганидек:

қурилаётган кўп квартирали уй-жойларнинг қурилиши якунланган қисмини (қаватларини) банклар томонидан кредит таъминоти сифатида босқичма-босқич гаровга олиш амалиёти жорий этилади;

2025 йил 1 январга қадар портландцемент, глинозем цемент, шлакли цемент, суперсульфатли цемент ёки ўхшаш гидравлик цементлар, бўялмаган ёки бўялган цемент, тайёр ёки клинкер шаклидаги цемент; ёғоч материаллар; ёғоч-қириндили плиткалар; елимланган фанера, фанераланган панеллар ва аналогик қатламли ёғоч; бетон қуйиш учун қолиплар; энергия тежамкор базальт қопламалари; иссиқлик билан полировкаланган шиша ва юзаси шлифовкаланган ёки полировкаланган шишани импорт қилишда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади.

Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилади

Давлат раҳбарининг "Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра:

оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси пенсияни ҳисоблаб чиқиш учун олинадиган пул таъминотининг (иш ҳақининг) 50 фоизи миқдорида белгиланади;

оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, 23 ёшга тўлмаган фарзандлари) даромадлар қайси ойда олинган бўлса, ўша ойда ҳар бир ой учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 баравари миқдоридаги даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади;

белгиланган тартибда турар жойга муҳтож деб тан олинган тақдирда, турар жой билан биринчи навбатдаги тартибда таъминланади;

қонунчиликда белгиланган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) турар жой сотиб олиш (қуриш) учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тартибига мувофиқ узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитларини олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади;

ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) янги никоҳга кирмаган турмуш ўртоғи ва (ёки) ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) қарамоғида бўлган ота-онасидан бирига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсациясини тўлаш тартиби (мулкида турар жой бўлмаган тақдирда) татбиқ этилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича қўлланилган жаримани ихтиёрий тўлаш тизими янада соддалаштирилади

Ҳуқуқбузар унга жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини, ўттиз кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, у жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади.

Бу норма Президентнинг "Аҳолига маъмурий жарималарни тўлашда қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда соҳада коррупцион омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида мустаҳкамлаб қўйилган.

Яна, мазкур тартиб суд қарорларига асосан қўлланиладиган жарималарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Бенефициари бюджет ва корпоратив буюртмачи ҳисобланган тўловлар бўйича воситачилик ҳақи тўлов суммасидан чегириб қолиш йўли билан ундирилади

Президентнинг "Аҳоли томонидан тўловларни амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:

барча турдаги давлат божи ва маъмурий жарималар тўловлари; Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари, шу жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган давлат хизматларига тўловлар; мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, қайта тайёрлов, малака ошириш ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар; барча турдаги коммунал хизматлар учун тўловлар; мажбурий ижро бюроси органлари томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш бўйича ундириладиган тўловлар; "E-auksion" электрон савдо платформаси ва "K-Savdo" автоматлаштирилган ахборот тизимига тўловлар; авиа, темир йўл ва бошқа жамоат транспортларига чипталарни харид қилишдаги тўловлар бўйича тўлов хизматлари кўрсатганлик учун воситачилик ҳақи (йиғимлар) тўлов шаклидан қатъи назар тўловчи - жисмоний шахсдан эмас, балки тўлов суммасидан чегириб қолиш йўли билан ундирилади.

Бунда, воситачилик ҳақи (йиғимлар) миқдори тўлов суммасининг бир фоизигача, бироқ жами суммаси Марказий банк томонидан белгиланадиган чегаравий миқдорлардан кўп бўлмаган миқдорда бўлиши назарда тутилган.

Янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликларига табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилмайди

Давлат раҳбарининг "2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан:

фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйлар томлари бўш қисмининг камида 50 фоизида қуёш панелларини ўрнатиш талаби жорий қилинади.

Ҳужжатда белгиланганидек: янги ташкил этиладиган иссиқхона хўжаликлари ҳамда цемент, ғишт ва оҳак маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга табиий газ тармоқларига уланиш учун техник шартлар берилиши тақиқланади;

республикадаги барча ёнилғи (автобензин, суюлтирилган ва сиқилган газ) қуйиш шохобчаларининг маиший-техник эҳтиёжлари ва ҳудудини ёритиш учун электр энергияси таъминотининг камида 50 фоизи ушбу объектларда ўрнатиладиган қуёш панеллари орқали қопланиши талаб этилади.

Харид чекида сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тўлиқ миқдорда кўрсатилмаслиги қонунчиликни бузиш сифатида эътироф этилади

Жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган дори воситалари учун дорихоналар томонидан тақдим этиладиган харид чекининг фискал белгиси матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда дори воситалари нархлари Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимидаги дори воситаларининг чакана референт нархлари билан автоматик тарзда солиштирилади.

Бу тартиб Президентнинг "Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Ана шу жараёнда, яъни матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш натижасида дори воситаларининг чакана нархларига белгиланган устамалар ошириб қўлланилганлиги аниқланган тақдирда, тегишли чора кўриш учун бу ҳақида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органига автоматик равишда хабар юборилади;

харид чеки бўйича нарх дори воситасининг чакана референт нархидан ортиқ деб топилганда, ушбу маълумот асосида ўтказилган текшириш якунига кўра ҳуқуқбузардан белгиланган тартибда жарима ундирилади.

Бунда, харид чекида сотиб олинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг тўлиқ миқдорда кўрсатилмаслиги савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш сифатида эътироф этилади.

Ногиронлиги бўлган бола тиббиёт муассасаларида даволанаётган пайтда яқинларига унинг ёнида бирга бўлиши учун шароит яратилади

Президентнинг "Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ тиббиёт муассасаларида даволанаётган ногиронлиги бўлган болага ғамхўрлик қилиш учун шу муассасада унинг отаси ёки онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахс)га ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига ногиронлиги бўлган боланинг ёнида бирга бўлиш учун шароит яратилади, жумладан:

стационар тиббиёт муассасаларида ногиронлиги бўлган болани парваришлаётган шахсга мазкур давр учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади;

болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилувчи шахслар (ота-онаси ва бошқалар) учун даволаш даврида давлат стационар тиббиёт муассасаларида бепул     овқатланиш йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 майдан бошлаб:

Давлат раҳбарининг "Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида"ги фармонида қайд этилганидек, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 7 фоизга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори - ойига 980 000 сўм; базавий ҳисоблаш миқдори - ойига 330 000 сўм бўлади.

*  *  *

Президентнинг "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида кўрсатиб ўтилганидек, тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларга тақдим этиладиган молиявий ёрдамлар Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш томонидан белгиланган таваккалчилик даражасидан келиб чиқиб, скоринг таҳлил асосида ахборот тизими орқали амалга оширилиши таъминланади.

*  *  *

Сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлигини доимий космик мониторинг қилиш тизими йўлга қўйилиб, мазкур йўналишдаги масъул давлат органлари космик суратлар ҳамда ишлов берилган маълумотлар билан таъминлаб борилади.

Бу ҳақдаги кўрсатма Президентнинг "Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида ёзилган. 

*  *  *

"Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори билан жорий қилинган  тартибга кўра, республика мулки бўлган давлат кўчмас мулклари ва давлат акция пакетлари (улушлари) Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади, бундан Стратегик ислоҳотлар агентлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига тегишли улушлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

*  *  *

"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган жисмоний шахслар  чакана савдо объектларида қўй гўшти, парранда гўшти, мол гўшти, тухум, ўсимлик ёғи харидини амалга оширганда ва ушбу харидни солиқ органларининг махсус мобил иловасида харид чекининг фискал белгисини матрицали штрих код (QR-код) ёрдамида сканерлаш орқали рўйхатдан ўтказганда, уларнинг банк карталарига ҳар ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи миқдоридаги тўлов ўрнига харид суммасида тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаси республика бюджетидан қайтарилади. 

Бу тартиб давлат раҳбарининг "2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлашни кенгайтириш ва қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилмоқда.

*  *  *

Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига биноан, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари (соатлари)ни жорий қилади. Бунда, мазкур ўқув курсларини Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим олиш бўйича электрон платформаси орқали ташкил этишга рухсат этилади.

*  *  *

Давлат раҳбарининг "Ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан тижорат банкларига ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга;

юридик шахсларга электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни, уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришга рухсат этилади.

*  *  *

Ҳукуматнинг "Шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида кўрсатилганидек, шаҳар йўловчилар транспортида айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи имтиёзли транспорт карталарини бериш республиканинг барча шаҳарларида амалга оширила бошлайди.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!