Меню
Қашқадарё
1 АПРЕЛДАН АМАЛДА
Тараққиёт сари қатъий илдамлаётган мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга янада кенг йўл очиш ва халқ фаровонлигини таъминлаш учун аниқ мақсадларни ўзида мужассам этган турли меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, қабул қилиш, амалдагиларига ўзгартишлар киритиш салмоғи қайсидир маънода кўзланган натижаларга эришиш борасида қилинаётган ҳаракатлар шиддатини ўзида акс эттиради. Хусусан, жорий йилнинг 1 апрелидан амал қиладиган меъёрий-ҳуқуқий ўзгариш ва янгиликлар ҳам талай бўлиб, бевосита жамият, қайсидир соҳа, йўналиш, аҳолининг муайян қатлами ҳаётига оидлиги билан аҳамиятли.
Янги нафақа тури жорий этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан:
меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда - 440 минг сўмдан 622 минг сўмгача оширилади.
Шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм миқдорида нафақа тўлови жорий этилади.
Бунда, парваришлаш нафақаси фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.
Тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори оширилади
Тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади.
Бу ҳақда Президентнинг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда “Ҳунарманд” уюшмаси қошидаги ҳунармандчилик марказларида камида 40 фоиз тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жойлаштирилади.
Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган, шу жумладан, “аёллар дафтари”, “ёшлар дафтари” ва “темир дафтар”га киритилган, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етган уй-жойга муҳтож хотин-қизларни ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик жойлаштириш учун ижтимоий уй-жойларни “Халқпарвар” комиссиялари билан келишган ҳолда иккиламчи уй-жой бозоридан сотиб олишга рухсат берилади.
Боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг:
фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади;
3 ёшгача бўлган фарзандлари учун нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат бюджетидан субсидиялар белгиланган тартибда ажратилади;
тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат мактабгача таълим ташкилотларига 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади;
кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида мактабгача таълим ташкилотини ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Фармацевтика: маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар кафолатли харид қилинади
Давлат раҳбарининг “2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан:
фармацевтика маҳсулотлари харидларига ажратилиши режалаштирилган Давлат бюджети маблағлари миқдори доирасида маҳаллийлаштириладиган фармацевтика маҳсулотларини уч йил муддатга шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш механизми жорий этилади;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларга тузилаётган кафолатли харид қилиш шартномалар доирасида олдиндан бўнак тўловларини ўтказишга рухсат берилади.
Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган янги фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш чекланмаган муддатга амалга оширилади, аввал берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномалар, уларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмасдан 15 кун муддатда амал қилиши муддатсиз бўлган гувоҳномаларга алмаштириб берилади;
фармацевтика соҳасида янги ишлаб чиқарувчи корхоналар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари мос равишда “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”, “Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)” ва “Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP)” талабларига мувофиқ равишда ташкил этилади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товарларини хорижда сертификатлаштириш
харажатларининг 50 фоизи қопланади
Президентнинг “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ўрнатилган тартибга кўра, ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўшма молиялаштириш йўналишида Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси маблағлари қуйидагиларга:
ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга қаратилган лойиҳаларнинг маркетинг тадқиқотлари, лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш жараёнларида технологик кўмаклашиш, хорижий мутахассислар ва консалтинг компаниялари томонидан жиҳозларни ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни молиялаштиришга;
тендерлар ёки технология лицензиарларининг энг яхши таклифларини танлаш асосида аниқланадиган замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар қийматининг 50 фоизини қўшма молиялаштиришга;
ички бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўшма молиялаштириш йўналишида инвестиция шартномалари доирасида жалб қилинган хорижий инвесторларнинг маблағлари, биринчи навбатда, илмий тадқиқотлар ва тижоратлаштиришга тайёр бўлган технологиялар трансферини қўшма молиялаштиришга йўналтирилади.
Яна, ҳужжатда қайд этилганидек, тармоқлараро кооперацияни қўллаб-қувватлаш соҳасида трансферга тайёр илмий ишланмалар ва технологияларни тижоратлаштириш мақсадида Электрон кооперация портали орқали сотишга рухсат берилади;
маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларини хорижда сертификатлаштириш харажатларининг 50 фоизи, лекин 20 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда, тасдиқловчи ҳужжатлар асосида Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Республика ҳудудида аввал ишлаб чиқарилмаган, маҳаллий корхоналар томонидан ўзлаштириладиган маҳсулотларни давлат органлари ва устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар томонидан ўрта муддатли шартнома тузиш орқали кафолатли харид қилиш тизими жорий этилади. Бунда, давлат органлари ва устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга ўзининг импорт маҳсулотларга талаби асосида мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотларни ўзлаштираётган корхоналар билан олдиндан белгиланадиган муддат давомида кафолатли харид қилиш тўғрисидаги шартномаларни тузиш ҳамда олдиндан бўнак тўловларини ўтказишга рухсат берилади.
Шароити оғир ва кам таъминланган кексаларнинг зарур дори воситалари олиб берилади
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси маблағлари ҳисобидан санаторийларда бепул соғломлаштирилади.
Бу амалиёт Президентнинг “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, ҳужжатда жамғарма маблағлари ҳисобидан шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланиши;
оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилиниши белгилаб қўйилган.
Яна жамғарма маблағлари ҳисобидан кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун (базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан ошмаган ҳолда) абонемент харажатлари;
давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.
Дарахт кесиш ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувлар учун мукофот бор
Давлат раҳбарининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:
аҳоли томонидан Ички ишлар вазирлиги ва Давлат экология қўмитасининг махсус ахборот тизимига юборилган, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги фотосурат ва видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари акс эттирилган фотосурат ва видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади;
ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараварига тенг миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади. Бунда, ҳуқуқбузарлик тегишли органлар томонидан бевосита аниқлангандан сўнг келиб тушган хабарлар бўйича рағбатлантириш амалга оширилмайди;
рағбатлантириш ҳуқуқбузарлик бўйича биринчи хабар берган шахсга нисбатан қўлланилади.
Шунингдек, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
Ҳукуматнинг “Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш жараёнига ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан: “UzAuto Motors” АЖ томонидан автомототранспорт воситасини харид қилиш бўйича шартнома тузган шахсга автоматик равишда расмийлаштириладиган ҳисоб-маълумотни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хизматига фақат электрон шаклда тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.
Бундан мазкур субъект ишлаб чиқараётган машиналарни сотиб олиш жараёнида коррупция ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали ушбу жараёнда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсади кўзланган.
***
Маҳаллий эмитентларга ўз акцияларини дастлаб “Тошкент” РФБда жойлаштиргандан сўнг андеррайтер тавсиясига кўра уларни хорижий фонд бозорларида ёки бир вақтда маҳаллий ва хорижий фонд биржаларида жойлаштириш ҳуқуқи берилади.
Бу ҳақда Президентнинг “Капитал бозорини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори кўрсатилган.
***
Президентнинг “Давлат муассасаларини ислоҳ қилишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кўрсатмасига биноан:
вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз расмий веб-сайтларида ўзларининг таркибига кирувчи давлат муассасаларининг номи, фаолият тури, функция ва ваколатлари ҳамда раҳбарлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштиради ва унинг доимий равишда янгилаб борилишини таъминлайди;
давлат муассасаларининг ҳудудлар ва юқори турувчи органлари кесимидаги маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлигининг веб-сайтига жойлаштирилади;
Очиқ маълумотлар порталида фойдаланувчилар учун қулай форматларда кўриш имкониятини яратган ҳолда муассасаларнинг юқори турувчи ташкилоти, кўчмас мулк объектлари, қурилиши тугалланмаган объектлар ва автотранспорт воситалари, режалаштирилган ва амалга оширилган харажатлар таркиби ҳақидаги ва бошқа маълумотларни (бундан тижорат сири мавжуд ёки чекланган ҳолда тарқатиладиган маълумотлар мустасно) эълон қилиш амалиёти жорий этилади.
***
Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек: давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликлар ҳолатлари тўғрисида Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекциясига “Давлат аудити” дастурий комплекси орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ушбу маълумот асосида молиявий текширувлар жараёнида аниқланиб, давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан мукофот тўланади.
***
“Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва мақсадли кузатишни таъминлаш учун қуйидагиларни назарда тутувчи тиббий кузатув ва патронажнинг янги модели жорий этилади: оилавий шифокорларни эндокрин касалликларни ташхислаш ҳамда даволаш бўйича қайта тайёрлаш; эндокрин касалликлар мавжуд оилаларга махсус тайёргарликдан ўтган патронаж ҳамширасини бириктириш; патронаж ҳамшираси томонидан эндокрин касаллиги бўлган, умумий ҳолати қониқарли ёки хавф гуруҳидаги аҳолини эрта аниқлаш ва дифференциаллашган ёндашув асосида кузатиб бориш; тиббий кузатув натижалари бўйича хавф омиллари юқори бўлган беморларни шифокор олди кўриги хоналари ҳамширалари ҳамда оилавий шифокорларга йўналтириш; эндокрин касалликлар бўйича хавф гуруҳига кирувчи беморлар устидан доимий кузатув ўрнатиш мақсадида барча тиббиёт бригадаларини глюкометр ва махсус тест япроқчалари билан таъминлаш; ташхислаш ва даволаш мақсадида беморларни бир кунлик диагностик стационар кузатиш.
***
Жисмоний шахсларнинг аҳоли хонадонларида балиқ етиштириш йўналиши бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларини қоплаш учун Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробаридан ошмаган миқдорда бир марталик субсидия ажратилади;
“Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасига аъзо корхоналар томонидан хорижий мамлакатлардан балиқчилик соҳаси эксперт ва мутахассисларини жалб қилиш харажатлари ҳамда уларнинг бир йиллик иш ҳақи миқдорининг 50 фоизигача, бироқ ойига 1 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган қисми Балиқчиликни ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади.
Президентнинг “Балиқчилик тармоғини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ўрнатилган ушбу тартиб 2025 йил 1 январга қадар амал қилади.
lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди.