Меню
Қашқадарё
1 ИЮЛДАН АМАЛДА
Одатдагидек ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб-тамойиллар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил 1 июлдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Чиқинди полигонларини хусусийлаштириш тақиқланади
Президентнинг "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан "Жамоатчилик экология назоратчиси" тизими жорий қилинади ҳамда қуйидагилар назоратчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари этиб белгиланган:
экологик ҳуқуқбузарликни аниқлаш, тегишли далолатномани расмийлаштириш ва Эконазорат платформасига киритиш;
фаолиятини амалга оширишда махсус билим ва кўникмаларни олиш учун бепул таълим олиш ва малакасини ошириш;
аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан кўрилган чоралар юзасидан ахборот олиш, ҳуқуқбузарга жазо тайинлаш билан боғлиқ жараёнларда иштирок этиш;
самарали фаолият учун қонунчиликда белгиланган тартибда ва миқдорда ҳақ олиш.
Жамоатчилик экология назоратчилари ҳуқуқбузарликни аниқлаш ва уни расмийлаштириш жараёнида шаффофликни таъминлаш, коррупцияга йўл қўймаслик ҳамда маълумотларнинг ҳаққоний тайёрланишига мажбурдирлар.
Шунингдек, ҳужжатда белгиланганидек, чиқинди полигонларини хусусийлаштириш тақиқланади ҳамда аҳоли ва кенг жамоатчилик орасида атроф-муҳитни ҳимоялаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган "Чиқиндиларни оммавий йиғиш" умуммиллий ҳаракати ташкил этилади.
Ижтимоий ходимлар гуруҳлари ташкил этилади
Ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг туман (шаҳар)лардаги "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ходимлар гуруҳлари ташкил этилади.
Бу ҳақда Президентнинг "Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида сўз борган.
Унга кўра, қуйидагилар ижтимоий ходимлар гуруҳларининг асосий вазифалари этиб белгиланган:
ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлаш;
оилаларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати ва эҳтиёжларини ўрганиш натижасида уларнинг ижтимоий паспортларини шакллантириш;
эҳтиёжманд аҳоли билан, шу жумладан, кейс-менежмент усулини қўллаган ҳолда самарали иш ташкил қилиш, улардан ижтимоий хизматлар ва ёрдам олиш бўйича буюртмалар қабул қилиш, заруратга қараб буюртмаларни масъул вазирлик ва идораларга юбориш;
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган оилаларни мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш, улар учун ижтимоий хизмат ва ёрдамларни ташкил этиш.
Ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш кучайтирилади
Давлат раҳбарининг "Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланганидек, ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг (жўнатиш харажатларисиз) 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади.
Бундан ташқари, давлат мулки бўлган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан, ҳунармандчилик маҳсулотларини реализация қилиш учун фақат "Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги" ва "Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри"га киритилган ҳунармандларга электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартиби жорий этилади.
Хорижий давлатларда ҳунармандчилик йўналишлари бўйича ўтказиладиган кўргазмалар, фестиваллар ва конференцияларда:
ҳунармандлар, шунингдек, ногиронлиги бўлган ҳунармандга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахснинг иштирокини таъминлаш харажатлари "Ҳунарманд" уюшмаси маблағлари ҳисобидан;
миллий услубдаги павильонлар яратиш, ҳунармандчилик маҳсулотлари бўйича тарғибот материалларини тайёрлаш ва чоп этиш харажатлари "Ҳунарманд" уюшмасининг ҳисоб-китобларига мувофиқ, Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологлар устамаси миқдори икки баробарга оширилади
Президентнинг "Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази, амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилади.
Марказ ихтисослаштирилган психиатрик, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатишни йўлга қўяди, ушбу йўналишларда юқори технологик моддий база ва илмий мактабни шакллантиради; руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишларни соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
Шунингдек, ҳужжатда қайд этилганидек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида фаолият юритаётган психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларида фаолият юритаётган психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизга оширилади.
Раҳбар ва унинг ўринбосарлари танлов асосида тайинланади
Давлат иштирокидаги корхоналарнинг раҳбари ва унинг ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) танлов асосида амалга оширилади.
Бу норма Президентнинг "Давлат активларини бошқариш агентлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.
Яна, ҳужжатда кўрсатиб ўтилганидек, давлат органлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларидан ходимлар учун белгиланган меъёрдан келиб чиқиб, самарали фойдаланиш тартиби жорий этилади.
Бунда, давлат органлари ва муассасалари, давлат иштирокидаги корхоналарнинг маъмурий биноларида тижорат ташкилотларини "ноль" ставкада ёки тўғридан-тўғри жойлаштиришга йўл қўйилмайди, мазкур биноларнинг бўш майдонлари ижарага бериш учун электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади ва ижара шартномалари солиқ органларининг "E-ijara" электрон тизимида рўйхатдан ўтказилади.
Шунингдек, 2023 йил 1 июлдан бошлаб:
Президентнинг "2022 - 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини "Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармонига кўра, тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилади.
* * *
Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда тузилади.
Бу норма Президентнинг "Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган бўлиб, бунда: мазкур тартиб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли бўйича лимитларни белгилаш ва уларга ўзгартиришлар киритишга ҳам татбиқ этилади; давлат буюртмачилари билан тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотлар давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталига автоматик равишда юборилиши таъминланади; бюджет буюртмачилари билан тузилган шартномалар ғазначилик бўлинмаларида электрон шаклда (инсон омилисиз) рўйхатдан ўтказилади.
* * *
Давлат раҳбарининг "Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан жисмоний шахсларга "Давлат мулки" ахборот тизими орқали майдони 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.
* * *
Президентнинг "Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори кўрсатмасига биноан никоҳланувчи шахслар ўз ҳисобидан Республика аҳоли репродуктив саломатлик маркази ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий марказларига ташриф буюриш орқали Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказининг лабораториясида молекуляр-генетик тестдан ўтказилади. Бунда, спинал мушак атрофиясининг ген ташувчилиги тасдиқланган никоҳланувчи шахсларнинг маълумотлари Ягона миллий реестрга киритиб борилади.
* * *
Ҳукуматнинг "Тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналоглари, прекурсорлар, кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда валюта намуналарини экспресс текшириш жараёнида техник воситалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори асосида ўрнатилган тартибга мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар: гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатни қайд этишда аниқланган модда (буюм)нинг гиёҳванд воситасига тааллуқли эканлигига шубҳа пайдо бўлганда; аниқланган модда (буюм)ни гиёҳвандлик воситаларининг қайси турига мансублиги бўйича савол туғилганда; гиёҳвандлик воситаларининг янги турлари аниқланганда; тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда аниқланган валюта намунаси қалбаки эканлигига шубҳа пайдо бўлганда; тезкор-қидирув тадбирлари давомийлигини таъминлаш зарурати юзага келганда, тезкорликни амалга ошириш ҳамда тегишли вақтни тежаш мақсадида мазкур модда (буюм) ёки валюта намуналарини улар аниқланган жойнинг ўзида ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биносида экспресс текшириш техник воситалари ёрдамида текширади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.