Меню

Қашқадарё

27.01.2022 1378

1 ФЕВРАЛДАН АМАЛДА

Жамият эҳтиёжидан келиб чиқиб, аниқ мақсадларни ўзида мужассам этган турли меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши, мавжудларига ўзгартишлар киритилиши ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш учун ҳам муҳим. Бу, ўз навбатида, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлида қилинаётган ҳаракатлар шиддатини оширади ва аниқ соҳа, йўналиш, аҳолининг муайян қатлами ҳаёти, фаолиятига таъсир кўрсатади. Демак, жорий йилнинг 1 февралидан амал қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ўзгариш ва янгиликлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Ўзини ўзи банд қилиш мумкин бўлган фаолият турлари сони яна биттага кўпаяди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан: жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ўз хонадонида балиқ етиштиришни йўлга қўйишга рухсат берилади.

Шу кундан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар балиқчиликни интенсивлаштириш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва технологиялар (аэратор, бассейн, автокормушка, УЗВ) ҳамда қайта ишлаш ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган, бироқ даромадининг 80 фоизидан ортиғини ушбу ускуналарни ишлаб чиқаришдан оладиган субъектлар учун фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, уларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади;

балиқ етиштирувчи хонадон эгаларига ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкаси 50 фоиз миқдорида белгиланади.

"Ишга марҳамат" мономарказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун ўқув курслари ташкил этилади

Давлат раҳбарининг "Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланган талабларга кўра: ногиронлиги бўлган шахсларни ишга жойлаштириш учун туман (шаҳар)лар ҳокимларининг қарори билан белгиланган иш ўринларининг энг кам сони ва иш берувчилар томонидан иш ўринлари захирага қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг "Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексига кирувчи бўш (вакант) иш ўринлари миллий базасида реал вақт режимида акс этиб борилади.

Бунда, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан ногиронлиги бўлган шахснинг ишлаши тавсия қилинган касблар тўғрисидаги маълумотлар "Бандлик хизмати" ахборот тизимига электрон тарзда юборилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда барча ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларда ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар чоракда қисқа муддатли курсларни ташкил этади.

Бунда, қисқа муддатли курсларнинг ўқув дастурлари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни инобатга    олган ҳолда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ҳамда Ўзбекистон карлар жамияти билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Ишга марҳамат" мономарказларида ногиронлиги бўлган шахслар учун тавсия этилган ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, хорижий тил, компьютер саводхонлиги ва компьютерда дастурлаш асослари бўйича доимий равишда ўқув курсларини ташкил этади.

Бунда, ўқув курс (гуруҳ)ларини ташкил этишда ногиронлиги бўлган шахслар учун бино-иншоотларни мослаштириш, тегишли шарт-шароитларни яратиш, жиҳозлаш, ўқув қуроллари ва ўқув-методик материаллар билан таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда хорижий грант ва кредитлар ҳисобидан амалга оширилади.

Коррупцияга қарши курашиш ишлари самарадорлиги рейтинг асосида баҳоланади

Қатор давлат органлари ва ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган давлат ташкилотлари фаолиятида эксперимент тариқасида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади.

Бу ҳақда Президентнинг "Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида қайд этиб ўтилган.

Жумладан, мазкур рейтинг баҳолаш тизими дастлаб Адлия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Мактабгача таълим, Молия, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Халқ таълими, Қурилиш вазирликлари, божхона, солиқ, саноат хавфсизлиги, статистика қўмиталари ва яна еттита агентлик ҳамда тўртта маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи фолиятида жорий қилинади.

Улар фаолиятидаги коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳолаш: коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ҳамда амалиётга татбиқ этилганлиги; коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги; давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги; ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги; коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги йўналишлари бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 февралдан бошлаб:

Ҳукуматнинг "Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек: Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Халқ таълими вазирлигининг С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб икки йил давомида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда устама тўланади.

* * *

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган "Меҳр дафтари" тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан: "Меҳр дафтари"га киритилган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга оид маълумотларни "Электрон ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали аниқлаш йўлга қўйилади.

* * *

Вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими тугатилиб, ўрнига қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосар лавозими жорий этилади.

Бу ҳақда Президентнинг "Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилган.

* * *

Давлат раҳбарининг "Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан: тўлов ташкилоти, тижорат банкларининг электрон тўлов хизматлари (шу жумладан, мобиль иловалар орқали), шунингдек, электрон тижорат платформалари - "Маркетплейс"ларнинг ахборот тизимлари ёрдамида масофадан туриб амалга оширилган савдо ва пуллик хизматлар бўйича транзакцияларнинг ("P2P", кредит тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида солиқ органлари ахборотлар тизимларига интеграциялашган ва автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби ўрнатилади. 

* * *

Президентнинг "Давлат активларини хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш тўғрисида"ги фармонига кўра, давлат активини самарали бошқаришни ташкил этишда (хусусийлаштириш, ишончли бошқарувга бериш, хўжалик жамиятлари устав фондига киритиш, давлат активини тасарруф этиш ва бутлигини сақлаш билан боғлиқ бошқа ҳолатларда) баҳоловчи ташкилотлар хизматларининг бошланғич қийматини аниқлаш, уларнинг таклифларини баҳолаш ва танлаш тартиби жорий этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!