Меню

Қашқадарё

27.07.2023 3522

1 АВГУСТДАН АМАЛДА

Одатдагидек ҳар янги ой арафасида муштарийларни тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жорий этилаётган ёки ўзгартирилаётган муҳим тартиб-тамойиллар билан таништириб боришда давом этамиз. Бу гал 2023 йил 1 августдан амалга киритиладиган бир қатор янгиликлар хусусида тўхталамиз.

Ахборот технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимларга қўшимча равишда устама тўланади

Президентнинг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида рақамли технологиялар соҳасида давлат  бошқарувини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида белгиланганидек:

давлат органларида рақамли технологияларни жорий этишга доир лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига иқтисод қилинган маблағларнинг 50 фоизи келгуси молия йилида мазкур давлат органлари фаолиятида рақамли технологияларни ривожлантиришга йўналтирилади.

Устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотларга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш натижасида иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан лойиҳа учун бевосита масъул ходимларни моддий рағбатлантириш механизмини жорий этиш тавсия этилган.

Бундан ташқари, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги халқаро сертификатга эга бўлган давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш учун масъул ходимларига ўрнатилган устамаларга қўшимча равишда ташкилотларнинг бюджетдан ташқари ва иш ҳақи фонди доирасидаги бюджет маблағлари ҳисобидан лавозим маошига нисбатан 20 фоиз миқдорда устама тўланади.

Рақамли технологиялар вазирлигининг ахборот технологиялари ҳамда рақамли хизматлар жорий этилиши ҳолатини баҳолаш рейтинги билан қамраб олинмаган давлат органлари раҳбарларининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарларига ушбу идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг 30 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланади.

Хавф-хатарлик даражаси II - IV тоифа бўлган янги қурилиш объектлари смета қийматини шакллантиришда қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш харажатлари ҳам кўзда тутилади

Давлат раҳбарининг "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони асосида ўрнатилаётган тартибга мувофиқ, хавф-хатарлик даражаси II - IV тоифа бўлган янги қурилиш объектларининг:

 лойиҳа ҳужжатларининг архитектура қисми Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари билан келишилади;

смета қийматини шакллантиришда қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш харажатлари ҳам кўзда тутилади;

қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишда қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш ва полигонларга жойлаштириш бўйича шартнома тузиш мажбурияти белгиланади.

Тезкор илмий ечимни таъминлаш талаб этиладиган йўналишлар бўйича қисқа муддатли мақсадли амалий ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш тартиби жорий этилади

Президентнинг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан йўлга қўйиладиган тартибга кўра:

а) фундаментал лойиҳалар бўйича - хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ва лойиҳа мавзуси йўналишида муҳим натижаларга эришган, "Scopus" ва "Web of Science" халқаро илмий маълумотлар базаларида "Хирш" индекси 5 ва ундан юқори бўлган етакчи олимлар ҳам раҳбар сифатида жалб қилинади;

б) янги ишланмалар асосида инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича:

Инновацион ривожланиш агентлиги тармоқ ташкилотларининг инновацияларга (янги ишланма ва технологияларга) бўлган эҳтиёжлари асосида тижоратлаштириш лойиҳаларини ва инновацион "спин-офф" корхонаси лойиҳасини танлов асосида аниқлайди;

танлов натижаларига кўра ғолиб деб топилган тижоратлаштириш лойиҳалари ва инновацион "спин-офф" корхонаси лойиҳаси Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

инновацион маҳсулотларни келгусида сериялаб саноатда ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида танлов натижаларига кўра молиялаштирилган ҳар бир тижоратлаштириш лойиҳаси ва инновацион "спин-офф" корхонаси лойиҳаси ҳамда якунланган илмий лойиҳалар тегишли тармоқ корхонасига бириктирилади;

в) тезкор илмий ечимни таъминлаш талаб этиладиган йўналишлар (юқумли касалликлар, техноген ҳолатлар, иқлим ўзгариши ва табиат ҳодисаларига оид, микроэлектроника технологиялари) бўйича 1 йилгача бўлган қисқа муддатли мақсадли амалий ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш тартиби жорий этилади.

Туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида тиббий психолог штати очилади

Давлат раҳбарининг "Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан:

туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг туман (шаҳар) бўлинмалари штатларини қисқартириш ҳисобидан - тиббий психолог;

стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида - суицидолог;

стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида - амалдаги штатлар доирасида қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари жорий этилади.

Шунингдек, 2023 йил 1 августдан бошлаб:

Президентнинг "Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига асосан, солиқ тўловчилар томонидан ёшидан қатъи назар фарзандларининг Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларида таълим олишлари учун йўналтириладиган тўловлар солиқ солинмайдиган даромадлар тоифасига киритилади.

*  *  *

Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига ер усти сувларидан фойдаланиш ва сув истеъмоли қоидаларини ҳамда сув олиш тартибини бузиш ҳолатлари бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш, шунингдек, жисмоний шахсларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ваколати берилади.

Бу ҳақда Президентнинг "Маъмурий ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида қайд қилинган.

*  *  *

Давлат раҳбарининг "Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўрсатиб ўтилганидек, ёшларга компьютер харидлари учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан микроқарз шаклида ҳамда "Ёшлар дафтари" ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги жамғармалари ҳисобидан бериладиган субсидия маблағларини ижтимоий контракт асосида ёшлар хоҳишига кўра алоҳида очилган банк картасига (нақдлаштириш имкониятисиз) ўтказишга рухсат берилади.

*  *  *

Президентнинг "Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори талабига кўра, алкоголь маҳсулотларининг товар белгилари белгиланган тартибда Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг мавжудлиги алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун лицензия талаби ҳисобланади.

*  *  *

Республика ҳудудидаги дарё ва каналларда босимсиз ишлайдиган инновация технологияларини кенг жорий этиш орқали қўшимча электр энергиясини ишлаб чиқариш бошланади.

Бу ҳақдаги кўрсатма Президентнинг "Гидроэнергетика соҳасини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида мавжуд.

*  *  *

Ҳукуматнинг "Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида айтилганидек, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларини ишлаб чиқарувчи ёки махсус савдо ташкилотларида харидорларга сотилган янги техникалар учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳужжатлар билан бирга Ўзагроинспекцияда рўйхатдан ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган "Ҳисоб-маълумотнома" бериш амалиёти жорий этилади.

lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!