Меню
Қашқадарё
1 ИЮНДАН АМАЛДА
Ислоҳотлар мамлакатни тараққий эттириш, пировардида, одамлар турмуш фаровонлигини ошириш учун зарур. Демократик давлатда ҳар томонлама юксалишга қаратилган бундай ҳаракатлар аввало унга замин бўладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан мустаҳкамланади. Хусусан, республикамизда жорий йилнинг 1 июнидан кучга кириши белгиланган қуйидаги юридик тартиб-таомиллар, ўзгариш ва янгиликлар ҳам тегишли ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Иш ҳақи ошади
Ўзбекистон Республикаси Президенти аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўламини кенгайтириш ҳамда фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб бориш мақсадида имзолаган "Иш ҳақи миқдорини ошириш тўғрисида"ги фармон асосида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори 12 фоизга оширилади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида: меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори - ойига 920 минг сўм;
базавий ҳисоблаш миқдори - ойига 300 минг сўм бўлади.
Ҳужжатда иш берувчиларга иш ҳақи миқдорини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳолда тўлашни таъминлаб, иш ҳақи миқдорини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мувофиқ ошириш тавсия этилган.
Давлат тиббиёт муассасалари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 15 фоизгача кўпаяди
Давлат раҳбарининг "Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан давлат тиббиёт муассасалари тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари:
олий ва биринчи малака тоифаларига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун - 15 фоизга;
иккинчи малака тоифасига эга бўлган ва тоифага эга бўлмаган, шунингдек, бошқа тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун - 10 фоизга;
тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимлари учун - 15 фоизга оширилиши белгиланган.
Бунда, тиббиёт муассасаси ходимларининг тариф ставкаларини ҳисоблаш амалдаги меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали амалга оширилади.
Бундан ташқари, Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан давлат тиббиёт муассасасининг юқори малакали, алоҳида натижага эришган, ҳалол ва виждонан ишлаётган тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларига ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача ҳамда бошқа ходимларга 75 фоизигача ойлик устамалар;
янги иш бошлаган салоҳиятли ёш шифокорларга 1 миллион сўмгача махсус ойлик устамалар;
оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда кундузги стационар иш вақтини соат 20:00 гача узайтириш ҳисобига иккинчи сменада ишловчи шифокор ҳамда ҳамшираларга лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик қўшимча устамалар тўлаб берилади.
Салоҳиятли таълим муассасалари давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитади
Давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитишнинг янги тартиби жорий этилади.
Президентнинг "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида шунга оид кўрсатма мавжуд. Яъни, бунда:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономарказлари ҳузурида ташкил этилган малакани баҳолаш марказлари касбий малака талабларини ишлаб чиқади ва салоҳиятли таълим муассасаларига давлат буюртмасини беради;
ўқув курсларини тугатган хотин-қизлар билими даражаси малакани баҳолаш марказлари томонидан аниқланади ва шу асосда уларга малака сертификатлари берилади;
малака сертификатини олган хотин-қизларга меҳнат фаолиятини бошлаши учун ўқиш харажатларига тенг миқдорда малакани баҳолаш марказлари томонидан субсидиялар берилади;
малакани баҳолаш марказлари томонидан умумий ўрта таълим мактаблари, касб-ҳунар мактаблари, академик лицей ва коллежларнинг битирувчи синф ўқувчи-қизларини ахборот технологиялари йўналишларида қўшимча курсларда ўқитиш бўйича давлат буюртмаси берилади.
Шунингдек, маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил қилинади.
ЯИДХП: 38 турдаги давлат хизматлари кўрсатишда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди
Президентнинг "Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони билан тасдиқланган рўйхатга асосан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматлари кўрсатишда: фуқаронинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома бериш; бино ва иншоотларнинг ижара шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш; ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи (сервитут) тўғрисидаги келишувни давлат рўйхатидан ўтказиш; якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш; бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш; қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш (якка тартибдаги уй-жой қуриш объекти учун); қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш (якка тартибда уй-жой қуриш объекти бўлмаган объект учун); манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш; судланганлик ҳақида маълумотнома бериш; спорт-таълим муассасаларининг тренер-ўқитувчилари ва йўриқчи-услубчиларига малака тоифаларини бериш; хорижий давлатда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш учун ариза юбориш; хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш); электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагичини) ечиш ва ўрнатишга ариза юбориш; совуқ сувни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагичини) ечиш ва ўрнатишга ариза юбориш; табиий газни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагичини) ечиш ва ўрнатишга ариза юбориш; иссиқ сувни ҳисобга олиш ускунасини (ҳисоблагичини) ечиш ва ўрнатишга ариза юбориш; газ таъминоти лойиҳасини ҳудудий газ таъминоти корхонаси билан келишиш; табиий газни ҳисобга олиш ускунасини пломбалаш ва газ таъминоти шартномасини тузиш; электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш; иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш ускунасини пломбалаш ва иссиқлик таъминоти шартномасини тузиш; истеъмолчиларнинг иссиқликдан фойдаланиш қурилмалари ва иссиқлик тармоқларини ишга тушириш учун рухсатнома бериш; иссиқлик таъминоти лойиҳасини иссиқлик таъминоти корхонаси билан келишиш; қуввати 20 кВтдан юқори бўлган электр энергияси истеъмолчилари учун электр таъминоти лойиҳасини келишиш; иссиқлик таъминоти тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш; 1,2 МПа босимдан юқори бўлмаган газ тармоқларига уланишга техник шартларни олиш; сувни ҳисобга олиш приборини пломбалаш, сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш хизматларини кўрсатиш бўйича шартномани тузиш; сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш лойиҳасини келишиш; сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни олиш; руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш; наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома олиш; баҳоловчиларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш; риэлторларнинг малака имтиҳонини ўтказиш ва уларга малака сертификатини бериш; кўчмас мулк объектига кадастр паспортини бериш; болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш; автомобиль йўлларини, йўл иншоотларини, темир йўл кесишмаларини, автомобиль йўллари ва кўчалар бўйида жойлашган АЁҚС, АГТКС ва АГҚС станцияларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларини келишиш; гидрогеологик хулоса олиш; ҳисобланган иш ҳақи суммалари тўғрисидаги маълумот; ҳарбий рўйхатга қўйиш ва ундан чиқариш бўйича амалиётларни бажаришда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талаб этилмайди.
Шунингдек, 2022 йил 1 июндан бошлаб Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига асосан:
"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" дастури доирасида: жамоа шартномаларига иш берувчилар томонидан ходимлар учун йилига бир маротаба маҳаллий саёҳатга чиқиш имконини яратиш қоидалари киритилади; саёҳат харажатларининг бир қисми иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қоплаб берилади.
* * *
Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиника ва туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида кундузги стационар иш вақти соат 20:00 га қадар узайтирилади. Қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит "В" касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилади.
* * *
"Ишга марҳамат" мономарказларида инклюзив таълим асосида касб-ҳунарга ўқитилаётган ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик нафақаси билан бир вақтда, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик стипендия тўлаб берилади.
* * *
Ўзбекистон ёшлар портали негизида яратилган волонтёрлар электрон платформаси ишга туширилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.