Меню
Қашқадарё
1 ФЕВРАЛДАН ҚАНДАЙ ҚОИДАЛАР КУЧГА КИРДИ
ОЗИҚ-ОВҚАТ ИМПОРТИДА МОНОПОЛИЯГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ
2018 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистон Республикасига озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференциялар бекор қилинди. Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.
Маълумки, айрим импорт қилувчи корхоналарга индивидуал имтиёз ва преференцияларнинг тақдим этилгани бозорда уларнинг устун мавқега эга бўлиб, бошқа тадбиркорлик субъектларининг бу борадаги имкониятини чеклашга олиб келаётганди. Эндиликда айни масалада ҳалол рақобат таъминланади.
Шунингдек, мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан республикага озиқ-овқат товарларини олиб кириш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференциялар тақдим этишни назарда тутувчи қарорларнинг қабул қилиниши тақиқланди. Бу талаблар бузилган ҳолларда айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
ИСТЕЪМОЛ ТОВАРЛАРИНИ БИРЖА ОРҚАЛИ ХАРИД ҚИЛИШ ВА СОТИШ МУМКИН
1 февралдан бошлаб истеъмол товарларини товар-хомашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб этилмайди. Бу норма ҳам Президентимизнинг “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.
Эндиликда истеъмол товарлари республика товар-хомашё биржаларида сотилади. Шунингдек, биржаларнинг очиқ электрон савдоларида сотиш учун (сотиб олиш) лицензия талаб қилинмайди. Улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 баравари ва пул маблағи 1200 баравардан кам бўлмаган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги илгариги талаб ҳам бекор қилинди.
ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА - ЯНГИ ТАЛҚИНДА
1 февралдан Президент виртуал қабулхонаси дастурий тизимининг янги талқини тест режимида ишга тушди.
Бу фуқароларнинг бевосита Президентимизга тўғридан-тўғри мурожаат қилишида ҳамда муаммонинг ўз вақтида ва тезкор кўриб чиқилишида янада катта қулайликлар беради. Хусусан, унда ҳар бир фойдаланувчига шахсий кабинет очиш, кўп бериладиган саволларга батафсил жавоб олиш, давлат органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ функция ва вазифалари тўғрисидаги маълумотга эга бўлиш ва шу каби қатор имкониятлар яратилган.
Бундан ташқари, давлат органлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари манзили, телефон рақамлари, электрон почтаси, геолокация маълумотлари, раҳбарларнинг қабул кунлари ва бошқа фойдали материаллар бир жойда жамланди.
Виртуал қабулхонадаги яна бир янгилик – мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида “Таъқиб ҳақида хабар” модули жорий қилингани бўлди. Агар кимда-ким ариза ёки шикоят билан мурожаат қилгани туфайли таъқибга учрайдиган бўлса, бу ҳақда махсус тугма орқали тезкор хабар бериши мумкин. Бундай хабарлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини жалб этган ҳолда устувор ва тезкор равишда кўриб чиқилади.
Шунингдек, фуқароларга осон ва аниқ мурожаат йўллаш имконини берувчи яна кўплаб қулайликлар яратилган.
Сайт манзили ўзгармаган – pm.gov.uz. Бунда “pm” қисқартмаси –“Президентга мурожаат” тарзида талқин қилинади.
ТЕЗ ТИББИЙ ЁРДАМ ҲАЙДОВЧИЛАРИГА УСТАМА ТЎЛАНАДИ
Жорий ойдан бошлаб тез тиббий ёрдам бригадалари ҳайдовчиларига уларга беморларни ташиш бўйича қўшимча равишда юклатилган функцияларни бажаргани учун, агар санитар штати мавжуд бўлмаса, тариф ставкасида 30 фоиз миқдорида устама тўланади.
Бу норма Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида келтирилган.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Президентимизнинг мазкур қарорида тез тиббий ёрдам хизматининг тезкорлиги ва сифатини ошириш, тез тиббий ёрдам муассасалари, уларнинг бўлимлари, бригадаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш, малакали тиббий кадрлар тайёрлаш тизимини яхшилаш каби қатор вазифаларни амалга ошириш белгиланган.
Шунингдек, бутун республика ҳудудида тез тиббий ёрдамни шошилинч чақиришга мўлжалланган туну кун ишлайдиган ягона телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этилади.
Бу борадаги муҳим жиҳатлардан яна бири, ҳужжатда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам барча тиббиёт ташкилотларида, шу жумладан хусусий тиббиёт ташкилотларида бепул кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилган. Уларга ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида бўлган шахсларга бундай ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаш тақиқланади.
“СКОТЧЛИ” ГАЗ БАЛЛОНЛАРИ ТАҚИҚЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 октябрдаги тегишли қарорига биноан, мамлакатимизда жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб автомобилларда композит қопламали (“СТГ-2”, “СТГ-3” ва “СТГ-4” туридаги) газ баллонларидан фойдаланиш тақиқланди.
Шунингдек, завод ускуналари бузилган “СТГ-1” баллонли транспорт воситаларини бошқариш ҳам жаримага сабаб бўлади.
Эндиликда, ўз автомобилида ушбу турдаги тақиқланган қурилмадан фойдаланган ҳайдовчиларга нисбатан фойдаланилиши тақиқланган транспорт воситаларини бошқариш тартибидаги жавобгарлик қўлланилади. Бу энг кам иш ҳақининг 5 баравари миқдоридаги жарима деганидир.
Мазкур тақиқ фақатгина Самарқанднинг “JV MAN Auto-Uzbekistan” заводида ишлаб чиқарилувчи, янги типдаги “СТГ-3” газ баллонларидан фойдаланиладиган “MAN А 22 CNG” автобусларига нисбатан амал қилмайди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, бу тақиқ юртдошларимиз “скотчли” ҳамда “капрон” баллон дея атайдиган мазкур турдаги газ баллонларининг хавфсизлик даражаси белгиланган талабларга жавоб бермаслигидан келиб чиқиб қўлланмоқда. Маълумотларга қараганда, ўтган вақт давомида 55 композит қопламали газ баллонининг портлаши натижасида 23 фуқаро тан жароҳати олган, 41 юртдошимиз ҳалок бўлган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ тайёрлади.