Меню
Қашқадарё
1 АВГУСТДАН АМАЛДА
Анъанага кўра, ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб ва нормалар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2024 йил 1 августдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.
Давлат раҳбарининг "Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан:
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар, кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари;
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидан имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар мактаблари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тузилмасига ўтказилади.
* * *
Президентнинг "Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига мувофиқ:
бошланғич нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлган давлат активларини, ер участкаларини ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг мулкларини сотиш ва ижарага бериш бўйича ўтказиладиган электрон онлайн-аукцион савдолари жараёнида, иштирокчилар томонидан учинчи қадамдан бошлаб шахсий ҳисобварағида камида уларнинг нарх таклифига нисбатан амалдаги закалат миқдоридаги суммага эга бўлиш тартиби киритилади. Бунда, ушбу маблағлар закалат сифатида ҳисобга олинади.
* * *
"Рақамли криминалистика соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент қарори билан Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Рақамли криминалистика илмий-тадқиқот институтига:
рақамли криминалистика бўйича суд экспертизалари ва тадқиқотларни ўтказиш;
жиноятларнинг рақамли изларини аниқлаш, олиб қўйиш, сақлаш ва тадқиқ қилиш ҳамда ўрганилган маълумотлар бўйича хулосалар тайёрлаш;
рақамли криминалистика соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларни замонавий рақамли криминалистика экспертиза турлари бўйича масофавий ва анъанавий тарзда ўқитиш;
рақамли криминалистика фаолиятини амалга ошириш ҳамда махсус криминалистика лабораториялари ишини самарали ташкил этиш учун шартнома асосида малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш;
илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари доирасида ҳамда техник восита ва бутловчи эҳтиёт қисм сифатида фойдаланиш учун Ички ишлар вазирлигида юритиладиган рақамли ахборот ташувчи қурилмалар (мобил телефон, смартфон, планшет, компьютер техникаси, видеорегистратор, қаттиқ диск, флеш хотира ва ташқи жамлагичлар) коллекциясидан фойдаланиш;
илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бориш учун зарур бўлган статистик ва бошқа ахборотни вазирликлар ва идоралардан бепул асосда сўраб олиш ҳуқуқлари берилади.
* * *
Барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндилари тўлиқ ҳажмда муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун йўналтирилади.
Бу талаб давлат раҳбарининг "Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилган.
Инвестиция лойиҳаси амалга ошириладиган ҳудудларда жойлашган барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндиларини Лойиҳа компаниясига тўлиқ етказиб бериш бўйича талабга риоя этмаслик санитар осойишталик ва чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш давомида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик ҳисобланади.
* * *
Президентнинг "Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланганидек:
хавфлилик омили III - IV тоифа бўлган объектларни ҳудуднинг зилзилалар кучини кўрсатиб берувчи минтақавий акселерограммалар базаларидан келиб чиқиб лойиҳалаш ва қуриш тартиби жорий этилади.
* * *
Давлат раҳбарининг "Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан:
Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига улар томонидан ёлланган тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиларига 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотларида ушбу ходимлар учун белгиланган миқдорларда иш ҳақи тўлаш;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг 1 ва 2-тоифадаги туман (шаҳар)ларида фаолият юритаётган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига улар томонидан ёлланган тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиларига 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотларида ушбу ходимлар учун белгиланган иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида ҳақ тўлаш;
уларда таълим олаётган ҳар бир болани давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган нормативлар бўйича овқатлантириш, юмшоқ жиҳозлар (матраслар, ёстиқлар, кўрпалар, чойшаблар, кўрпа ва ёстиқ жилдлари, ёпинғичлар, қоп-кўрпа) ҳамда дори-дармонлар билан таъминлаш харажатларининг 75 фоизини қоплаш;
2024 йил 1 августдан 2025 йил 1 январга қадар 3-тоифадаги туман (шаҳар)ларда фаолият юритаётган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларга улар томонидан ёлланган тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчиларига 9 соатлик давлат мактабгача таълим ташкилотларида ушбу ходимлар учун белгиланган иш ҳақининг 90 фоизи миқдорида ҳақ тўлаш;
уларда таълим олаётган ҳар бир болани давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган нормативлар бўйича овқатлантириш, юмшоқ жиҳозлар (матраслар, ёстиқлар, кўрпалар, чойшаблар, кўрпа ва ёстиқ жилдлари, ёпинғичлар, қоп-кўрпа) ҳамда дори-дармонлар билан таъминлаш харажатларининг 90 фоизини қоплаш юклатилади.
Ҳукуматнинг "Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини замонавий рақамли технологиялар ёрдамида соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига ана шу харажатлар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан мутаносиб тарзда субсидиялар тўланади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.