Меню
Қашқадарё
1 йилда 5 марта қоида бузди. Кейингисида бир фуқаро вафот этди
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни соат 15:00 ларда Косон тумани ҳудудидан ўтган 4Р 95 маҳаллий автомобиль йўлининг 6-километрида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси хабар бермоқда.
Айтилишича, ҳайдовчи, 1994 йилда туғилган Ш.Ғ. “Ласетти” русумли автомобилни бошқараётган вақтида қарама-қарши йўлга чиқиб кетиб, қаршисидан ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи, 1995 йилда туғилган Д.М. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомобиль билан тўқнашган.
Натижада, “Нексия” ҳайдовчиси оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган. “Ласетти” ҳайдовчиси эса шифохонага ётқизилган.
Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан Косон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, “Ласетти” ҳайдовчиси Ш.Ғ. бир йил мобайнида 5 маротаба қоидабузарлик содир этган экан.
“Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга риоя қилишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз”, дейилади бошқарма хабарида.