Меню
Қашқадарё
1 ИЮЛДАН АМАЛДА
Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил 1 июлдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил қилинади
Президентнинг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида"ги фармонига асосан:
Адлия вазирлиги томонидан "Мадад" ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида "Мадад" ННТнинг фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш бўйича ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;
ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек, низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашга кўмаклашилади.
Шунингдек, ҳужжатда белгиланганидек:
Mobile-ID тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади;
корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан архив ҳужжатлари ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида, уларнинг электрон нусхаларини талаб этиш амалиёти бекор қилинади;
интеллектуал мулк объекти рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи QR-код билан муҳофазаланган электрон ҳужжат бериш тартиби жорий этилади.
Дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш учун ССВ хулосаси талаб этилади
Давлат раҳбарининг "Фармацевтика соҳасини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига кўра:
дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотлар аҳолини сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги кафолатланган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун масъул бўлган ташкилот сифатида эътироф этилади ҳамда уларга нисбатан давлат назоратини амалга оширишнинг алоҳида қоидалари белгиланади;
дори воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ потенциал хавф-хатарларни тезкор аниқлаш ва уларга жавоб беришга қаратилган фармакологик назорат тизими ташкил этилади.
Ҳужжат билан ўрнатилаётган тартибга мувофиқ:
дори воситалари ва тиббий буюмларни тайёрловчи, улгуржи ҳамда чакана реализация қилувчи ташкилотларда уларга берилган лицензия талабларига риоя этилишини бир йилда кўпи билан бир маротаба ваколатли органни хабардор этиш орқали назорат қилиш тартиби жорий этилади (мурожаатларга асосан амалга ошириладиган назорат тадбирлари бундан мустасно);
дори воситалари ва биологик фаол қўшимчаларни телерадиоканаллар орқали реклама қилиш учун ишлаб чиқилган контент Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган хулоса асосида эфирга узатилади;
янги ташкил этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар сақланадиган божхона омборлари ва эркин омборлар мажбурий равишда "Зарур сақлаш амалиёти - GSP" талабларига мувофиқ ташкил этилади.
Давлат дастурлари доирасида маҳаллаларга ажратиладиган кредитлар ҳажми юзага келган муаммоли кредитлар улушидан келиб чиқиб белгиланади
Давлат дастурлари доирасида ажратилаётган кредитлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлаш мақсадида кредит ажратишнинг барча босқичлари (аризани кўриб чиқиш, қарор қабул қилиш, кафиллик бериш ва кредит ажратиш) рақамлаштирилган ҳолда электрон платформаларда амалга оширилади.
Бу ҳақдаги норма Президентнинг "Аҳолини кичик ва ўрта бизнесга кенг жалб қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгилаб қўйилган.
Шунингдек, ҳужжат талабларига биноан:
кредит таъминотларини назорат қилиш, гаровга олинган мулкларни тақиқдан тўлиқ ёки қисман чиқариш ҳамда алмаштириш жараёнлари электрон платформалар орқали марказлашган ҳолда ташкил қилинади;
ахборот технологиялари ёрдамида мижозлар бизнес-режалар асосида фаолият юритиши, пул оқимлари ва бошқа кўрсаткичларини таҳлил қилиш орқали хатарларни олдиндан аниқлаш механизми амалиётга киритилади;
давлат дастурлари доирасида туман (шаҳар) ва маҳаллаларга ажратиладиган кредитлар ҳажми юзага келган муаммоли кредитлар улушидан келиб чиқиб белгиланади.
Шина ва покришкалар учун утилизация йиғими олинади
Вазирлар Маҳкамасининг "Айрим турдаги товарлар учун утилизация йиғимини жорий этиш тўғрисида"ги қарори билан:
резинадан янги шиналар ва пневматик покришкалар (ТИФ ТН коди: 4011 10 000, 4011 20, 4011 90 000);
қайта тикланган ёки ишлатилган пневматик резина шиналар ва покришкалар (ТИФ ТН коди: 4012 11 000 0, 4012 12 000 0)
қаттиқ ёки ярим пневматик шиналар ва покришкалар, резинали шиналар ва ўрама ленталари (ТИФ ТН коди: 4012 20 000 9, 4012 90 200 0) учун утилизация йиғими жорий этилади.
Утилизация йиғими миқдорлари товарларнинг вазнидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир килограмми учун БҲМга нисбатан 0,3 фоизда белгиланган.
Шунингдек, Президентнинг тегишли фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорларига асосан жорий йил 1 июлдан бошлаб:
хусусий бандлик агентликларига хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган шахсларга Ўзбекистон Республикасининг ташқарисида ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатганлик учун ҳақ ундиришга рухсат этилади.
* * *
Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар оммавий оферта асосида амалга оширилади.
* * *
Нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга халқаро стандартларни жорий этиш ва экологик сертификатлаш харажатларини қоплаб бериш тартиби жорий қилинади;
уч йил давомида нуфузли халқаро брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун зарур бўлган барча хомашёлар маҳаллийлаштириш даражасини камида 60 фоизга етказиш шарти билан божхона божидан озод этилади;
нуфузли халқаро брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун тўловлар ундирилиши бекор қилинади.
* * *
Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар Болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунингдек, улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради.
* * *
Янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III - IV тоифа бўлган объектларга бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларини автоматик мониторинг қилиш ускунасини ўрнатиш мажбурий этиб белгиланади.
* * *
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ваколатли банклар билан биргаликда маҳаллаларда дастурлар доирасида ажратилган кредитлардан мақсадли фойдаланилиши мониторингини ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этади.
* * *
Вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган барча аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ва объектларнинг лойиҳа ҳужжатлари, шунингдек, уларни келишиш ва ўзгартиришлар тўғрисидаги маълумотларни Шаҳарсозлик геоахборот тизимига мажбурий жойлаштириш тартиби жорий этилади.
* * *
Қарши шаҳрида эксперимент тариқасида объектларни қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа таклифларини (эскиз) кўриб чиқиш ва келишиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиб, инсон омилисиз тизим яратилади.
* * *
Спортчилар ва уларга бириктирилган тренерлар ва бошқа мутахассисларнинг барча маълумотлари "ERP Sport" ягона электрон бошқарув тизимида юритилади.
* * *
Рақамли технологиялар соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ҳар йили ўтказиладиган танлов асосида Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки орқали қуйидаги позициялар бўйича 1 миллиард сўмгача грантларни ажратиш тизими жорий этилади:
истиқболли ғояга - 150 миллион сўм;
маҳаллий бозорга ихтисослашган лойиҳага - 300 миллион сўм;
жаҳон бозорига ихтисослашган лойиҳага - 1 миллиард сўм.
* * *
Юридик шахсларга етказиб бериладиган электр энергияси ва табиий газ учун тўловлар 100 фоиз олдиндан амалга оширилади.
* * *
Йўл бўйида жойлашган мактаблар олдида, камида тўрт тасмали йўллардаги пиёдалар ўтиш жойларида, йўл-транспорт ҳодисалари ўчоқларида, темир йўл кесишмаларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг "Хавфсиз шаҳар" тизимларини ривожлантириш маркази томонидан "Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда" республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич ўрнатилади.
* * *
Маҳаллий ва хорижий инвесторларга берилган преференциялар ва имтиёзларнинг турлари, муддатлари, тартиби ва масъул органларни ўз ичига олган Ягона реестр юритилади.
* * *
Ногиронлиги бўлган шахснинг ва таркибида ногиронлиги бўлган шахс бор оиланинг ёки уларнинг вакилларининг электрон онлайн-аукцион орқали ер участкасини сотиб олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш бўйича мурожаатлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам қабул қилинади.
* * *
Барча хўжалик юритувчи субъектлар учун товар-транспорт юк хатларини электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва уларнинг ҳисобини юритиш тизими мажбурий тартибда жорий этилади.
* * *
Хусусийлаштирилган уй-жойларга оид давлат ордерлари ва маълумотномалар туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан берилади.
* * *
Моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини яратиш орқали ҳар бир фуқаро (оила) учун белгиланган ижтимоий тўловлар, тақдим этилган имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамларнинг ҳар бир фуқаро кесимида "Ижтимоий ҳимоя" АТда ҳисоби юритилади.
lex.uz материаллари асосида тайёрланди.