Меню
Қашқадарё
1 ИЮЛДАН АМАЛДА
Мамлакат ҳаётида кечаётган ислоҳотлар турли йўналишлар бўйича қонунчилик доирасида аввал ўрнатилган қатор тартиб-таомилларни қайта кўриб чиқиш, янгиларини жорий қилиш заруратини юзага чиқариши табиий ҳол. Бу аввало тараққиёт йўлида белгилаб олинган сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий режа ва дастурлар ижросига кенг йўл очиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда ривожланиш қадамларини тартибли бошқариш мақсадлари ортидан намоён бўлиши эса айни муддао. Бинобарин, жорий йилнинг 1 июлидан амал қилиши кўзда тутилган қонунчиликдаги қатор ўзгариш ва янгиликлар ҳам ана шу жиҳатларни назарда тутгани билан аҳамиятли.
Энди ҳар бир тафтиш ва текширув ҳамда қатор харажатларга оид маълумотлар очиқ бўлади
Президентнинг "Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан давлат органлари ва ташкилотлари энди қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб боради:
амалга оширилган давлат харидлари, шу жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар);
мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар, бундан давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар мустасно);
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари (якуний манфаатдор жисмоний шахслари), улар томонидан тўланган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар;
ўзларининг йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, шу жумладан, объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, автомототранспорт воситаларини сотиб олиш харажатлари.
Бундан ташқари, ушбу ҳужжат асосида давлат органлари ва ташкилотларига ўз ҳузурида фаолият юритувчи жамоатчилик кенгашлари билан биргаликда:
жамоатчилик кенгашининг тасдиқланган аъзолари ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда уларнинг алоқа маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари);
жамоатчилик кенгашининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар;
давлат харидларини амалга оширувчи комиссиянинг тасдиқланган аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, иш жойи ва эгаллаб турган лавозими);
лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли ҳамда хабарномаларни қабул қиладиган органларнинг ҳудудлар кесимида масъул ходимлари, шу жумладан, ушбу тоифадаги ҳужжатларни беришни ташкиллаштирадиган тегишли комиссия аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми ва отасининг исми, эгаллаб турган лавозими)ни расмий веб-сайтларида жойлаштириб, уларнинг ҳар чоракда янгиланиб борилишини таъминлаш топширилган.
Яна, 1 июлдан бошлаб Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, назорат қилувчи органлар - давлат сири бўлган маълумотларнинг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг муҳофаза қилинишини таъминлаган ҳолда ўтказилган ҳар бир тафтиш ва текширув (назорат объекти номи, тафтиш ёки текширувнинг мақсади ва муддатлари, уни ўтказган давлат хизматчисининг лавозими, фамилияси, исми) тўғрисидаги маълумотларни (тегишли назорат қилувчи органнинг раҳбарини хабардор этгандан сўнг);
Давлат активларини бошқариш агентлиги - устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари рўйхатини (давлат номидан акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини амалга ошираётган ташкилот, корхона ҳудуди, солиқ тўловчининг идентификация рақами, давлат улуши тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда), шунингдек, устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар рўйхатини;
Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари - ўзлари акциядор (иштирокчи, мулкдор) функцияларини бажарувчи давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи (директор, бошқарув раиси, бошқарув аъзолари) ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисидаги маълумотларни;
Давлат солиқ қўмитаси - давлат иштирокидаги корхоналар томонидан йил (чорак) якуни бўйича тўланган дивидендлар тўғрисидаги маълумотларни;
Молия вазирлиги - давлат иштирокидаги корхоналарга сарфланган Давлат бюджети маблағлари, тегишлича хориждан жалб этилган маблағлар, шу жумладан, давлат ташқи қарзи суммалари ҳамда уларнинг сарфланиши тўғрисидаги маълумотларни;
Давлат активларини бошқариш агентлиги - давлат муассасалари рўйхатини (ташкил топган санаси, юқори турувчи орган) ҳамда хусусийлаштирилган давлат мулки объектлари тўғрисидаги маълумотларни (давлат сирини ташкил этувчи махфий вазифа юклатилган давлат корхоналари ва муассасалари бундан мустасно) Очиқ маълумотлар порталига жойлаштириш ва уларнинг ҳар чоракда янгиланишини таъминлайди.
Паррандачиликни асосий фаолият турига айлантирган субъектларга солиқ имтиёзи қўлланади
Республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида: 2021 йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади.
Бу имтиёз "Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарорида кўзда тутилган.
Оилавий нодавлат МТТ ўқув материаллари билан бепул таъминланади
Давлат раҳбарининг "Қамров даражаси паст бўлган туманларда мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан: оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мавжуд қувватига қараб 50 нафаргача болани тарбиялашга ҳамда тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб 4 нафаргача тарбиячи ва ёрдамчиларни ёллашга рухсат берилади;
оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ёлланган (Тошкент шаҳри, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида - 2 нафаргача, бошқа ҳудудларда - 4 нафаргача) тарбиячи ва ёрдамчиларга тегишли тоифа бўйича қисқа муддатли ёки 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларида ва ҳажмларда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўланади;
оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳудудий мактабгача таълим бошқармалари орқали ўқув материаллари билан бепул таъминланади;
2022 йил 1 январга қадар АК "Халқ банки" томонидан оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига мебель, жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун 30 миллион сўмгача миқдорда 3 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан 5 фоизли ставкада Молия вазирлиги томонидан жойлаштирилган ресурслар ҳисобидан кредитлар ажратилади;
оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг раҳбарлари ва ходимларининг малакасини ошириш давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади;
рўйхати қарор иловасида белгиланган туманларнинг маъмурий марказларидан ташқари жойларда янги ташкил этиладиган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган жиҳозлаш меъёрларига мувофиқ мебель, жиҳоз ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 30 миллион сўмгача миқдорда субсидиялар ажратилади.
Шунингдек, рўйхати мазкур қарор иловасида белгиланган туманларда Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларида жойлаштирилган ресурслар ҳисобидан 100 та давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш учун 7 йил муддатга 2 йиллик имтиёзли давр билан 5 фоизлик ставкада кредитлар ажратилади.
Тегишли рўйхатга киритилган олис ва чекка ҳудудларда жойлашган давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига: ҳар бир тарбияланувчи бола учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 75 фоизи миқдорида субсидия тўланади.
Унинг ёнига "Ёшлар дафтари", "Темир дафтар" ёки "Аёллар дафтари"га киритилган оилаларнинг ҳар бир тарбияланувчи фарзандлари учун мазкур дафтарлар жамғармалари ҳисобидан давлат мактабгача таълим ташкилотининг бир нафар тарбияланувчиси учун сарфланадиган харажатлар суммасининг 25 фоизи миқдорида қўшимча равишда субсидия;
давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига фойдаланган электр энергияси ва табиий газ хизматлари нархининг 50 фоизи миқдорида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ойлик компенсациялар тўланиши ҳам кўзда тутилган.
Энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчиларга қўшимча тўлов жорий этилади
Президентнинг "Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади.
Бунда, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади.
Белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан то 565 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 минг сўмга;
зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 минг 30 сўмдан 400 минг сўмга етказилади.
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади. Уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади.
Боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 минг сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 минг сўмдан қўшилиши белгиланган.
Болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ҳам ойига 513 минг 350 сўмдан 565 минг сўмга оширилади.
Онкологик ва гематологик беморларнинг йўл харажатлари қоплаб берилади
"Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Президент қарори билан ўрнатилган тартибга биноан: гематология, онкология, клиник иммунология, трансфузиология ва шу соҳадаги лаборатория йўналишлари бўйича ёш мутахассисларнинг хориждаги етакчи илмий ва тиббиёт марказлари иш жойларида малака ошириши ва стажировка ўташи билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети ҳамда Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади;
беморларнинг онкология ва гематологияга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт муассасалари йўлланмалари асосида позитрон-эмиссион томография текширувидан ўтиши билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан қопланади;
онкологик ва гематологик беморларнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан республика ихтисослаштирилган марказларига темир йўл ва авиатранспорт воситалари орқали келиши билан боғлиқ харажатлар тегишли маҳаллий бюджетлар маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.
10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штати ажратилади
Оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда тиббиёт бригадалари фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 10 мингта, янги йилдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штати ажратилади.
Бу янгилик Президентнинг "Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади. Бинобарин, давлат раҳбарининг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш мақсадида эълон қилинган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида"ги фармони билан 2021 йил 1 июлдан бошлаб ўрта тиббиёт мутахассисларига ўзини ўзи банд қилиш асосида ҳамширалик иши билан мустақил шуғулланиш учун рухсат берилган.
Шунингдек, номи юқорида дастлаб келтирилган фармонга биноан: энди нодавлат тиббиёт ташкилотларига махсус автотранспорт воситасида ташкил этиладиган "мобил тиббиёт" хизмати ёрдамида жойига чиққан ҳолда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш;
нодавлат тиббиёт ташкилотининг ўрта тиббиёт ходимларидан иборат "тиббий пункт"ларини ташкил этишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, "Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори кўрсатмаси билан иш стажи беш йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилади.
Чорва, парранда, балиқчилик хўжаликлари учун субсидия
Президентнинг "Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган:
чорвачилик хўжаликларига - ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шоҳли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 минг сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм;
паррандачилик хўжаликларига - ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 800 сўм;
балиқчилик хўжаликларига - интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосос, форель ва осётр)нинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1 минг сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия берилади.
Ушбу субсидиялар қўшилган қиймат солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек, контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлган корхоналарга уларнинг субсидиялар олиш тўғрисидаги аризаларига асосан ажратилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан бошлаб:
Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан давлат органларида таълим ташкилотлари ўқитувчиларини шартнома асосида жалб қилиб, ҳафтада камида бир маротаба ходимларни хорижий тилга ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади.
* * *
Давлат раҳбарининг "Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади;
* * *
"Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарорига кўра, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги типи жорий этилади.
* * *
Президентнинг "Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга ажратиладиган туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг энг кам миқдори 10 фоиздан 30 фоизга оширилади.
* * *
Янги қуриладиган савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар комплексларида жами ўриндиқлар сони 300 тадан ва кинозаллари сони 4 тадан кам бўлмаган кинотеатр ташкил этиш мажбурий бўлади.
Бу талаб Президентнинг "Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган.
* * *
Давлат раҳбарининг "Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида кўрсатиб ўтилганидек, солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритиш тақиқланади.
* * *
Вазирлик, идора, корхона, ташкилот, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фаолият олиб бораётган раҳбар ва ходимларнинг антропометрик кўрсаткичларини (семизлик даражасини, вазн индексини), бошқа ўткир касалликларни кескин камайтириш, саломатликни мустаҳкамлаш баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиб, рейтинг асосида таҳлил қилиш ҳамда натижаларни онлайн кузатиб бориш тизими жорий этилади.
Бу ҳақда Президентнинг "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида қайд этилган.
* * *
Президентнинг "Рақамли Ўзбекистон - 2030" стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан Очиқ маълумотлар порталида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан давлат харидларини амалга ошириш, патентлар, дори воситалари ва тиббий буюмларни рўйхатга олиш, жамоат транспорти ҳаракати, ер ресурсларидан фойдаланиш ва бошқа умумфойдаланишдаги статистик маълумотлар онлайн режимда жойлаштириб борилади.
* * *
Давлат раҳбарининг "Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида шахсларни профилактик ҳисобга олишнинг электрон тизими жорий этилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.