Меню

Қашқадарё

26.01.2023 6560

1 февралдан амалда

Анъанага мувофиқ, жорий йилда ҳам ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб-тамойиллар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил  1 февралдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар ҳақида тўхталамиз.

Заргарлик соҳаси маҳаллий саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантирилади

2026 йил 1 февралга қадар "Навоий кон-металлургия комбинати" АЖ ва "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ томонидан ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металларни биржа савдоларида сотишда заргарлик соҳасида 100 дан 300 тагача иш ўринларини яратган тадбиркорлик субъектларига - Лондон қимматбаҳо металлар бозори уюшмасининг эрталабки фиксинг нархининг 1 фоизи миқдорида, 300 дан 500 тагача иш ўринларини яратганларга - 2 фоизи миқдорида, 500 дан 1000 тагача иш ўринларини яратганларга - 3 фоизи миқдорида, 1 000 та ва ундан ортиқ иш ўринларини яратганларга - 4 фоизи миқдорида чегирма берилади.

Бу амалиёт Президентнинг "Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига асосан жорий этилади. 

Яна, айни шу ҳужжат билан ўрнатиладиган тартибга мувофиқ, қимматбаҳо металларни товар-хомашё биржаси орқали кечиктириб тўлаш шарти билан сотганда:

сотиб олинган қимматбаҳо металлар учун тўлов мажбуриятларини "Ўзмиллийбанк" АЖнинг кафолати билан бир қаторда бошқа банкларнинг кафолатлари ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигининг кафиллиги билан ҳам таъминлашга;

банк кафолатини заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам беришга;

тўлов мажбуриятларини таъминлаш мақсадида бериладиган банк кафолати бўйича хизмат ҳақини тарафларнинг келишувига асосан қатъий миқдордаги суммада белгилашга рухсат этилади.

Бундан ташқари, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларнинг хомашёга бўлган эҳтиёжини қоплаш ва фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида: а) тижорат банкларига заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга кредитлар ҳамда банк кафолатларини револьвер тарзда тақдим этиш;

б) "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖга:

заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар томонидан товар-хомашё биржаси орқали 100 фоиз олдиндан тўлов ёки кечиктириб тўлаш шарти билан сотиб олинган қимматбаҳо металларни "Ўзмиллийбанк" АЖ орқали етказиб бериш ва товар юкхатлари асосида ажратиш;

"Ўзмиллийбанк" АЖнинг Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги минтақавий филиаллари омборхоналарида заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчилар учун қулай бўлган шакл ва миқдорларда қимматбаҳо металлар захираларини яратиш тавсия этилган.

Шунингдек:

резидент ва норезидент жисмоний шахсларга - қиймати 100 миллион сўмгача бўлган тайёр заргарлик  буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 миллион сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида  Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга;

заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорларга - заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишга рухсат этилади.

Қарорда белгиланганидек, аффинаж корхоналари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилар қуйидаги ҳолларда махсус турдаги товарларни экспорт ва импорт қилиш учун лицензия олиш мажбуриятидан озод этилади:

қимматбаҳо металларни ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган хомашёни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштиришда;

божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган қимматбаҳо металлар ва таркибида қимматбаҳо металлари мавжуд бўлган хомашёни қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда.

2026 йил 1 январга қадар марварид, олмос, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларга (ТИФ ТН нинг 7101 - 7104 позициялари) импорт божхона божлари 0 фоиз этиб белгиланади.

Адвокатура фаолиятида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилади

Президентнинг "Адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида ўрнатилган тартибга мувофиқ:

адвокатлик тузилмалари томонидан адвокатларга муайян ишни олиб бориш учун бериладиган анъанавий шаклдаги ордер мақомига тенг бўлган махсус QR-код қўйилган "Электрон адвокатлик ордери"ни бериш амалиёти йўлга қўйилади.

Бунда:

адвокатлик тузилмаси томонидан ишонч билдирувчи шахс билан тузилган барча шартномаларнинг фақат реквизитлари (шартнома рақами ва унинг тузилган санаси) тўғридан-тўғри "Юридик ёрдам" ахборот тизимига киритилади ва бу QR-код қўйилган "Электрон адвокатлик ордери"ни олиш учун асос бўлади;

адвокат сўрови юборилган давлат органи ёки ташкилот, тегишли ишни кўриб чиқаётган суд ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан адвокатнинг муайян ишга ваколатлилигини аниқлаш муқобил равишда QR-код қўйилган "Электрон адвокатлик ордери" орқали ҳам амалга оширилиши имконияти яратилади.

Ордер муқобиллик асосида қоғоз шаклда расмийлаштирилганида, ушбу ордер ҳақидаги маълумотни "Юридик ёрдам" ахборот тизимига киритиш мажбурий ҳисобланади.

Адвокат сўрови шаклига қўйилган талаблар, шу жумладан, унга ордернинг кўчирма нусхасини илова қилиш, ордерни қайд этиш дафтарини юритиш талаблари бекор қилинади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!