Меню

Қашқадарё

26.11.2021 1470

1 ДЕКАБРДАН АМАЛДА

Анъанага кўра, янги ой арафасида жорий йилнинг 1 декабридан амал қила бошлайдиган меъёрий-ҳуқуқий ўзгариш ва янгиликлар ҳақида маълумот берамиз. Зеро, улар жамиятимизда кечаётган ислоҳотлар изчил давом этаётганини ўзида акс эттириши билан бирга, бевосита ёки билвосита ҳаётимиз, фаолиятимиз, турмушумизга дахлдордир.    

Шартномавий муносабатларда мажбурий равишда олдиндан тўлов ва авансни белгилашга доир талаблар бекор қилинади 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан:

тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ;

давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларида мажбурий равишда олдиндан тўловни белгилашга доир талаб;

қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаб бекор қилинади.

Бунда, охирги икки бандда назарда тутилган олдиндан тўлов ва аванс шартнома тарафларининг келишувига мувофиқ белгиланади.

 Электрон рақамли имзо калити сертификатлари дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан ҳам берилади

Чет элда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шунингдек, хорижий жисмоний ва юридик шахслар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга электрон рақамли имзо калити сертификатларини Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан бериш орқали электрон давлат хизматларидан фойдаланиш имкони яратилади.

Бу "Давлат хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини такомиллаштириш ва аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармонида назарда тутилган.

Шунингдек, мазкур ҳужжатга биноан:

Ўзбекистон Республикасида доимий яшамайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини соддалаштирилган тартибда туман (шаҳар) миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида ҳамда давлат хизматлари марказларида амалга ошириш йўлга қўйилади;

лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатини бериш учун қонунчилик ҳужжатларида миллий валютада белгиланган тўловлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизигача миқдорда белгиланади (қонунчилик ҳужжатларида тўловлар белгиланмаган ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизидан кам миқдорда белгиланган ҳоллар бундан   мустасно). Бунда, QR-код қўйилган лицензия, рухсатнома, сертификат ва бошқа рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг дубликатларини бериш учун тўлов ундирилмайди.

Олий Мажлис палаталари мажлислари ва маҳаллий Кенгашлар сессиялари  жонли эфирга узатилади

Президентнинг "Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилганидек:

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш методикаси асосида ҳар йил якуни бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индекси аниқланади;

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда белгиланган тартибда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индексини аниқлаш бўйича чораларни кўради, натижаларни ўз расмий веб-сайтлари ва оммавий ахборот воситалари орқали оммага етказилишини таъминлайди;

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиялари (ёпиқ мажлислар бундан мустасно);

тарафларнинг розилиги билан фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамоат тартибига тажовуз қилувчи, аҳоли соғлиғини сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги, шу жумладан, давлат хизматчиларининг касбий фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга оид ишлар, шунингдек, айрим оилавий низоларга оид фуқаролик ишлари бўйича суд мажлислари (ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно)ни телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилади.

Ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан товар-транспорт ҳужжатларини рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади

Давлат раҳбарининг "Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида:

ветеринария ва фитосанитария органларининг товарларга тегишли ҳужжатларни текшириш ва расмийлаштириш вазифалари "Ягона дарча" божхона ахборот тизими ёки унга интеграциялашган ахборот тизимлари орқали амалга оширилади;

ветеринария ва фитосанитария органлари томонидан товар-транспорт ҳужжатларига муҳр босиш ва уларни рўйхатга олиш амалиёти бекор қилинади;

тўланадиган барча йиғимларни транспорт воситалари чегара пунктига киргунга қадар ягона ҳисобварақ асосида олдиндан тўлаш амалиёти жорий этилади.

Кўчма савдо жойи электрон аукционда сотилади

Президентнинг "Кўчма савдо фаолиятига ахборот технологияларини жорий этиш ва савдо автомати орқали чакана савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилаётган тартибга кўра:

кўчма савдо фаолияти тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда "K - SAVDO" автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бунда, тадбиркорлик субъектларидан рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди;

кўчма савдо жойи (хусусий мулкдорларга тегишли жойлардан ташқари) кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари бўйича "K - SAVDO" автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон аукционда сотилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб:

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳар йил якуни бўйича барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтингни эълон қилиш амалиётини жорий этади.

Бу ҳақда Президентнинг "Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилган.

Ушбу ҳужжат билан қурилиш соҳасида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида:

харид комиссиясининг маълумотлар ҳаққонийлигини текшириш ва иштирокчини харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатиш ваколатлари бекор қилинган.  

***

Давлат раҳбарининг "Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори билан ўрнатилган:

электрон тўлов тизимлари хизматлари ёрдамида амалга оширилган транзакцияларнинг ("P2P" тўловлари бундан мустасно) электрон чекларида солиқ органлари ахборотлар тизимларига интеграциялашган ва автоматик тарзда шаклланувчи фискал белгиларни мажбурий акс эттириш талаби кучга киради.

* * *

Президентнинг "Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича "Йўл харитаси" асосида институт ва ҳудудий марказлар профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг рейтинг тизими жорий этилади.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!